Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:52

Россияни жиноятчи мигрантлардан қўримоқчилар


Россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари “Ноқонуний миграцияга қарши ҳаракат” рўйхатга олингудек бўлса, мазкур ташкилот мамлакатда фашистик кайфиятдаги кишилар фаолиятини машруълаштириб бериши мумкинлигидан хавотир олмоқдалар.
Россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари “Ноқонуний миграцияга қарши ҳаракат” рўйхатга олингудек бўлса, мазкур ташкилот мамлакатда фашистик кайфиятдаги кишилар фаолиятини машруълаштириб бериши мумкинлигидан хавотир олмоқдалар.

“Ноқонуний миграцияга қарши ҳаракат” фаоллари МДҲ давлатларидан Россияга келган муҳожирлар молиявий бўҳрон сабабли иш жойларини йўқотиб жиноятга қўл урса, “уларга қарши чоралар кўриш”га тайёрланмоқда.

Рус тилида қисқача ДПНИ деб аталувчи бу ҳаракатнинг интернет саҳифасида билдирилишича¸ Нижний Новгород вилоятида кўчада содир этилаётган жиноятчиликка қарши “халқ ўз-ўзини ҳимоя қилиш гуруҳи” тузилган.

“Ноқонуний миграцияга қарши ҳаракат”нинг Нижний Новгород вилоятидаги вакили Олег Ивановнинг “Интерфакс” ахборот агентлигига айтишича, “халқ ўз-ўзини ҳимоя қилиш гуруҳлари” бир неча маҳаллий аҳоли вакилидан ташкил топган бўлиб¸ январ ойидан бошлаб ҳар куни кўчаларга навбатчиликка чиқади.

Ивановга кўра, ушбу “халқ дружиначилари” гуруҳи ҳукумат органларида расман рўйхатдан ўтишга ҳаракат қилади.

Россиядаги марказий осиёлик¸ жумладан¸ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи “Фуқаровий кўмак” нодавлат ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина мазкур ташкилотдан жамиятга фойдадан кўра зиён кўпроқ бўлиши мумкинлигини қайд этади:

- Ўз ғоялари фашистларникига яқин бўлганини ўзи ҳам инкор қилмаётган бу отрядлардан ҳеч қандай яхшилик кутмаслик керак. Давлат бундайларга қарши курашишдан бош тортаётган экан¸ биз ҳам ожиз бўлиб қолмасак, деб қўрқаман. Чунки биз улар қўллайдиган услублар билан фаолият юритмаймиз¸ – дейди россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Ксенофобия ва миллатчилик масалалари билан шуғулланувчи инсон ҳуқуқлари Москва бюросининг етакчи мутахассиси Семён Чарний фикрича, Ноқонуний миграцияга қарши ҳаракат Россия фуқароларини жиноятчи мигрантлардан “ҳимоя қилиш” ҳақида баёнот бергани ҳуқуқ-тартибот органлари уларга изн беради, деган гапни англатмайди:

- Ноқонуний миграцияга қарши ҳаракат бундай гуруҳларни уч йилдан бери тузишга ҳаракат қилиб келмоқда. Улар кўчаларда ноқонуний равишда йиғилиб ҳам келгинди¸ ҳам маҳаллий фуқароларни ноқонуний равишда калтаклаётган тақирбошлар фаолиятини қонунийлаштиришга ҳаракат қилиб келмоқда. Менимча¸ уларнинг бу уриниши натижасиз бўлади¸ – дейди россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Мутахассисларга кўра, Россия меҳнат муҳожирлари бўйича АҚШдан кейин дунёда иккинчи ўринни эгаллаган. Ҳозир Америкада 38 ярим миллион меҳнат муҳожири бўлса, Россияда уларнинг сони 12 миллионни ташкил этмоқда. Уларнинг олти ярим миллиони қурилиш соҳасида ишлайди.

Октябр ойида экспертлар Глобал молиявий бўҳрон сабабли уларнинг тўрт миллиони ишсиз қолиб¸ жиноятлар содир этиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Аммо ҳозирга қадар Россияда ишсиз қолган меҳнат муҳожирлари жиноятлар содир этгани ҳақида статистик маълумотлар эълон қилинмади.

Декабр ойида ишсиз қолган меҳнат муҳожирларидан иборат икки жиноий гуруҳ қўлга олинган. Улардан бири янги йил дастурхони тузаш учун Москвада аёлларни талаш билан шуғуллангани айтилмоқда.

Светлана Ганнушкина МДҲ давлатларидан Россияга бориб ишлаётган меҳнат мингрантлари ўз иш жойларини йўқотганидан кейин жиноятлар содир этиши ҳақидаги гаплар асоссиз эканини, мамлакатдаги жиноятларнинг жуда оз қисми меҳнат мигрантлари ҳиссасига тўғри келишини айтади:

- Биз ишлаш учун Россияга келганлар кўп жиноят содир этмаслигини яхши биламиз. Ўтган йиллар давомида содир этилган жиноятларнинг 1,5 – 3 фоизини мигрантлар содир этган. Биз буни мунтазам кузатиб борамиз.

Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг интернет сайтида ҳам ажойиб статистик маълумотлар келтирилган. Аммо негадир расмийлар ҳақиқатдан йироқ бўлган бошқа рақамларни айтишади.

Ички ишлар вазири эса буни ҳеч қачон инкор қилмаган. Бу афсусланарли ҳол¸ – деди Россиядаги марказий осиёлик¸ жумладан¸ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи “Фуқаровий кўмак” нодавлат ташкилоти раҳбари профессор Светлана Ганнушкина.
XS
SM
MD
LG