Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:04

Парижер: "Андижон сирини биламан!"


Валерий Парижер¸ ўз уринишлари самара бермаëтганидан тушкунликка тушганича йўқ ва озодликка чиқишнинг янги йўлларини қидирмоқда.
Валерий Парижер¸ ўз уринишлари самара бермаëтганидан тушкунликка тушганича йўқ ва озодликка чиқишнинг янги йўлларини қидирмоқда.

Яқинда Бекобод турмасида сақланаётган Россия ва Исроил фуқароси Валерий Парижер ҳақида ҳикоя қилган эдик. Бугун Озодлик бу хорижлик тутқуннинг ўзи билан боғланишга муваффақ бўлди...

Normal 0 Бекободдаги УЯ 64/21 колониясида қамоқ жазосини ўтаётган Россия ва Исроил қўшфуқаролигига эга Валирей Парижер¸ айтишича¸ 2000 йилда Ўзбекистонга шартнома асосида келган.

Уни Тошкентдаги лок-бўёқ заводи бош директори ўринбосари лавозимида ишлаш учун корхонанинг ўша пайтдаги хўжайини Ғофур Раҳимов таклиф қилган.

Икки йил ишлаганимдан кейин Ғофур Раҳимовга тегишли ширкатлардан бири билан келиша олмай, ишдан кетмоқчи бўлдим ва ҳамма бало шундан бошланди, дейди Парижер.
Парижернинг айтишича¸ унинг ҳозирги кўргуликлари ўзбекистонлик тадбиркор Ғофур Раҳимов таклифига кўнганидан кўп ўтмай бошланган.


- Таниқли ўзбек тадбиркорига тегишли Дубайдаги фирмалардан бири билан келишмовчилик чиқди. Бу тадбиркорни ҳамма танийди, унинг исми Раҳимов, Ғофур Раҳимов. Мендан заводнинг нархига тенг пулни талаб қилишди.

“Азиз Трейдинг” номли бу фирма Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги ички ишлар вазири Зокир Алматов номига хат ёзиб, қалбаки ҳужжатлар юборган. Бу хатни ҳозирги ички ишлар вазири Баҳодир Матблюбов имзолаган. Шундан кейин мени ҳеч қандай санкциясиз ҳибсга олишди. Санкция мен ҳибсга олинганимдан кейин берилган.

Кўп ўтмай завод фаолиятига оид кўплаб қоғозлар, жумладан аудиторлик текширувига оид ҳужжатлар йўқ қилинди. Мени уч марта суд қилишди, маҳкамага раислик қилган судьяларнинг иккитаси - Шораҳмедов билан Зокир Исаевлар ҳозирда порахўрликда айбланиб¸ қочиб юрибди, - дер экан Парижер, Ғофур Раҳимовни 20 йилдан бери танийман, лекин унинг криминал дунёга алоқадорлигига оид гаплардан бехабарман, деб давом этади.

- У оддий бизнесмен бўлган. Ғофур криминал авторитет, деган гаплар бекор гап, у ҳеч қанақа криминал авторитет эмас. Мен уни 20 йилдан бери биламан. Шахсан мен билан Раҳимов ўртасида ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Фақат унга тегишли фирма, ўша Дубайдаги фирма билан келиша олмаганмиз. Мен шахсан Рахимов билан жанжаллашмаганман, - дейди Бекобод турмасининг хорижлик тутқуни.

Маълум бўлишича, ҳозирда, Тошкент лок-бўёқ заводи Ғофур Раҳимов тасарруфидан кетган. Заводнинг ўзини таништирмаган ходими заводни қозоғистонлик тадбиркорлар сотиб олишгани ва Парижер ишидан уларнинг хабари йўқлигини билдирди.

- Икки ярим йилдан бери заводнинг хўжайинлари бошқа, улар Валерий Парижер билан таниш эмас. Хўжайинларимиз Озодлик радиоси билан бу хусусда гаплашишни таъқиқлашди, - деди Тошкент лок-бўёқ заводи ходими.

Россия фуқароси бўлган Парижернинг айтишича, Россия ҳукуматининг ўз ишига аралашуви ҳеч қандай натижа бермаяпти.

- Россия элчихонаси вакиллари бир-икки марта бу ерга келишди, лекин уларга ҳеч қандай жавоб берилмаяпти. Россия Адлия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурасининг сўровлари ҳам жавобсиз қолиб келяпти.

Бекобод колонияси ходимларига кўра, деб давом этади суҳбатдошимиз, “менинг ишим шахсан президент Каримовнинг назоратида эмиш”.

