Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:03

Ўзинг учун ўл етим


Ўзбек мухолифати вакиллари бундан аввал ҳам халқаро ҳамжамият диққатини Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг ночор вазиятига жалб этиш мақсадида Европанинг турли шаҳарларида норозилик акциялари ўтказган.
Ўзбек мухолифати вакиллари бундан аввал ҳам халқаро ҳамжамият диққатини Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг ночор вазиятига жалб этиш мақсадида Европанинг турли шаҳарларида норозилик акциялари ўтказган.

Кузатувчиларга кўра¸ Ўзбекистонда мустақил журналист ва ўзгача фикрловчиларга қарши кўтарилган янги репрессия тўлқини¸ халқаро майдонда¸ қарийб одатий ҳолдек қабул қилинди ва лозим эътибор қозонмади.

Кейинги ҳафталар ичи Ўзбекистонда яна мустақил журналист¸ ҳуқуқ фаоллари ва ўзгача фикрловчи ëшларнинг қамоққа олиниб¸ улардан айримларининг узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилиши халқаро майдондаги кундалик шов-шувли хабарлар тоғи остида кўмилиб кетгандек.

Бу жараëннинг бир қисми - қолган саноқли мустақил журналистлардан яна айримларининг таъқибга учраши¸ матбуот эркинлигини ҳимоя қилувчи айрим гуруҳлар¸ қолаверса хориждаги ҳуқуқ ва мухолифат фаоллари эътиборини ўзига тортди¸ холос.

"Саккиз нафар журналистнинг қамоққа олиш билан Ўзбекистон ҳукумати ўзининг Европа ва Марказий Осиёда журналистлар учун энг ёмон мамлакат эканлигини тасдиқлади", дея таъкидланди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси тарқатган баëнотда.

Қўмита¸ Ўзбекистон ҳукуматини зудлик билан икки журналист, сўнгги ойда ҳибсга олинган - Дилмурод Саййид ва Кушодбек Усмоновларнинг озод этилишини талаб қилмоқда.

Ўзбекистондаги маҳкум журналистларни озод қилиш бизнинг ҳам талабимиз¸ дейди Бирдамлик ҳаракати матбуот вакили Юсуф Расулов.

- Кейинги пайтда бир қанча журналистларнинг¸ жумладан Дилмурод Саййиднинг ҳибсга олиниши норозиликларни янада кучайтирди. Мана шу мақсадда Бирдамлик ҳаракати мухолифатдаги бошқа ташкилотлар билан биргаликда акция бошлади.

Бу тадбир икки ҳафта давом этади. Икки ҳафта давомида Стокҳолм марказидаги марказий майдонда ўзбек мухолифати фаоллари пикет ўтказишади¸ дейди Юсуф Расулов.

Юсуф Расуловга кўра бундай тадбирлар ўзбек мухолифати томонидан олдин ҳам ўтказилган.

- Бу акциядан қандай натижа бўлиши ҳақида олдиндан бир гап айтиш қийин. Чунки шу пайтгача хорижда шунақа бир қанча акциялар бўлиб ўтган¸ лекин уларнинг таъсири у қадар сезилмаган¸ дейди Юсуф Расулов.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Умида Ниëзовага кўра¸ Ўзбекистонда қамоққа олинган журналистлар ҳимояси учун қилинаëтган тадбирларнинг шашти баланд эмас.

- Уларнинг ҳимояси учун деярли ҳеч қандай тадбир ўтказилаëтгани йўқ. Мухолиф руҳдаги бир нечта интернет сайтлари улар ҳақда мақола чиқаришди ва Ню Йоркдаги журналистларни ҳимоя қилувчи комитет ўзининг пресс-релизини чиқарди. Шу билан уларнинг ҳимоясини деярли ҳеч ким олиб бораëтгани йўқ.

Ўзбекистондаги вазият ҳар доим ëмон¸ деб айтилади.Охирги пайтда шу нарса сезилаяптики¸ янги репрессия ëки янги журналистлар билан боғлиқ воқеалардан халқаро ҳамжамият чарчагандай.

Масалан¸ Ўзбекистонда қийноқлар борлигини ҳамма билади. Лекин ҳамма бу вазиятга ўрганиб қолгандай ва халқаро саҳнада бу борада Ўзбекистонга бўлган танқидлар камроқ эшитилади¸ дейди Умида Ниëзова.

Умида Ниëзова Ўзбекистон ичида қолган ҳуқуқ ҳимоячилари фаоллашувидан умид қилади.

- Ўзбекистон ичкарисидаги ва ташқарисидаги мавжуд инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва инсон ҳуқуқларини таъминлашни истаганлар фаолроқ ишлаши керак.

Бўлаëтган воқеалар ҳақида қаттиқроқ гапириш керак. Халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини яна ҳам кўпроқ Ўзбекистонга қаратиш керак¸ дейди Умида Ниëзова.

Ўзбекистон ичидаги журналистлар қўрқув ва таҳлика ичида яшамоқда. Журналистларнинг қамалиши ҳақидаги хабарлар бизнинг шаштимизни сусайтирмоқда¸ деди ўз исми очиқланишини истамаган журналист.

- Олиб борилаëтган бу фаолиятдан 1937 йилларнинг ҳиди келади¸ дейди ўз исми очиқланишини истамаган журналист.

Лондондаги мустақил таҳлилчи Алишер Илҳомов назарида Ўзбекистон ҳукумати журналистларни қамоққа олиш билан мамлакат ичидаги ўзга фикрлаш истагида бўлганларга қўрқув муждаси юбормоқда.

- Ўзбекистон шарқий Европа ва собиқ совет давлатлари ичидаги маҳкум журналистлар сони бўйича биринчи ўринга чиқди. Кейинги ҳибсга олишлар ҳукуматнинг сал бўлса ҳам ўзгаришга мойил эмаслигини кўрсатди. Сўз эркинлигининг Ўзбекистонда аҳволи ўзгаришсиз қолмоқда¸ дейди Алишер Илҳомов.

Алишер Илҳомовга кўра¸ Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан мулоқот сиëсати ҳам жиддий самара бермаган.
XS
SM
MD
LG