Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:39

Газ етказиб бериш яна қисқарди


“Тожикгаз” компанияси “Ўзтрансгаз” ширкатидан қарзини уза олмаётгани сабабли Ўзбекистон қўшниси Тожикистонга етказиб берилаётган табиий газ ҳажмини яна қисқартирди.

“Тожикгаз” берган маълумотларга кўра, Ўзбекистон томони бундан бир ҳафта илгари соатига 30 минг куб метр табиий газ етказиб турган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 28 минг куб метрдан ошмайди.

“Тожикгаз” вакили Одилжон Салимжонов ўз корхонасининг “Ўзтрансгаз”дан қарзи ошиб кетиши ва газ қисқартилишига “Барқи тожик” компаниясини айблади.

Унинг айтишича, “Барқи тожик”нинг “Тожикгаз”дан қарзи туфайли сўнгги икки ой давомида газ идораси 3 миллион доллар миқдорида зарар кўрган.

“Икки ойдирки, “Барқи тожик” корхонамиздан олган газ пулини тўламай келмоқда, айни кунда бу ширкат биздан 7 миллион доллар қарз. У қарзини тўлашни кечиктираётгани сабабли биз ҳам “Ўзтрансгаз” олдидаги 8 миллион доллар қарзимизни уза олмаяпмиз”,- деди О.Салимжонов.

У газ ҳажми қисқаргани сабабли ўз корхонаси қишки мавсумга тайёргарлик ишларини бошлай олмаётганини таъкидлаб: “Газ етказиб бериш қисқариши оқибатида бир қанча саноат корхоналари, хусусан, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги учун минерал ўғитлар тайёрлаб берувчи “Тожиказот” ширкати фаолияти тўхтади”,- деди.

Қайд этиш жоизки, газ етказиб бериш ҳажми қисқаргани сабабли бундан 10 кун аввал “Тожиказот” фаолияти тўхтатилиб, 1500 ишчидан 500 нафари мажбурий меҳнат таътилига чиқариб юборилган эди. “Тожиказот” раҳбари Тоҳирхон Ғозиев мавжуд муаммо юзасидан ҳукуматга ва “Тожикгаз”га мурожаат этгани, аммо улар бефарқ қолаётганини билдирганди.

Айни экин мавсумида мамлакатнинг айрим туманларида деҳқонлар сув тақчиллигидан қийналиб турган бир пайтда уларга минерал ўғит муаммоси ҳам қўшимча бўлди. Ваҳдат туманилик деҳқон Абдураҳмон ота ҳозир бир қоп минерал ўғит 100 сомонийдан (тахминан 30 доллар) пулланаётганини айтди.

Маҳаллий таҳлилчилар фикрича, энергетика ва табиий газ тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар сабабли мамлакатдаги саноат корхоналарининг 90 фоизи фаолиятдан тўхтатилгани хорижий сармоядорларнинг Тожикистонни тарк этишига туртки бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG