Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2023, Тошкент вақти: 22:54

Назарбоев “уйғонди”


Остонада парламентнинг 2-сессияси очилишида сўзга чиққан Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Россия ва Ғарбни Жанубий Осетия масаласида бир-бирига таъна тошлари отмай, музокаралар бошлашга чақирди.

У Жанубий Осетия ва Грузияда зарар кўрган одамларга ёрдам кўрсатиш айни пайтда муҳимроқ эканига алоҳида эътибор қаратади.

Кузатувчилар Қозоғистоннинг Россия билан Ғарб ўртасида воситачилигини “гўшт ҳам куймасин, сих ҳам” қабилида тутаётган дипломатик ҳаракати эканини билдирмоқда.

“Қозоғистоннинг сиёсий жиҳатдан Россия билан боғлиқлиги анча кучли. Лекин у кўп қиррали ташқи сиёсат юритиб, Ғарб мамлакатлари билан ҳам алоқаларни анча кенгайтирган ва у ердан келадиган сармоялар Қозоғистон иқтисодини кўтаришга ёрдам беряпти. Шу сабабли Қозоғистон ҳукумати Грузия ва Россия орасидаги можарода очиқдан-очиқ Россияни қўлламаяпти. Шу билан бирга, у қайсидир маънода Россияга ёрдам бергандай бўлади, лекин бошқа томондан Ғарб сиёсатини ҳам қўллагандай бўлади”,- деди ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Николай Кузьмин ҳам Н.Назарбоевнинг Россия-Грузия можаросида фақат бир тарафга оғмаслигини таъкидлар экан, ҳозир мамлакат бу вазиятда ўзига хос модератор ролини бажараётганини билдирди.

“Қозоғистон бу масалада, натижасидан қатъи назар, модератор функциясини бажарса, сиёсий баҳо тўплай олади. Модератор вазифасининг ўзи муайян баҳо тўплашни англатади. Модераторлик муваффақиятли бўлса, янада яхши. Қозоғистон ташқи сиёсатда доимо фаол позицияни эгаллаб келган. Можаролашган томонларни яраштириш бу борада кўп йиллик тажрибага эга бўлган Қозоғистон учун оддий ҳол”,- деди сиёсатшунос.

Мухолифатчи Айдос Саримов Қозоғистоннинг Жанубий Осетия масаласида Россия ва Ғарб ўртасида ўзига яраша тинчлик кўприги вазифасини ўташга уриниш сабаблари ҳақида тўхталиб: “Эртами-кечми Қозоғистон ЕХҲТ раиси сифатида бу масала билан шуғулланишига тўғри келади. Иккинчидан, Қозоғистон Ғарб ва Шарқ ўртасида ўзига хос кўприкдир. Унинг Россия билан ҳам, Ғарб билан ҳам муносабатларида ўз манфаатлари бор. Мамлакат раҳбари ўз имкониятини ишга солиб, ушбу майдонга ўйнаб очко тўплашга қарор қилган кўринади”,- деди.
XS
SM
MD
LG