Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:16

Ўзбек пахтачилиги Хитойдан улги олмоқчи


Ўзбекистон олимларинингочиқ рағбатидан¸ мамлакатда яқинда икки марта пахта экиладиганга ўхшаб турибди...
Ўзбекистон олимларинингочиқ рағбатидан¸ мамлакатда яқинда икки марта пахта экиладиганга ўхшаб турибди...

“Ўзбекистонда бир майдондан йилда икки марта ҳосил олиш мумкин ва сув масаласи муаммо бўлмайди”, - демоқда ўзбекистонлик олимлар. Фермер хўжаликларини бирлаштириш бу жараëннинг муқаддимаси бўлиши мумкин.

Илмий тадқиқот институти ходимларига кўра, агар улар тавсия қилаётган услуб амалга жорий этилса, бу муаммоларнинг ҳаммаси ҳал бўлади. Хўш, қандай йўл билан?

Ҳозир Ўзбекистонда 85-90 кундан 110-125 кунда пишиб етиладиган ғўза навлари экилади. Яъни, апрел ойининг охири¸ май ойи бошларида экилган пахта август охири-сентябр ойи бошларида териб олинади.

Ўзбекистон Селекция ва пахта уруғчилиги илмий-тадқиқот институти мутахассисларига кўра, Ўзбекистоннинг ҳозирги шароитида бир йилда бир экин майдонидан аввал буғдой, кейин пахта ҳосилини олса бўлади. Бу билан республикада кўпроқ буғдой ва пахта етиштириш кўзланмоқда ҳамда бу тадқиқот давлат режаси асосида ишлаб чиқилган.

Тупроқ унумдорлигининг пастлагани, сув танқислиги каби муаммолар нафақат бунга тўсиқ бўла олмайди, балки, бу муаммоларни шу услуб билан ҳал қилиш мумкин, деди саволларимизга бажонидил жавоб берган илмий-тадқиқот институти директорининг муовини Ҳакимжон Саидалиев.

- Буғдойни ўришдан бир ой олдин шу буғдой эгатларига чигитни қўлда экиб¸ ўша униб чиққандан кейин шоналаш даврига келгандагина буғдойни ўриб олиб¸ яъни бу июн ойининг бошига тўғри келади¸ ғўзадан 45¸ 50¸ 55 центнер ҳосил олиш мумкинлиги илмий асослаб берилган. Август ойининг бошида қийғос очилади. Чунки бир ой олдин эккансиз-да.

Озодлик: Демак пахта экиладиган майдонларга одатдагидай 85 кундан 125 кунгача бўлган оралиғида пишадиган пахталар экилаверади. Энди қўшимча равишда буғдой экиладиган майдонга ҳам пахта экиш масаласи кетаяпти.

- Албатта.

Озодлик: Энди қаранг¸ чигитни қўл билан экиш деб айтдингиз.

- Фақат қўлда.

Озодлик: Бунинг имкони борми? Тўғри Ўзбекистон катта мамлакат. Аҳолиси 27 миллион 400 минг бўлди. Ишчи кучи масаласи қандай ҳал бўлади?

- Бу саволингизга мен шундай жавоб бераманки¸ масалан Хитой халқ республикаси ғўзани фақат қўлда экади. 9 миллиондан ортиқ ерга ғўза экади.

Озодлик: Бизчи?

- Бизники 1¸5 миллионга озгина етмайди. Ишчи кучи етарли¸ чунки мана бу президентимизнинг қарори билан фермер хўжаликлари ташкил бўлгандан кейин фермер хўжаликларининг ўзи бемалол буни экиш имкониятига эга.

Озодлик: Энди яна бошқа масала борда. Бир неча йилдан бери мутахассислар тупроқ унумдорлиги пасайиб кетаяпти¸ сув танқис бўлаяпти¸ деган муаммоларни айтиб келади. Икки марта ҳосил оламиз десак¸ ерни қаттиқ қийнаб қўймаймизми?

- Аксинча. Алмашлаб экиш деган процессимиз бор. Доим бир жойда ғўза экавериш ҳам бўлмайди. Уни алмашлаб туриш керак. Масалан¸ буғдойни ўриб олгандан кейин ҳам орқасидан бошқа экин экилса¸ ернинг унумдорлиги ошади¸ ҳамда берадиган самараси ҳам яхши бўлади.

Озодлик: Энди Ўзбекистон асосан пахта етиштирадиган мамлакат. Кўп мутахассислар қатори алмашлаб экиш керак деган масалани сиз ҳам айтдингиз. Буни жорий қилишнинг имкони борми? Адашмасам ҳозир асосан пахта экаяпмиз. Яна давлат режаси деган гап бор.

- Йўқ¸ алмашлаб экиш бор¸ лекин лозим бўлган миқдорда эмасда. Ҳозир жорий қилинаяпти. Бунинг устидан назорат ҳам ўрнатилаяпти. Лекин шу майда-майда фермер хўжаликлари бўлгани учун қийинроқ бўлаяпти.

Мана яқинда буйруқ чиқди. Фермер хўжаликларини ихтиëрий равишда йириклаштириш масаласи қўйилган. Мана шу йирик-йирик фермер хўжаликлари бўлгандан кейин¸ ўрта ҳисобда 100 гектардан 1000 гектаргача бўлган ер битта фермернинг қўлида бўлса¸ ана шунда мана бу таклифларни бемалол амалга ошириш мумкин.

Озодлик: Сув масаласига яна қайтсак. Бу масала йилдан-йилга қийин бўлиб кетаяптику минтақада. Бу нарса инобатга олинганми?

- Буни мен шундай изоҳлардим¸ бу менинг шахсий фикрим¸ Ўзбекистон шароитида сув муаммоси бўлиши мумкин эмас. Буни ҳал қилса бўлади. Фақат биз бунга жиддий ëндашишимиз керак.

Мана оддий мисол: 100 гектарлик умуман сув юрмайдиган лалми ер бўлса¸ шу ерда қудуқ қазиб сув чиқариш имконияти борку. Тўғри дастлаб катта маблағ сарфлашга тўғри келади лекин бу ўзини оқлайди. Бир йилда оқлайди. Бунинг ҳаммасининг ҳисоб-китоби бир неча 10 йиллар олдин қилинган. Масалан мен Ҳиндистонда¸ Хитойда кўриб келдим. Бу бемалол ҳал қилса бўладиган масала.

Селекция ва пахта уруғчилиги илмий-тадқиқот институти директори муовини Ҳакимжон Саидалиев институтнинг Ўзбекистонда бир экин майдонидан йилда икки бор — аввал буғдой, кейин пахта ҳосилини олиш бўйича ишлаб чиққан услубини шарҳлаб берди.

Бугун сизга фақат мутахассис олимлар томони фикрини тақдим этдик. Озодликнинг келгуси дастурларида эса таклифларга ўзбекистонлик пахтакор деҳқонлар билдирган муносабатлар билан таништиришга ҳаракат қиламиз.
XS
SM
MD
LG