Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:03

Судланаётганлар орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам бор


Қозоғистонда террорчилик амалиётлари режалаштиришда айбланиб, Чимкентда устидан ёпиқ суд ўтказилаётган 15 судланувчи орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам борлиги маълум бўлди.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари айбланувчилар Исломий жиҳод иттифоқига аъзоликда гумон қилинаётганини билдирган. Лекин бу хабарларда судланувчилардан бири Ўзбекистон фуқароси экани тўғрисида маълумот йўқ. Буни суд ёпиқ ўтказилаётгани ва расмийлар ҳозирча бу борада журналистларга бирор маълумот беришга ошиқмаётгани билан изоҳлаш мумкин.

Судга тортилган 15 кишидан бири Ўзбекистон фуқароси эканини москвалик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Виталий Пономарёв тасдиқлади.

В.Пономарёвнинг айтишича, тергов фаразига кўра, Ўзбекистон фуқароси Исломий жиҳод иттифоқига аъзоликда айбланмоқда. Бироқ унинг исм-шарифи ва Ўзбекистоннинг қаеридан экани номаълумлигича қолмоқда.

Москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси Исломий жиҳод иттифоқи ҳақида ҳам қисқача маълумот берди.

“Исломий жиҳод иттифоқи Ўзбекистон исломий ҳаракатидан тахминан 2002 йилда ажраб чиққан. Ҳозиргача бу ташкилотнинг 2004 йилда Ўзбекистонда амалга оширилган террорчилик амалиётларига жавобгарлиги айтиб келинади. Лекин айтиш жоизки, бу ташкилот ҳақида маълумотлар жуда кам. Чунки ташкилот етакчилари интервью беришдан ёки оммавий чиқишлардан ўзини олиб қочади. Бундан тахминан 2 йил аввал ҳам Қозоғистонда Исломий жиҳод иттифоқига аъзо бир неча киши устидан суд бўлиб ўтган эди. Аммо аввалги суд мажлисининг ҳам ёпиқ ўтказилгани боис, биз бу ташкилот ва унга аъзоликда айбланган кишилар ҳақида маълумот олиш имконидан маҳрум бўлганмиз”,- деди В.Пономарёв.

У Исломий жиҳод иттифоқига аъзоликда айбланаётган ўзбекистонликнинг Қозоғистонда пайдо бўлиши масаласига ҳам ойдинлик киритди.

“Айблов томони фикрича, у Покистонда бўлган. Маълумки, Исломий жиҳод иттифоқининг базаси Покистонда. У қалбаки тожик паспорти орқали Эрон ва Қирғизистон орқали Қозоғистонга келган. Илгари халқаро қидирувда бўлган. Қайтариб айтаман, бу айблов хулосаси. Ўйлашимча, халқаро қидирувга берилган кишиларнинг ҳаммаси ҳам жиноятчи ёки террорчилар эмас”,- деди инсон ҳуқуқ ҳимоячиси.

Унинг таъкидлашича, Жанубий Қозоғистонда 15 устидан суд ёпиқ ўтаётгани боис, ҳуқуқ ҳимоячилари асл вазиятни баҳолаш имкониятидан маҳрумдир. Бу эса айбланувчиларнинг кейинги тақдири номаълумлигича қолишидан хавотир уйғотади. Судланаётган Ўзбекистон фуқаросининг эса ўз юртига экстрадиция қилиниши ҳақиқатга яқин.
XS
SM
MD
LG