Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:01

Сувсизлик қозоқларни экин майдонларини қисқартиришга мажбур этди


Қозоғистон ҳукумати ҳар йили мамлакатнинг жанубида сув танқислиги юзасидан келиб чиқадиган муаммони экин майдонлари, жумладан, пахтазорларни қисқартириш орқали ҳал этишга қарор қилди.

“Биз Жанубий Қозоғистоннинг Мақтаорол туманидаги баъзи экин майдонларини қисқартиришга мажбурмиз. Пахта экишни максимал даражада қисқартиришимиз керак, яъни пахта учун 60-70 минг гектар, буғдой ва люцерна учун 30 минг ҳамда полиз экинларига 10 минг гектар ер ажратилиши лозим. Фақат шундагина биз ҳозиргидан кўра икки маротаба камроқ сув истеъмол қила бошлаймиз”,- деди Қозоғистон бош вазири ўринбосари Умирзоқ Шукеев.

Жанубий Қозоғистон қишлоқ хўжалиги бошқармаси раиси ўринбосари Қанатбек Оспанбеков “Озодлик” билан суҳбатда пахта майдонлари қисқарса ҳам бу одатдаги умумий ҳосилга таъсир этишига йўл қўйилмаслигини билдирди.

“Масалан, пахта экиш учун аввал 100 минг гектар ажратилган бўлса, ҳозир 80 минг гектардан ошмаслиги керак. Бироқ мана шу 80 минг гектардан аввалгидек миқдорда ҳосил олишимиз зарур. Бу йил биз 2 минг гектар шоли майдонига сарфланадиган сувни кам сув талаб этадиган 15-20 минг гектар майдондаги бошқа экинларни суғоришга йўналтирмоқчимиз”,- деди Қ.Оспанбеков.

Унинг таъкидлашича, Жанубий Қозоғистондаги деҳқонлар кўп сув талаб этадиган экин майдонларни қисқартириш хулосасини иложсизлик туфайли қабул қилган.

Аксар кузатувчиларЖанубий Қозоғистондаги пахтазорлар қисқартирилишига Ўзбекистондан Қозоғистонга сувни транзит қилишдаги баъзи қийинчиликлар сабаб бўлаётганини билдирмоқда.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Азимбой Ғали ҳозирги вазиятда Ўзбекистон ўз устиворлигидан фойдаланаётганини айтди.

“Ҳар бир мамлакатнинг бошқа бир давлатга қарши қўллайдиган маълум бир чоралари мавжуд. Масалан, Ўзбекистон томони Қозоғистонга сув керак бўлган пайтда уни камайтиради ва аксинча сув кераксиз пайтда уни ортиғи билан Қозоғистон каналларига ўтказа бошлайди. Ўз навбатида, Қозоғистон томони туркман гази ва темир йўлини Ўзбекистон ҳудудига киритмай, уни четлаб ўтишига ҳаракат қилади. Бу эса Ўзбекистон ҳукуматига ёқмайди. Хуллас, ҳозир бу икки давлат ўз устиворликларини бир-бирларига қарши ишлатмоқда”,- дейди қозоғистонлик сиёсатшунос.

Аммо ўзбекистонлик таҳлилчи Абдусалом Эргашев Қозоғистон ерларининг сувсизликка дучор бўлганига Ўзбекистоннинг қўшниларига нисбатан юритаётган сиёсати эмас, балки бошқа бир сабаблар туртки бўлаётганини таъкидлади.

“Марказий Осиёда сув манбаларининг асосий қисми Қирғизистонда жойлашган. Мустақилликдан кейин Қирғизистондан Ўзбекистон ва Қозоғистонга келадиган сув миқдори жуда камайиб кетди. Хусусан, Шоҳимардон сойи Қирғизистон ҳудуди тугайдиган жойда жуда катта каналдан бунақа дарёнинг 3 таси сиғадиган қилиб, то Қирғизистоннинг Бурганди деган ҳудудигача олиб борилган ва Сўх сойига ташлаб юборилган. Сувнинг асосий қисмини мана шу канал орқали Ўзбекистондан айлантириб ўтиб кетилади. Қандай мақсадда бундай қилиняпти, ҳамма хайрон. Қурғоқчилик, сув танқислиги, қолаверса, Қирғизистон томонининг Ўзбекистон билан ўзаро муносабати сабаб бўляпти. Масалан, Фарғона водийсида Ўзбекистоннинг 2 та анклави бор. Шоҳимардонга бир неча марта бориб келдим ва у ерда Қирғизистон чегарачилари ва божхона, милиция ходимлари ўзбекистонликларга худди бир урушаётган давлатнинг асирларидай муносабатда. Умуман Қирғизистон ҳукуматининг муносабати ўзи шунақа бўляпти”,- деди Абдусалом Эргашев.

Айтиб ўтиш жоизки, жорий йилнинг июль ойида Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг сув хўжалиги ва ёқилғи-энергетика соҳалари раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтган эди. Ўшанда Норин-Сирдарё ҳавзасидаги сув-энергетик ва ёқилғи заҳираларидан жорий йил ва 2009 йилнинг биринчи чорагида фойдаланиш бўйича тўрт томонлама шартнома имзолаш масаласи муҳокама қилинганди. Бироқ Ўзбекистон бу ҳужжатга имзо чекишдан бош тортгани учун учрашув иштирокчилари электр энергияси экспорти ва қўшимча сув бериш тўрт томонлама шартнома имзоланганидан сўнг амалга оширилишини билдирган эди.
XS
SM
MD
LG