Линклар

Шошилинч хабар
08 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:31

Доллар ошди - одамлар саросимада


Маҳаллий кузатувчилар яқин кунларда Қозоғистонда бир АҚШ доллари 200 тангага чиқиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.
Маҳаллий кузатувчилар яқин кунларда Қозоғистонда бир АҚШ доллари 200 тангага чиқиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Қозоғистон валюта бозоридаги кескин сакраш оқибатида ўзбекистонлик мардикорларнинг уйига жўнатаëтган пули ҳам бир кунда қарийб учдан бирга камайди.

2009 йилнинг 4 феврал куни Қозоғистон Миллий банки раҳбари Григорий Марченко мамлакат Миллий банки АҚШ долларининг миллий валютага нисбатан курсини бундан буён 120 танга миқдорида ушлаб туролмаслигини маълум қилди.

Қозоғистон миллий валютасининг АҚШ долларига нисбатан 25 фоизга қадрсизлангани айтилаётган бир пайтда¸ мамлакатдаги аксар банклар аҳолининг саросимага тушиб қолганидан фойдаланган ҳолда АҚШ долларининг миллий валютага нисбатан курсини ўзлари хоҳлагандек белгилаётганлари ҳам маълум бўлди.

Масалан, Озодлик мухбири Олмаотадаги аксар банкларда бир АҚШ доллари 160 тангадан 170 тангагача сотилаётганлигининг гувоҳи бўлди.

Қозоғистонда доллар нархининг ошиб кетгани, оддий қозоғистонликларнигина эмас, мамлакатда тирикчилик қилаётган ўзбек меҳнат муҳожирларини ҳам саросимага солиб қўйди. Чунки бу ердаги чет эллик мардикорлар ҳам маҳаллий аҳоли вакиллари каби иш ҳақини Қозоғистон миллий валютаси – тангада олади.

Олмаотада ишлайдиган Муроджон Озодлик мухбири билан суҳбатда доллар қийматининг тангага нисбатан ошиб кетганидан кайфияти тушиб кетганини яширмади:

- Банкка борсам, доллар нархи ошиб кетибди. 12 минг тангага доллар алмаштирардим. Ҳозир 100 доллар сотиб оладиган бўлсам, 18 минг танга беришим керак экан.

Ўша 100 долларни юборсам, онамга ёрдам берган бўлардим озгина бўлса ҳам, дер экан Муроджон ўзини бор пулини бир кунда кисавурга олдирган одамдай ҳис қила бошлаганини айтади.

Ўзбекистонлик бошқа бир суҳбатдошимизнинг айтишича, Қозоғистон миллий валютаси қийматининг долларга нисбатан кескин пасайгани Қозоғистондаги меҳнат муҳожирлари уйларига юборадиган пул чўғида ҳам акс этади.

- Ҳозир бу ерда расман 25 фоизга кўтарилиш бўлаяпти, аввал меҳнат муҳожири 1000 доллар юборган бўлса уйига, ҳозир 750 доллар юборади, яъни бу орқали унинг иш ҳақи камаймоқда, натижада унинг Ўзбекистонга юбораётган пули миқдори ҳам озаймоқда, дейди ўзбекистонлик суҳбатдош.

Қозоғистонлик иқтисодчи Илёс Исаевга кўра, мамлакатда доллар курсининг ошиб кетгани чет эллик меҳнат муҳожирларига бошқа жиҳатдан ҳам зарар:

- Доллар қимматлаши товарлар нархининг ошишига ҳам олиб келиши мумкин - товарнинг тангада сотиладиган баҳоси ошиши мумкин.

Товарнинг тангадаги баҳоси ошганидан кейин бу меҳнат муҳожирлари ойлик маошининг катта қисмини ўпириб кетиши мумкин.

Бу эса мигрантларнинг Қозоғистон ҳудудида қолиб ишлашига салбий таъсир этиб, улар катта қисмининг тирикчилик учун бошқа давлатларга чиқиб кетишига ҳам олиб келиши эҳтимоли катта, дейди Илёс Исаев.
XS
SM
MD
LG