Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:20

Қўшиқчи журналистлар билан ярашди


Тожикистонлик қўшиқчи Райҳона Раҳимова шаънини ҳақоратлаш айби билан “Овоза” мустақил газетаси мухбирлари устидан 7 ой давом этган суд жараёни журналистлар учун мақбул якун топди.

“Райҳона Афғонистон пи пи пи” мақоласи муаллифлари Фарангиз Набиева, Муҳайё Нозимова ва Саида Қурбоновани судга берган Р.Раҳимова ўз даъвосидан воз кечиб, журналистлар билан ярашишга рози бўлди. Прокурор ва судья бу таклифни ижобий қабул қилди.

Хонанданинг адвокати Баҳодир Исматзоданинг билдиришича, Райҳона журналист қизларнинг ёшлигини эътиборга олган.

“Тажрибасизлиги, қолаверса, шундай бир асоссиз далилли мақолани ёшлик қилиб чоп этганини назарга олиб, Райҳона журналистларни кечирди ва улар билан ярашишга қарор қилди”,- деди адвокат.

Бироқ “Овоза” газетасининг собиқ бош муҳаррири Саида Қурбонова даъвогар журналистлар ёшлиги ёки тажрибасизлиги учун эмас, балки қўйилган айблар асоссизлигини тушуниб етгани учун ҳам уларни кечирган, деб ҳисоблайди.

“Мақолада биз Райҳонани умуман ҳақоратлаганимиз йўқ. Шунчаки унга тожикча урф-одатларга ўзга давлатларда ҳам риоя қилишни маслаҳат берганмиз, холос. Бугунги суд қарорини мен одилона, деб биламан ва бу тожикистонлик журналистлар ҳуқуқларини ҳимоялаш сари илк олға қадам ҳисоблайман”,- деди Саида Қурбонова.

Тожикистон журналистлари миллий уюшмаси раиси Нуриддин Қаршибоев Саиданинг гапида жон борлигини таъкидлади.

“Бу журналистлар устидан очилган жиноят иши жорий қонунларга зид экани ва бу Тожикистонда сўз эркинлиги чекланаётганининг амалдаги исботи эканини аввалдан айтганмиз. Биз журналистларнинг ёзганлари қонун доирасида экани ва албатта, улар ғолиб келишига ишонган эдик”, - деди Нуриддин Қаршибоев.

Мустақил кузатувчилар эса мазкур суд жараёни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи хорижий ташкилотлар, кўп сонли журналистлар ҳамда жамоатчилик диққат марказида бўлиб тургани сабабли ҳам журналистлар ғолиб келганини таъкидламоқда.

“Лингвистик экспертиза ҳам мақолада қўшиқчига нисбатан ҳеч қандай таҳқир ва ҳақорат ишлатилмаганини тасдиқлади. Шунинг учун ҳам жабрланувчи ва унинг тарафдорларининг ярашиш таклифини киритишдан ўзга иложи қолмаган эди”,- дейди мустақил журналист Хуршид Атоулло.

Унинг сўзларига кўра, “Овоза” ходимлари устидан асоссиз очилган жиноят иши журналистлар фойдасига ҳал бўлгани Тожикистонда сўз эркинлигини бўғишга уринаётган ҳуқуқ-тартибот идораларининг айрим ходимлари учун бир сабоқ бўлган.

Қайд этиб ўтиш жоизки, журналистлар устидан очилган жиноят иши юзасидан ўтказилган суд жараёнида жабрланувчи ярашиш таклифини киритаётгани илк маротаба кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG