Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:04

Украинада вазият таранглашмоқда


Кузатувчилар фикрича, президент Виктор Юшченко ва бош вазир Юлия Тимошенко ўртасида анча вақтдан бери давом этиб келаётган тортишувлар мамлакатдаги иқтисодий муаммолар туфайл юзага келган вазиятни янада чигаллаштирмоқда.
Кузатувчилар фикрича, президент Виктор Юшченко ва бош вазир Юлия Тимошенко ўртасида анча вақтдан бери давом этиб келаётган тортишувлар мамлакатдаги иқтисодий муаммолар туфайл юзага келган вазиятни янада чигаллаштирмоқда.

Таҳлилчилар бир неча йил олдин Шарқий Европадаги истиқболи порлоқ демократик давлат бўлишини башорат қилинган Украинада вазият издан чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқдалар.

Украина пойтахти милицияси давлатга қарашли нефт компанияси идорасида рейд ўтказди.

Ҳайдовчилар Киевни Одесса билан боғловчи муҳим йўлни тўсиб қўйди.

Пулларини қайтариб олишга ошиққан асабий фуқаролар банклар эшиклари олдида турнақатор навбатда турибди.

Бу иқтисодий ва сиёсий бўҳронни бошдан кечираётган Украинада юзага келган ҳозирги вазиятнинг айрим кўринишлари, холос.

“BM Bank” Андрий Лалакка яқин вақтгача энг ҳурматли мижоз сифатида муомала қилиб келган эди. Ҳозир эса банк ходимлари ундан Азроилдан қўрққандек қўрқадиган бўлиб қолган.

Чунки у бир ойдан бери банк ҳисобидаги 100 минг гривна, тахминан 11,700 доллар пулини ололмаяпти - Украина банкларида нақд пул етишмаяпти. Лалак ва унинг дўстлари ҳар куни банк биноси олдида норозилик пикети ўтказмоқда.

- Биз ёрдамга муҳтожмиз. Аммо бизга ҳеч ким ёрдам қўлини чўзаётгани йўқ. Мен каби мижозларга банк декабрь ойигача пул бермайдиган кўринади. Пул бир жойда турмаслиги керак. Маблағ бизнесга ётқизилиши керак.

Бизнесни кенгайтириш учун мен уй сотиб олишни хоҳлайман. Пулимни ололмаётганим учун бизнесни кенгайтира олмаяпман, дейди Лалак.

Иқтисодий бўҳронни бошдан кечираётган Украинада вазият ёмонлашаётгани, айни пайтда сиёсий кучлар ўртасидаги курашнинг давом этиши вазиятни мураккаблаштирмоқда.

Украинада ишсизлар сони ва инфляция даражаси кун сайин ортиб бормоқда.

Жорий йил январида Украинада саноат ишлаб чиқиш ҳажми 34,1 фоизга камайди. Мамлакат асосий биржасида кўрсаткич бу йил 33 фоизга камайди. Январь ойида ишсизлар сони 3,2 фоизга кўпайди.

Ўтган ҳафта Украинада янги газ бўҳрони юзага келишининг олди олинди. Россия Бош вазири Владимир Путин газ таъминоти учун 360 миллион долларлик қарзнинг охирги 50 миллион доллари тўланмаса, Украинага узатилаётган газ тўхтатиб қўйилишига таҳдид қилди.

Шундан сўнг Киев ҳукумати Газпромга ўз қарзини тўлади. Айни пайтда Украина расмийлари фавқулодда қарз олиш борасида Халқаро валюта жамғармаси билан оғир музокаралар олиб бормоқда.

Кузатувчилар фикрича, президент Виктор Юшченко ва бош вазир Юлия Тимошенко ўртасида анча вақтдан бери давом этаётган тортишувлар Украина элитаси орасида бўлиниш пайдо қилди.

Евгениус Смолар Варшава шаҳридаги Халқаро алоқалар маркази раҳбари.

- Украина элитаси бўҳронни на иқтисодий ва на сиёсий даражада ҳал қилиш имкониятига мутлақ эга эмас. Ҳозир миллий бўҳрон юз бермоқда. Улар худди аввал юз берган кичик бўҳрон пайтидаги каби ҳаракат қилишмоқда. Бу кичик эмас¸ балки катта бўҳрон, дейди польшалик таҳлилчи Евгениус Смолар.

Аксар таҳлилчилар ҳозирги бўҳрон Украинада ижтимоий тартибсизлик келтириб чиқариши, ўз навбатида бу Россияга стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу давлатда беқарор вазият юзага келтириш имконини яратиши мумкин, деган фикрда.

Киевдаги сиёсий таҳлилчи Иван Лозови Озодлик мухбири билан суҳбатда нотўғри бошқарув ва Украина раҳбарлари ўртасидаги келишмовчилик мамлакатдаги шундоқ ҳам оғир вазиятни янада мураккаблаштиришини айтди.

- Кенг маънода бу бўҳрон ўтиб кетади. Маълум сабабларга кўра, вазият оғирлашади. Коррупция ва ҳозирги ҳукуматнинг лаёқатсизлиги вазиятни янада мураккаблаштириши шубҳасиз, дейди украиналик таҳлилчи Иван Лозови.

Айри пайтда АҚШнинг Украинадаги собиқ элчиси Стевен Пифер Озодлик радиосига берган интервьюсида Украина президенти ва бош вазири ўртасидаги можаро бу мамлакатга нисбатан халқаро миқёсда ишончни сусайтириши мумкинлигини айтди.
XS
SM
MD
LG