Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:41

Азаттиқ босим остида


Озодлик радиосининг қозоқ хизмати инте рнет сайтида чоп этилган ушбу мақола Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги норозилигига сабаб бўлди.
Озодлик радиосининг қозоқ хизмати инте рнет сайтида чоп этилган ушбу мақола Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги норозилигига сабаб бўлди.

Озодлик радиоси қозоқ хизматини нохолис ахборот тарқатганликда айблаган Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги¸ бу “нохолис ахборот” нимадан иборат эканини жамоатчиликка аниқ тушинтира олмади.

Олмаотада бўлиб ўтган брифингда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги вакиллари Озодлик радиоси қозоқ хизмати (Азаттиқ)ни ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборот тарқатганликда айблади.

Аëн бўлишича¸ Азаттиқ радиоси Қозоғистондаги бир қанча шов-шувлик сиёсий ўлимлар юзасидан тергов иши олиб борган мамлакат Ички ишлар вазирлиги терговчиси Гаши Машанло билан интервью ўтказган.

Бу суҳбат “Полковник Машанло Роҳат Алиевнинг мухолифатчи Олтинбек Сарсенбоев ўлимига алоқаси йўқлигини таъкидлаяпти”, деган сарлавҳа билан Азаттиқ сайтида чоп этилган.

Суҳбат чоғида Азаттиқ радиоси мухбири полковникдан “Президентнинг собиқ куёви Роҳат Алиев мамлакатдаги сиёсий ўлимларга президент маъмурияти собиқ раҳбари Адилбек Жаксибеков ва мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Амангелди Шабдарбаевлар алоқадорлигини даъво қилаётгани асосида тергов жараёнига бу амалдорлар ҳам жалб қилинадими?” деган саволни сўраган.

Бунга жавобан терговчи: “Агар президентга яқин бўлган амалдорларнинг бу ўлимларга алоқаси борлиги айтилаётган бўлса, у ҳолда ўша кишиларни суҳбатга таклиф қилиш керак”, дея жавоб қайтарган. Ўз сўзида терговчи амалдорлар исм-шарифлари ўрнига “ўша” кишиларни деган иборани қўллаган эди.

Шундан сўнг Озодлик радиосининг қозоқ хизмати раҳбари Едиге Магауин интервью матнини тайёрлаш жараёнида мухбир “ўша кишилар” сўзи ўрнига Қозоғистондаги юқори лавозимли амалдорлар исмини келтиргани учун Ички ишлар вазирлиги терговчисига ўз узрини билдирган.

Ички ишлар вазирлиги Азаттиқ радиоси раҳбарияти узрини қабул қилган бўлса-да, брифинг чоғида мазкур радио интернет сайтида берилган интервьюнинг ярмидан кўпи ёлғон эканини даъво қилди.

- Мақолада терговчи Гаши Машанло айтмаган сўзлар келтирилган. Бу орқали Азаттиқ радиоси интернет орқали ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумот тарқатди, деди Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Боғдот Хўжахметов.

Айни пайтда¸ олмаоталик журналистларнинг Азаттиқ радиоси терговчи билан бўлиб ўтган интервьюда айнан қайси фактларни нотўғри талқин этгани тўғрисидаги саволларига Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби аниқ жавоб айта олмади.

- Сизнинг бундан хабарингиз йўқми? Оллоҳга шукр, хабарингиз бўлмаса. У ҳолда Азаттиқ радиосининг расмий сайтида материалнинг тўғирланган шаклини кўришингиз мумкин.

Улар хато кетган жойни тезда тўғирлаб қўйишди ва биздан кечирим сўрашди. Интервьюнинг хато кетган жойи сизга маълум бўлмаса жуда соз, деди Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Боғдот Хўжахметов.

Қозоғистон расмийсининг бундай баëноти билан кетма-кет¸ мамлакатдаги давлат назоратидаги қатор оммавий ахборот воситалари Азаттиқ радиосини мамлакатда содир бўлаётган воқеаларни холисликдан йироқ ва қўпол равишда ўзгартиб бераётганликда айблаб¸ радиога қарши бир қатор мақола ва телекўрсатувларни ташкиллаштирди.

Ички ишлар вазирлиги вакилининг Азаттиқ радиоси йўл қўйган конкрет хато ҳақида тўлиқ маълумот беришни истамаганлигини изоҳлаган кузатувчилар эса, Озодликка қарши бораëтган кампанияни қозоқ ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг халқаро медиа ташкилотларини ҳам сиқув остига олаётгани даракчиси дея баҳоламоқдалар.

- Журналист ўз мақоласида ўқувчи учун тушунарли бўлган сўзларни ишлатишга ҳақли. Терговчига берган саволида Азаттиқ радиоси мухбири ўша амалдорларнинг исми-шарифини келтириб ўтди ва ўз навбатида терговчи жавоб бераётган пайти гап айнан ким ҳақида кетаётганини жуда яхши билган.

Ички ишлар вазирлигининг бу ҳаракати Азаттиқ радиоси фаолиятига қарши қаратилгандир.

Ҳозир мамлакатдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари Қозоғистонда фаолият юритаётган халқаро оммавий ахборот воситалари ваколатхоналарига ҳам босим ўтказа бошлаяпти, дейди Қозоғистондаги “Журналистлар хавф остида” ташкилоти раисаси Розлана Таукина.

Азаттиқ радиоси ходимлари ички ишлар идоралари томонидан бундан аввал ҳам сиқувга олинган¸ жумладан сиёсий мавзуда мақола ёзган журналистларга ҳужумлар қилинган, уларнинг уй телефонлари ўчириб қўйилган ва Азаттиқ радиоси ходимлари барчасидан уй ҳамда мобил телефонлари рақамларини Ички ишлар идораларига тақдим этиши талаб қилинган эди.
XS
SM
MD
LG