Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:27

Жорж Буш демократлар танқидига учради


Исроил давлати ташкил этилганининг 60 йиллиги муносабати билан қилган чиқишида Жорж Буш президент сайловида Демократик партиядан номзодликка даъвогар бўлган Барак Обамани фашистларга қиёслагани учун танқидга учради.

“Баъзилар биз террорчи ва радикаллар билан музокара ўтказишимиз керак, деб ўйлайди. Бу умуман нотўғри қараш. Биз бундай аҳмоқона янглиш фикрни олдин ҳам эшитганмиз. Фашистлар танклари 1939 йилда Польша ҳудудига бостириб кирганда бир америкалик сенатор: “Худойим, агар мен Гитлер билан гаплашганимда бундай воқеалар бўлмасди”, деган эди. Бу ўз-ўзини ёлғондан юпатиш, деб аташ бизнинг вазифамиз. Қайсики, бу тарихда бир неча бор рад қилинган”, – дея баёнот берган эди Жорж Буш.

Демократлар президент бу ўринда Барак Обамани фашистларга қиёслади, деб тушунмоқда. Чунки партия номидан президентликка номзод бўлиш учун даъвогарлик қилаётган Барак Обама Эрон каби душман давлатлар раҳбарлари билан учрашиш истагини билдирган эди.

Б.Обаманинг партиядоши сенатор Жозеф Байден Жорж Бушнинг гапини “абсурд”, деб атади. Б.Обама эълон қилган баёнотда террорчилар билан мулоқотда бўлишни у ҳеч қачон қўллаб-қувватламагани билдирилган.

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси раиси Нэнси Пелоси эса Жорж Буш ўз мансабига ярашмайдиган гап гапирганини таъкидлади.

“Президент хорижга сафар қилаётган пайтда уни танқид қилмаслик бўйича бизда протокол бор, норасмий урф-одат бор. Ўз навбатида, одамлар президент ҳам шундай қилади, яъни хорижга сафари пайтида у америкаликларни танқид қилмайди, деб ўйлаши мумкин. Менимча, Исроилда президент ўз мансабига ярашмайдиган, президент даражасидан паст гапни гапирди. Мен мамлакатимизда раҳбарлик лавозимига интилаётган ҳар қандай жиддий шахс президентнинг бу гапидан ўзини узоқ тутишига умид қиламан”, – деди Нэнси Пэлоси.

Афтидан, Пелоси хоним бу гапни Республикачилар партиясидан президентликка номзод Жон МакКейнга теккизиб айтди. Чунки МакКейн Барак Обаманинг Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот билан учрашиш ниятини соддадик, деб атаган эди.

Оқ уй матбуот вакили Дана Перино президент умумий гап гапиргани ва Б.Обамани назарда тутмаганини билдирди.

“Баъзан президентликка даъвогарлик қилаётган номзод дунё ўз атрофида айланяпти, деб нотўғри ўйлайди”,- деди у.
XS
SM
MD
LG