Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:56

Ўзбек - қозоқ бир бўлса...


Марказий Осиëнинг собиқ коммунист президентлари ўртасидаги шахсий рақобат¸ минтақа ривожига тўсиқ бўлаëтган омиллардан бири ҳисобланади.
Марказий Осиëнинг собиқ коммунист президентлари ўртасидаги шахсий рақобат¸ минтақа ривожига тўсиқ бўлаëтган омиллардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида дўстлик шартномаси имзоланганига 10 йил тўлди. Бу сана Тошкентдаги Қозоғистон элчихонаси ва Қозоқ маданият марказида тантана билан нишонланди.

Ўзаро дўстлик ришталари минг йилларга узанган бу икки xалқ раҳбари 1998 йилда дўстлик битими дея номланган ҳужжат остига дабдабаю асъаса билан имзо қўйишган эди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 1998 йил имзоланган дўстлик битими ҳақида қозоғистонлик депутат Рўзиқул Холмуродов гапиради.

- 1998 йили Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида доимий дўстлик ҳақидаги шартнома имзоланган. Бугун шунинг 10 йиллиги деяпти, дейди қозоғистонлик депутат.

Бу шартнома имзоланганда айтилган ниятлар ниятлигича қолиб кетди, икки халқ ўртасидаги муносабатлар ривожланмади, дейди тарихчи олим, профессор Файзулла Исҳоқов.

- Ўша қўл қўйилган вақтда Қозоғистон билан Ўзбекистоннинг орасида, қозоқ-ўзбек халқларининг орасида муносабатлар анча яхшироқ бўлган. 10 йил ичида бирор-бир жиддий ижобий ўзгариш бу соҳада бўлгани йўқ. Иқтисодий муносабатларни оласизми, ижтимоий муносабатларни оласизми, масалан¸ қозоқларнинг Ўзбекистонга келиши ëки Ўзбекистондан Қозоғистонга боришими¸ яхши томонга ўзгаргани йўқ.

Ўша вақтда Ўзбекистонда камида бир миллион қозоқ яшаган. Қозоғистонда ҳам анча ўзбеклар бор. Улар ҳам бир миллиондан ортиқ. Қозоқларнинг бу ëқда қариндошлари бор, Қозоғистондаги ўзбекларнинг Ўзбекистонда қариндошлари бор. Борди-келди масалаларида жуда кўп қийинчиликлар бўлди.

Давлатлар орасида виза режими киритилмаган бўлса ҳам¸ кўпроқ Ўзбекистон чегарачилари билан, божхона ходимларининг айби билан чегаралардан ўтиш жуда қийин. Яхши томонга ўзгариш бўлгани йўқ. Бундан ташқари чегараларда қанча нохуш воқеалар бўлганидан хабаринглар бор¸ - дейди Файзулла Исҳоқов.

Ўз вақтида Тошкентдаги Қозоқ маданият марказида ишлаган Гулнора Бойжонованинг айтишича, икки ўртадаги сиëсатнинг совуқлиги бу ҳали икки халқ ўртасидаги муносабатларнинг совуқлигини англатмайди.

- Икки халқ сиëсатчиларининг оғзидан айтилаëтган гаплар орани бузаяпти. Амалда эса икки халқ бир-бирига дўст.

Қозоқ ўзбекни ўз оғам дейиши бор гап, деб таъкидлайди Қозоғистон парламенти депутати Рўзиқул Xолмуродов ҳам.

- Ўзбек ўз оғам, менинг туғишганим дейди. Мана 2003 йили Жанубий Қозоғистон вилоятида ўзбек драма театри очилди. Шу театрнинг очилишида юртбошимиз Нурсултон Назарбоев иштирок этиб, шу ерда халқни табриклаганда айтди: "Ўзбек билан қозоқ азалдан дўст. Бу дўстликни ҳеч ким ажрата олмайди. Раҳбарлар келади, кетади¸ лекин ўзбек билан қозоқнинг дўстлиги абадий қолади". Бу ҳақиқатан ҳам шундай. Бизнинг дўстлигимиз абадий.

Қозоқ-ўзбек дўстлиги ҳақидаги оташин сўзлар кўп. Бундай гаплар 10 йил давомида ҳар иккала давлат раҳбари нутқларидан ўрин олиб келди.

2006 йилда Ўзбекистон президенти Каримов мана бу гапларни айтган эди.

- Агар қозоқлар билан ўзбеклар бирга бўлса, бизни ҳеч ким мағлуб қила олмайди. Буни ҳамма эшитиб қўйсин.

Буни ҳамма эшитишга эшитди, аммо бу баëнотнинг шунчаки гап экани икки йил ўтиб маълум бўлди.

2008 йилга келиб Каримов Қозоғистон президентининг бирлашиш таклифини қатъиян рад қилди.

- Бу ташаббусни биз сира қабул қила олмаймиз, деди Каримов.

Икки давлат муносабатларининг шахсиятлар таъсирига тушиб қолгани ëмон бўлди, дейди тарихчи Файзулла Исҳоқов.

- Каримов интервьюларидан бирида “Назарбоевга лидерлик керак бўлса, бердим” деб очиқ айтган. Гап шундаки, давлат раҳбарларидан қайси бирининг лидер бўлиши масаласи уларнинг иқтисодий ривожланиши билан, сиëсатининг мақбуллиги билан белгиланади. Бу лидерлик ўз хоҳиши билан белгиланмайди.

Тақдир тақозоси билан шундай бўлдики, 10 йилнинг ичида Қозоғистон Марказий Осиëдаги бешта республика орасида етакчи ўринга чиқди. Ташқи сиëсати ҳам ҳар томонлама бўлгани учун Ғарбда ҳам¸ Шарқда ҳам Марказий Осиëнинг етакчиси сифатида Назарбоевни тан олишди.

Исҳоқов назарида Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги совуқ муносабатлар минтақа тараққиëти учун тўсиқ бўлмоқда.

- Авваламбор Марказий Осиë давлатлари бир-бири билан муносабатларни яхшиласа, иттифоқни тузиш масаласи, ҳамдўстликни тузиш масаласини тинчгина ҳал қилишганда, Марказий Осиëнинг Россияга қарамлиги ҳам камаяр эди, дунë саҳнида нуфузи ҳам ошар эди. Бундан ютсак ютардикку, ютқизмас эдик. Минг афсуски бу масала ҳали ҳам ҳал бўлмаяпти. Европада мана 50 йилнинг ичида 30га яқин давлатлар бирлашиб бўлди. 17 йил мобайнида муносабатларнинг эскича қолиб кетаëтгани¸ албатта ¸ачинарли ҳол.

Айни пайтда Қозоғистон Ўзбекистон учун виза тартиби жорий қилмаган Марказий Осиëдаги ягона давлат бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG