Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2023, Тошкент вақти: 11:42

Қозоқлар ЕИга мурожаат қилди


Праганинг Васлав майдонида намойиш ўтказган қозоқ қочқинлари ўзларининг Салафияга алоқадор эмасликларини айтмоқдалар.
Праганинг Васлав майдонида намойиш ўтказган қозоқ қочқинлари ўзларининг Салафияга алоқадор эмасликларини айтмоқдалар.

Чехия пойтахти Прага шаҳрида 7 феврал куни икки юздан ошиқ қозоқ қочқини ўзларининг депортация қилинишлари олдини олиш талаби билан намойиш ўтказди. Қозоқ қочқинлари орасида 45 нафар балоғатга етмаган бола ҳам бор.

Кузатувчилар салафийлар деб айтилаётган бу қочқинлар юртига бадарға қилинган тақдирда қозоқ махфий хизматлари томонидан навбатдаги таъқибларга учрашлари мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Кеча Прагадаги Вацлав майдонида йиғилган диндор қозоқ қочқинларининг бири намойиш ўтказилиш мақсади ҳақида “Озодлик” мухбирига буларни гапирди:

-Биз Европада адолат ва демократия мавжуд, деб ҳисоблаганимиз учун Чехияга келганмиз. Қозоғистонда биз куп вақт махфий хизмат ходимларининг таъқиби остида яшаб келгдик. У ерда ўз ҳуқуқларимиз поймол қилинишини бас қилиш талаби билан ҳеч бир намойиш ўтказа олмасдик.

Чехия Ички ишлар вазирлиги бизни бу давлатдан ҳам бадарға қилиш қарорига келди. Шу сабали Европа Иттифоқига мурожаат қилиб, бизни ўз ҳимоясига олишини, қайтиб юртимизга депортация қилмасликни ва Чехияда қочқинлик мақоми берилишини сўраб бугун митинг ўтказаяпмиз,-деди қозоғистонлик қочқинлардан бири “Озодлик” мухбирига.

Айтиб ўтиш жоизки, 7 феврал куни Прага шаҳрида митинг уюштирган қозоқ қочқинлари Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан салафийлар деб аталган эди.

Аммо қочқинларнинг ўзлари салафийлик оқимига мутлақо алоқаси йўқ эканлигини таъкидлаб келмоқдалар.

Салафия оқими Қозоғистон ҳудудида фаолияти расман таъқиқланган диний оқим ва ташкилотлар рўйҳатига киритилмаган. Бироқ ўзларининг оддий диндор мусулмонлар эканлигини билдирган қозоқ қочқинлари сўзларига кўра, улар юртларидаги махфий хизмат ходимлари томонидан мунтазам равишда таъқиб ва тазйиққа олинган.

Шунингдек, бу қочқинлар орасида ўз диний ақидаси учун Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинган ва маълум муддат қамоқда ўтириб чиққан кишилар ҳам борлиги аниқланди.

Биз Ислом динидаги салафия оқими, хусусан салафийлар дея номланадиган мусулмонлар борасида маълумот олиш мақсадида, Москвадаги этнология ва антропология институти катта илмий ходими Ахмет Ярликаповга мурожаат қилдик.

-Салафийлар кимлар ўзи? Улар Муҳаммад пайғамбар давридаги аждодлар тажрибасига таяниб яшайдиган мусулмонлардир. Аммо бу жуда кенг тушунча.

Деярли барча мусулмонлар пайғамбар Муҳаммад давридаги қонун-қоидаларни рад қилмайдилар. Шунинг учун ҳам Салафия тушунчасини аниқлаб, уни бирор мамлакат ҳудудида таъқиқлаш жуда қийин.

Аксар ҳолларда салафийларга алоқаси бор мусулмонлар ўзларини ҳақиқий мусулмонлар, амалдаги мусулмонлар ёки ибодат қилувчи мусулмонлар дея атайдилар. Шу орқали улар ўзларининг этник мусулмонлардан фарқлайдилар.

Улар этник мусулмонларни, мусулмонлар орасида туғилиб-ўсган, аммо Ислом арконларига амал қилмайдиган ва мусулмонларга алоқаси йўқ бўлган кишилар деб ҳисоблайдилар,-дейди Ахмет Ярликапов.

Кузатувчилар фикрича, салафийларнинг Марказий Осиё ҳудудида Халифалик ташкил қилинишига ҳайрихоҳлиги ҳамда диний экстремист ташкилотларга мойиллиги расмий Остонани уларга шубҳа билан қарашига асосий сабаб бўлган.

- Салафия бир қатор радикал оқимлар учун маълум бир базага айланди. Қайд этиш жоизки, Салафия бу Исломдаги сиёсий оқимларидан биридир. Шу боис, салафийлар ўз ҳаракатларини тинч ёки радикал йўл билан амалга ошириши мумкин.

Шундай салафийлар борки, улар барча ишни тинч йўл билан ҳал қиладилар, баъзилари эса қуролланган ҳолда иш тутишни маъқул кўрадилар.

Салафийларнинг барча ҳаракатлари уларни бошқараётган раҳбарларга, шунингдек, улар аъзо бўлган ташкилотга боғлиқдир. Улар турли диний ташкилотлар воситасида ўз сиёсатларини илгари суришлари мумкин.

Шу боис ҳам Марказий Осиё давлатлари, хусусан Қозоғистонда амалдаги режимлар ўз ҳудудларида бундай оқимлар бўлишидан хавфсирайди,-дейди Москвадаги шарқшунослик институти катта илмий ходими Михаил Рошин.

Чехияда намойиш ўтказган қозоғистонлик диндорлар ҳақида илк маротаба февраль ойи бошида Озодлик радиосининг қозоқ хизмати хабар қилганди. Ўша ахборотда айтилишича, 205 нафар диндор бундан уч йил аввал Ғарбий Қозоғистондан қочиб, Прага расмийларидан бошпана сўраганлар. Улар орасида 45 нафар болалар ҳам бор.

Чехия Ички ишлар вазирлиги уларнинг қочқин мақомини бериш бўйича мурожаатини икки маротаба рад этган. Ҳозирда қочқин мақомини қўлга киритиш бўйича Чехия масъул тузилмаларидан навбатдаги жавобни кутаётган қозоқ қочқинлари, учинчи маротаба ҳам омадлари чопмай юртларига бадарға қилинишларидан хавфсираб яшамоқдалар.
XS
SM
MD
LG