- Менга ички ишлар ходимлари “сизни Россия фуқаролигидан маҳрум қилишди”, деб айтишди. Ким, деб сўрасам, президент Каримов, деб жавоб беришяпти. Ўзбекистон президенти қандай қилиб мени Россия фуқаролигидан маҳрум қилиши мумкин. Бунақа ишлар ҳатто Сомалида ҳам бўлмайдику! Хуллас бу ерда қонунларга тупуриб қўйишган. Менга бу гапларни колония бошлиғи айтди, - дейди Парижер.

Суҳбатдошимиз билан боғлиқ яна бир тафсилот, яъни унинг қамоқдан туриб Андижон воқеаларига доир маълумотларни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига бермоқчи бўлганини ўтган галги лавҳамизда эслаб ўтган эдик. У бу гапларни тасдиқлади.

- Мен бу маълумотларни Россия элчихонаси вакиллари иштирокида ошкор қилишимни аввал ҳам айтганман. Элчихона ходимлари келса¸ ўшанда гаплашамиз. Бир нарсани айтишим мумкин, бу маълумотлар Андижон воқеалари ортида ким турганига оиддир. Лекин уларни топиб жазолаш менинг эмас, терговчиларнинг ишидир”, - деган Парижер, бу маълумотлар манбаси кимлигини ошкор қилмади.

Ўтган лавҳамизда, Парижер қамоқда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати разведка бош бошқармасининг собиқ ходими Санжар Исмоилов билан танишгани ҳақида гапирган эдик.

- Ҳа¸ мен у билан танишман, лекин у нега ўтиргани ҳақида ҳеч нарса айта олмайман. Чунки бу турма қонун-қоидаларига тўғри келмайди. Лекин мен бир нарсани айтишим мумкин, Санжарнинг қамалишига сабабчи бўлган унинг собиқ бошлиғи ҳам бугун қамоқда.

Ўтган сафар ўқувчини чалғитмаслик мақсадида Парижер ишига оид бу тафсилотга тўхталмаган эдик. Парижернинг ўз қўлида Андижон воқеаларига оид маълумотлар борлигинини иддао қилаётгани, лавҳамиз қаҳрамони ҳикоясининг Ўзбекистон разведка бошқармасининг собиқ ходими билан боғлиқ эпизодига тўхталиш фурсатини туғдиради.

Ҳарбий разведканинг собиқ офицери Санжар Исмоилов Андижон воқеаларидан кейин Россия фойдасига жосуслик қилиш, ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш каби айблар билан қамалган.

Унинг турмуш ўртоғи Наталья Бондарь Озодлик билан суҳбатда, эрининг қамалиши бевосита 2005 йилнинг 13 майидаги Андижон воқеалари билан боғлиқлигини айтган эди.

- Андижондаги воқеа юзага чиқди. Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги бош разведка бошқармаси бошлиғи Маъмур Мадаминов разведка ходимлари Андижонда нималар бўлишини олдиндан билганларига қарамай, бу ҳақда олий раҳбариятга хабар бермаган.

Санжар ўз бошлиғидан Андижонда айнан шундай воқеа бўлишини олдиндан билганимиз ҳолда нега бу ҳақда вақтида хабар берилмади, деб сўраганидан сўнг, Мадаминов унга қарши компромат йиғиш ҳақида буйруқ берган.

Икки чақув асосида уни қамоққа олиб, олдига бир ой киритишмади. МХХ тайинлаган адвокат эса Санжарнинг олдига олдиндан тайëрланган иқрорга қўл қўйдириш учунгина киритилган,- деган эди Наталья Бондарь уч ой аввал Озодлик билан суҳбатда.

Биз Парижер тасарруфидаги Андижон воқеаларига оид маълумотлар ва собиқ жосус Исмоиловнинг иши ўртасида параллел қидиришдан йироқмиз, лекин Парижернинг айтишича, бугунги кунда унинг иши билани шахсан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг раиси Рустам Иноятов қизиқиб қолган.

- Нуфузли танишларим менинг қамоққа ташланишим тафсилотларини ўрганишга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг айтишича, ҳозирда менинг ишимга оид ҳужжатлар миллий хавфсизлик хизмати раисининг столида турибди.

Лекин менинг МХХ раисига қандай алоқам бор, буни билмадим, - дейди Бекобод қамоғида жазо ўтаётган Россия ва Исроил фуқароси бўлмиш Валерий Парижер.

XS
SM
MD
LG