Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:52

Қустанайда катта миқдордаги героин қўлга олинди


Қозоғистоннинг Қустанай шаҳрида мамлакат тарихида сўнгги 13 йил ичида мазкур давлат чегаралари орқали энг катта миқдордаги наркотик моддани олиб ўтишга уриниш содир бўлди.

Россия фуқаролари Григорьев ва Меньшаков Ўзбекистон орқали Санкт-Петербург шаҳрига 537 кг 94 гр героин олиб кетаётган пайтда Қустанайда қўлга олинди.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара бошқармаси матбуот хизмати россиялик икки йигитнинг машинаси тагига яширилган героинни ҳатто ўзбек-қозоқ чегарасидаги божхоначилар сканери ҳам аниқламаганини маълум қилди. Ҳозир Қозоғистонга наркотик моддани олиб кирган бу россияликларнинг ҳар бири 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Маҳаллий матбуот Қозоғистон ҳудудига бундай катта миқдордаги наркотик модда олиб кирилишида, аввало, чегарачиларнинг ўз ишига лоқайдлик билан ёндашганини сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Бироқ Қозоғистон МХҚ чегара бошқармаси ходими Сергей Толобоев бундай айбловни буткул рад этди.

“Аниқ қилиб айбдор ёки айбдор эмас, деб бўлмайди. Чунки чегарачилар чегарадан одамларни ўтказиши қонун билан белгиланган. Юкларни эса божхона хизмати ходимлари ўтказади. Бироқ бу ерда божхона хизмати ходимларини ҳам айблаб бўлмайди. Муҳими, наркотик моддалар қўлга олинди, уларни ким чегара орқали ўтказиб юборгани эса муҳим эмас”,- деди С.Толобоев.

МХҚ чегара бошқармаси матбуот котиби Лариса Дметрюк “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мамлакатнинг жанубий чегаралари орқали олиб ўтилаётган наркотикларнинг асосий қисми героин эканини таъкидлади.

“Сўнгги маротаба 9 август куни Жанубий Қозоғистондаги чегара пунктларининг бирида Бишкек-Москва поездида қўлга олинган Қирғизистон фуқаросининг сумкасида 700 гр. героин аниқланди”,- деди матбуот котиби.

Жанубий сарҳадлар орқали наркотиклар олиб кириш кучайгани сабабли Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари бу йўналишда назоратни янада кучайтириш чораларини кўраётгани айтилмоқда.

Жанубий Қозоғистон ички ишлар департаменти матбуот котиби Салтанат Қоракўзова сўзларига кўра, гиёҳвандлик моддалари Қозоғистонга Марказий Осиё давлатларидан келтирилади. Жанубий Қозоғистон вилояти эса бунинг учун дарвоза вазифасини ўтайди.
XS
SM
MD
LG