Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:19

“Барқи тожик” қарзларини тўлаяпти


“Барқи тожик” очиқ акциядорлик жамияти Тожикистон Ўзбекистонга қиш мавсумида етказиб берилган электр энергияси ўрнига берилиши зарур бўлган электр қувватини қайтара олмаётгани тўғрисидаги хабарларни рад этди.

Икки давлат ўртасида имзоланган шартномага кўра, Тожикистон куз ва қиш мавсумида Ўзбекистондан 600 миллион киловатт соат электр қуввати олади. Бунинг эвазига эса баҳор ва ёзда 900 миллион киловатт соат электр энергияси қайтариб беради.

“Азия плюс” ахборот агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, “Барқи тожик” Ўзбекистонга электр энергиясидан қарзни қайтариш ишларини шу пайтгача бошламаган.

Бироқ “Барқи тожик” вакили Рашид Гулов бу очиқ-очиқ туҳмат экани, Тожикистон Ўзбекистондан олинган электр энергиясини қайтаришни май ойиданоқ бошлаганини билдирди.

“Май ойида 30 миллион, июнь ойининг 4 кунида эса 20 миллион киловатт соат электр қуввати узатганмиз. Шу тарзда жорий йил сентябрь ойи сўнггига қадар биз Ўзбекистонга 900 миллион киловатт соат электр қуввати берамиз”,- деди Рашид Гулов.

Икки ой давомида нега бунча кам ҳажмда электр қуввати қайтарилганига оид саволга жавоб берар экан: “Электр қувватини қабул қилиб олиш Ўзбекистон томонига боғлиқ. Улар газ, мазут ҳамда кўмир ҳисобига ишлайдиган станцияларга эга. Эҳтиёж бўлмагандан кейин қабул қилмайди”,- деди.

У “Азия плюс” ахборот агентлигининг Норак сув омборидаги сув сатҳи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 метр паст экани ҳақидаги маълумотларни ҳам тасдиқламади.

“Аксинча ҳозир биз одатдагидан ортиқроқ электр қуввати ишлаб чиқиш имконига эгамиз. Сув сатҳи ҳам етарли даражада. Тожикистон Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатлар олдидаги электр қувватидан бўлган қарзларни тезроқ қайтаришдан манфаатдор”,- деди Рашид Гулов.

Унинг таъкидлашича, Тожикистон Қирғизистондан жорий йилда 40 миллион киловатт соат электр қуввати қарздор бўлган ва айни пайтда қўшни давлатга кунига 3-4 миллион киловатт соат электр қуввати етказиб бермоқда.

“Биз ўз қўшниларимиз билан яхши муносабатларини сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Агар биз шартнома шартларига риоя қилмасак, эртага қиш мавсумида ўз бошимизга муаммолар яратган бўламиз”,- деди суҳбатдош.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси вакиллари ҳам икки давлат ўртасида электр энергияси олди-бердиси борасида муаммо йўқлигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG