Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:43

Йилнинг беш қаҳрамони


Мақолада номи зикр этилажак беш қаҳрамон орасида фақат оташин шоир Юсуф Жума янги йилни яқинлари даврасида кутиб ололмайдиган бўлиб турибди.
Мақолада номи зикр этилажак беш қаҳрамон орасида фақат оташин шоир Юсуф Жума янги йилни яқинлари даврасида кутиб ололмайдиган бўлиб турибди.

2008 йилда хабарлар сарлавҳасидан ўрин олган ўзбекистонликлардан беш нафари ҳақида гапирсак.

- Йилни қамоқда ўтказган шоир Юсуф Жума;

- Қамоқдан озод бўлиб, халқаро мукофот сoҳиби бўлган инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева;

- Британиядан сиëсий бошпана олаëтиб¸ Каримов режимини Андижон қатлиомида айблаган собиқ жосус Икром Ëқубов;

- Эркин матбуотга қарши бўҳтон кампаниясида иштирок этиб¸ ғарб грантлари эвазига фаолият олиб бораëтган Гулнора Бобожонова;

- Шу йилнинг октябр ойида Германияга ташриф буюриб¸ немис матбуотида “чақирилмаган меҳмон” деб аталган Ўзбекистон МХХ бошлиғи Рустам Иноятов.

Бу номлар кечган йил давомида хабар ва лавҳаларимизга мавзу бўлди.

Келинг, уларни яна бир эслайлик.


Ҳақгўй шоир

Президент истеъфосини талаб қилиб пикет ўтказган шоир Юсуф Жума бутун йилни қамоқда ўтказди.

Наҳот тутмас улус тузи¸
Наҳот кўкнинг сарвари йўқ¸
Шоҳ шоҳликка сайлар ўзин¸
Каримовнинг хабари йўқ.

Таниқли ëзувчи Шукрулло назарида¸ шоирнинг қамоққа олиниши ëмонлик аломати.

Шукрулло: Мен битта шоирнинг эмас¸ ўзим азобини тортганим учун умуман қамоққа қаршиман. Одамнинг ақли бор¸ фаҳми бор¸ тили бор. ҳамма нарсани гаплашиб¸ бамаслаҳат ҳал қилиш мумкин.

Таниқли адабиëтчи Ҳамид Исмоил назарида нафақат шоир¸ балки ҳеч ким ноҳақ зулм чекмаслиги зарур.

Ҳамид Исмоил: Ким бўлишидан қатъий назар, бундай нарсалардан ҳар кимни асрасин. Дейлик, шоир қамалганда ëки дейлик сўз учун қамалганда¸ бу умуман бошқа нарса.

Нега шоир бир кун келиб зулм билан тўқнашади? Бу саволга шоира Гулчеҳра Нуруллаева жавоб беради.

Гулчеҳра Нуруллаева: Шоир ва ëзувчилар жамиятдаги энг оғриқли нуқталарга биринчи бўлиб муносабат билдирсалар керак ва бу ҳукмрон доираларга мутлақо ëқмаса керак. Мен шундай ўйлайман.

Шоир Муҳаммад Солиҳ назарида¸ ҳақгўй шоир Юсуф Жума ўзбек халқининг қаҳрамони.

Муҳаммад Солиҳ: Ҳозирги лаганбардорларнинг¸ режим ялтоқларининг фонида Юсуф Жума, ҳеч шубҳасиз, ўзбек интеллигенцияси ичидаги қаҳрамон десак ҳеч муболаға бўлмайди.

Ҳозир сургунда юрган Юсуф Жуманинг рафиқаси Гулнора Олтиева ўз турмуш ўртоғи билан фахрланади.

Гулнора Олтиева: Молдек бир жойда боғланиб туриб, яшаб ўтиш ҳам умр дейилади. Курашадиган, ҳалол инсон бўлиб яшаш ҳам умр саналади. Мен бундан фахрланаман.


Матонатли аёл

Йилнинг яна бир қаҳрамони - Мўътабар Тожибоева.

Ўз ҳолига қўйинг сиз уни¸
Сен нимаю¸ нима деманг ер¸
Бўлса ҳамки қафас тутқуни¸
Шерлигича қолаверар шер.

“Мўътабар Тожибоева озод бўлди”, деган хабар шу йилнинг июн ойида тарқалди. Озодлик радиосига интервью берган Мўътабар Тожибоева уни ҳеч бир изоҳсиз озод қилишганини айтди.

- Мени нима учун озод қилишганини айтишмади. Ўтмас пичоқни қайта-қайта чархга солиб¸ чархлаб ўткирлаштиришди. Бу ўткирланган пичоқ, албатта, ўзбек халқининг озодлиги учун қўлимдан келгунча хизмат қилади деб ишонаман¸ деган эди Мўътабар Тожибоева.

Қамоқдан озод бўлган Мўътабар Тожибоева соғлигини тиклаш ва Мартин Энналс мукофотини олиш учун Европага келди.

Мартин Энналс мукофотини олар экан Мўътабар Тожибоева¸ унинг озод қилинишига ҳисса қўшган барчага миннатдорчилик изҳор қилди.

Халқаро амнистия ташкилоти Мўътабар Тожибоева ҳақида фильмни суратга олди. Фильм финалида кўзида ëш билан қўшиқ айтаëтган Тожибоева гавдаланди.


Собиқ жосус

Ëз охиридаги сиëсий ҳароратни кўтариб юборган воқеалардан бири ўзбек разведкасининг собиқ офицери: “Каримов ўз халқини қирғин қилди”, дея Лондон аэропортида баëнот бергани бўлди.

Ойларча давом этган ëт эллардаги саргардонликдан кейин собиқ офицер¸ Британиядан қочқинлик мақоми сўраш мақсадида¸ Лондонга келди.

Лондонга келган Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматининг собиқ майорининг исми Икром Ëқубов.

"Озодлик"ка маълум бўлишича¸ Икром ўз ҳаëтига хавф бўлгани учун Ўзбекистонни тарк қилган. Бундан олдин у Ўзбекистон ташқарисидаги бир мамлакатда яшириниб юрган.

Қочиш қарори Икром учун узоқ иккиланишлар ва зиддиятли мулоҳазалар маҳсули бўлди.

Бу бевосита Каримов ëнида ишлаган зобитнинг собит қарори эди.

Жаллодга хизмат қилишни истамаслик учун ҳам Икром Ëқубов қочишни маъқул кўрди.

Унинг тахминлари Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматида кечган ўн йил ва Президент миллий хавфсизлик кенгаши аъзоси сифатида ўтган икки йиллик тажрибага таянади.

Ўзбекистон МХХ матбуот вакили Олим Тўрақулов ҳамда Ўзбекистон исломий ҳаракати матбуот вакили Икром Ëқубовнинг айтганларини қоралаб чиқишди.

Аммо МХХ вакили унинг жосус эканлигига эътироз билдиргани йўқ.

Икром Ëқубов Озодлик тингловчиларини янги йил билан табриклади.

Икром Ëқубов: Тилакларим халқимиз бахтли бўлсин. Бахтли¸ фаровон ҳаëт кечириш насиб қилсин. Менинг энг катта тилагим ва ниятим шу.


Миллий хавфсизлик раҳбари

Йил давомида исми-шарифи оммавий ахборот воситаларида қайд қилиниб келган МХХ раиси Рустам Иноятовнинг номи октябр ойида немис матбуотида баҳсга сабаб бўлди.

“Тагецзайтунг” газетаси Рустам Иноятовни “чақирилмаган меҳмон” дея атади.

Андижон воқеаларида айбли кўрилган Рустам Иноятов Европага сафар қилиши маън қилинган 12 ўзбек мулозимининг бири эди. 2008 йилнинг октябр ойида виза таъқиқи бекор қилинар-қилинмас Рустам Иноятов Германияда пайдо бўлди.

Бу борада Тошпўлат Йўлдошев гапиради.

Тошпўлат Йўлдошев: Рустам Иноятовнинг Германияга келиши¸ менимча¸ иккала томондан ҳам рағбатлантирилган ëки иккала томондан ҳам интилиш бўлган деса бўлади.

Рустам Иноятов Германия сафари чоғида ҳибсга олиниши мумкин эди.

Германия қонунларига кўра¸ инсониятга қарши жиноят содир этганликда гумон қилинаётган Ўзбекистон МХХ раисини расмий меҳмон мақоми сақлаб қолган.

“Давлат жиноятчиси” ҳибсга олиниши лозим эди, деб ёзди Германиядаги энг нуфузли “Тагецзайтунг” газетаси.

Ҳар қалай, Германия бош прокуратурасининг Иноятовга нисбатан жиноий иш очишни рад этишга берган изоҳида шундай дейилади.

Европада Конституция ва инсон ҳуқуқлари маркази адвокати Вольфганг Калек, 2005 йилда Андижон воқеалари пайтида намойишчиларни қатлиом қилганликда гумон қилинаётганлар, жумладан, собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматов ва Рустам Иноятовларнинг, Германия қонунларига кўра, жиноий жавобгарликка тортилишини сўраб, бош прокуратурага мурожаат қилган.


"Шарафли" журналист

Ўтган йилнинг эсда қоладиган воқеаларидан бири ЎзТВ нинг Озодлик радиосига қарши фильмни тайëрлаб¸ эфирга узаттиргани бўлди.

Немис тўлқини билан ҳамкорлик қилаëтган “Журналистларни қайта тайëрлаш маркази” раҳбари Гулнора Бобожонова Озодлик журналистларига қарши иғвогар фильмда шубҳали тарзда иштирок қилди.

Гулнора Бобожонова “Шарафсиз журналистлар ҳақиқатни ëлғонга айлантиришади. Улар буюртма бажаришади”, дейди.

НДР телеканали эфирга узатган лавҳада Бобожонова хонимнинг бу айтганлари танқид қилинди.

“Биз қийин ва хатарли шароитда ишлаймиз. Гулнорага ўхшаганлар эса фақат пул топишни ўйлашади¸ фақат пул топишни. Нега у ўзбек давлат телевидениесида гапиргани учун ғарбдан пул олади? Буни ҳеч тушунмайман. Ҳар ҳолда Гулнора ўзининг айтганлари журналистлар учун ëмон оқибатлар касб қилишини яхши билади”, дейилади жумладан лавҳада.

Бобожонова хоним биз билан телефон суҳбатида фильмдаги иштироки ҳақида гапиришдан ўзини олиб қочди.

Фильм давомида Гулнора Бобожоновадан жабр кўриб, саргардон юрган ўзбек журналистига ҳам сўз берилади.

Бу фильмдан сўнг “Немис тўлқини”¸ Германия ва Швециядаги фондлар Гулнора Бобожонова билан ҳамкорликни тўхтатганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG