Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:29

АҚШ расмийлари Медведевни яқиндан ўрганди


АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс ва мудофаа вазири Роберт Гейтс Россияда АҚШнинг Марказий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизимини жойлаштириш режаси ва бошқа масалаларда музокаралар ўтказди.

К.Райс ва Р.Гейтс рус мухолифати вакиллари билан учрашувдан сўнг Россия ташқи ишлар ва мудофаа вазири билан мулоқотда бўлди.

18 март куни давлат котиби “Яблоко” партияси раҳбари Григорий Явлинский ва ўтган йилги сайловда парламентдаги ўрнини йўқотган мустақил собиқ депутат Владимир Рижков билан нонушта қилди. К.Райс Кремлнинг ашаддий танқидчиси, собиқ бош вазир Михаил Касьянов ва мухолифат коалицияси раҳбарларидан бири, шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони Гарри Каспаров билан учрашмади.

К.Райс ва Р.Гейтснинг Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва мудофаа вазири Анатолий Сердюков билан учрашувлари чоғида ракета ҳужумидан мудофаа ва оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик муҳокама қилинди.

АҚШнинг ракета ҳужумидан мудофаа тизимининг бир қисмини Шарқий Европага жойлаштириш режаси хусусидаги музокаралар сўнгги ойларда боши берк кўчага кириб қолган.

“Бу ташрифдан мақсад халқаро ҳамжамият ва икки давлат раҳбарларига мулоқот давом этаётганини намойиш қилишдан иборат. Ўзаро муносабатларга путур етмаслик учун томонлар сўзлашув жараёнини давом эттиришдан, шунингдек, Россия-АҚШ муносабатлари яхшиланишига туртки беришдан манфаатдор эканини кўрсатишдан иборат”, – дейди Вашингтондаги “Ҳеритейж” жамғармасининг Москвадаги бўлими раҳбари Евгений Волк.

Протоколга мувофиқ ҳозирги учрашув Вашингтонда бўлиб ўтиши керак эди. Ўтган йили ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари ўртасида Москвада сўзлашув бўлиб ўтган. Бироқ расмийлар Москвада иккинчи марта музокара ўтказиш Россияга янги президент этиб сайланган Дмитрий Медведевнинг дўстона давлатда сўзлашув ўтказиш тажрибаси ортишига имконият яратади, деган фикрда.

Е.Волк фикрича, К.Райс ва Р.Гейтс Россияни келаси тўрт йил давомида бошқарадиган шахс қандай эканини яқиндан билишга қизиқмоқда.

Душанба куни АҚШ расмийлари Россия президенти Владимир Путин ва Дмитрий Медведев билан учрашган эди.

Евгений Волк учрашувлар қандай муҳитда ўтишидан қатъи назар, унинг натижаси ўзгаришсиз бўлади, деган фикрда.

“Менимча, биз сўзлашув оҳангидаги айрим ўзгаришлар ҳақида гапиришимиз мумкин. Чунки Медведев авввалгидек тажовузкор ва қаттиқ позицияда эмас. Аммо нисбатан мулойим оҳангда музокара юритиш тактикаси Россия ўз позициясини ўзгартиради, деган гапни англатмайди. Аксинча, мен Россия позицияси ўзгаришсиз қолади, деб ўйлайман”, – деди Евгений Волк.
XS
SM
MD
LG