Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2023, Тошкент вақти: 10:34

Погоннинг икки томони


Милицияга катта имтиёзлар берилган Ўзбекистонда расмий оммавий ахборот воситалари томонидан мамлакат ички ишлар вазирлиги ходимларини фош қилувчи кўрсатувлар берилиши кўпчилик ўзбекистонликларни, жумладан, собиқ милиционерларни ҳам таажжубга солмоқда.
Милицияга катта имтиёзлар берилган Ўзбекистонда расмий оммавий ахборот воситалари томонидан мамлакат ички ишлар вазирлиги ходимларини фош қилувчи кўрсатувлар берилиши кўпчилик ўзбекистонликларни, жумладан, собиқ милиционерларни ҳам таажжубга солмоқда.

Ўзбекистонда товламачилик йўли билан фуқаролардан пул ундирган икки нафар милиция ходими қўлга олинди. Бу ҳақда ҳатто мамлакат расмий оммавий ахборот воситалари ҳам хабар тарқатдилар.

Оҳангарон тумани ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлимининг икки терговчиси тижоратчилар ва оддий фуқароларни шантаж қилиб, сурункали пул ундириб туришган, дея маълум қилди 23 март куни Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлиги матбуот маркази.

Баъзи андишаларга кўра¸ товламачиликда айбланган милиция ходимларининг исмлари очиқланмаган.

Оҳангаронлик икки терговчининг товламачилиги тўғрисида 23 март куни Ўзбекистон телевидениеси Ахборот дастурида ҳам ҳикоя қилинди.

Оҳангаронлик икки терговчи Тошкент-Ўш йўлида кетаëтган Камаз юк машинасини текширишган ва машина юкхонасида 43 минг доллар қийматидаги ўғирлик мол борлигини аниқлашган.

Ана шундан кейин терговчилар 3000 АҚШ доллари эвазига Камаз эгасини ўғирлик юк билан бирга қўйиб юборишган.

Кўп ўтмай бу терговчилардан бири қўлга олиниб, 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бир терговчи эса бир муддат қочиб юрганидан кейин шу йилнинг январ охирида ушланган ва ҳозир у маҳкама ҳукмини кутмоқда.

Воқеанинг Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситаларида ëритилган тарзи шундай.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Матбуот маркази раҳбари Зоҳид Каримовга қўнғироқ қилиб, мазкур воқеа тафсилотлари билан қизиқдик.

Зоҳид Каримов: Бу нарса кеча ахборотда кетган тўғрими?

Озодлик: Ҳа¸ шунақа.

Зоҳид Каримов: Нима қизиқтираяпти сизни?

Зоҳид Каримов ИИВ хабарномасидан ўрин олган яна бир тафсилотга эътибор қаратишимизни сўради.

Хабарномага кўра¸ оҳангаронлик терговчилар “гиëҳванд модда сотувчиларни ўзбошимча тарзда қамоққа олиб кейин пора эвазига қўйиб юбориш билан” ҳам шуғулланганлар.

Шу билан бирга улар "енгилтабиат аëллар воситасида фуқароларни шантаж қилганлар".

Бу жумлаларни ИИВ матбуот хабарномасидан айнан келтирдик.

ИИВ матбуот маркази раҳбари ушбу жиноят иши билан Республика бош прокуратураси шуғулланаëтгани боис баъзи тафсилотлар ҳақида гапира олмаслигини айтди.

- Бу прокуратуранинг нимаси¸ мен бунга комментарий беролмайман, ака¸ деди Зоҳид Каримов.

Бош прокуратура билан боғланишга уринишимиз бесамар бўлди.

Ўзбекистон ИИВ собиқ мулозимининг (исмини айтмасликни маъқул кўрдик) Озодлик радиосига билдиришича¸ милиция ходимларининг товламачилик қилиши билан боғлиқ ҳолатлар илгари кўп бўлган¸ лекин бу хабарларнинг матбуотга сизиб чиқишига йўл қўйилмаган.

- Товламачилик ҳолатлари¸ ҳа, бўлиб туради. Товламачилик жуда кўп бўлади. ИИВнинг ўзида ишлайдиган қанча терговчиларнинг ўзи пора билан қўлга тушган. Бунақа нарса албатта бўлади.

Ўшани қилгандан кейин ë ишни прокуратурага беради¸ ë ўзларининг тергов бошқармаси тергов қилади. Ички ишлар ўзларини ўзлари тергов қила олмайди-ку. Шунинг учун ҳам уни прокуратура органлари тергов қилади.

ИИВда инспекция деган бошқарма бор. Инспекция аслида шулар билан шуғулланади. Шунақа товламачилар¸ порахўрлар билан шуғулланади¸ дейди Ўзбекистон ИИВ собиқ мулозими.

Суҳбатдошимизга кўра¸ милиция ходимининг товламачилиги ҳақидаги маълумотнинг давлат телевидениесида намойиш қилиниши учун вазирдан ҳам юқори бўлган мулозимнинг изни ë хоҳиши лозим.

- Милициянинг орасида қўлга тушган ҳолатларни умуман раҳбарият бермаган. Мен ИИВда ишлаб юрган пайтимда телевидениеда бунақа информация чиқмас эди. Тепадан катталар айтмаса¸ ички ишлар ўзлари ҳеч нарса қила олмайди¸ дейди Ўзбекистон ИИВ собиқ мулозими.

Суҳбатдошимиз пора олган милиция ходими ҳақидаги лавҳанинг Ахборот теледастурида берилишидан таажжубга тушганини яширмади.

- Поранинг ҳеч қачон миқдори бўлмайди. 100 доллар ҳам пора¸ 3000 доллар ҳам пора. Пора барибир пора-да. "3000 доллар билан қўлга тушди" деб, Ахборотга¸ телевидениега олиб чиқиш ақлга сиғмайдиган иш.

Балки қанақадир подставкадир¸ бировга ëмон кўриниб қолгандир¸ балки кимнингдир буйруғи билан қилингандир. 3000 долларнинг ўзини Ахборотга чиқариш бу номаъқулчилик.

Бу ëқда нечта-нечта пора олаëтганлар бор. ИИВ тергов бошқармасида ишлайдиганларнинг ҳаммаси порахўр. Мен буни қўрқмасдан сизга айтаман¸ дейди Ўзбекистон ИИВ собиқ мулозими.

Суҳбатдошимизга кўра, қўлга олинган милиция ходимларидан бири устидан ҳали маҳкама ҳукми йўқ, шу боис уни товламачиликда айблаб, ТВ га чиқариш мавжуд қонунларга зид.

- Тергов ишлари кетаяпти. Тергов ишлари кетаëтган пайтда¸ уни ошкоралаштириш маън қилинади. Қанақадир бир заказнойми ëки бир “мана, ички ишларда ҳам ўзгариш бўлаяпти” деган буюртмами¸ ëки битта-яримтаси ташкил қилганми - шундай бўлган бўлиши мумкин¸ дейди Ўзбекистон ИИВ собиқ мулозими.

Товламачиликда айбланган икки терговчи ишлаган Оҳангарон тумани милиция ходимлари тилида “ëғли жой” ҳисобланади.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Тошкентни Фарғона водийси билан боғлайдиган Қамчиқ довонининг яқинлиги¸ саноат ҳудудидаги металл-маъдан заҳиралари милиция ходимларини ўзига оҳанрабодай тортмоқда.

- Уларнинг мақсади бойлик орттириш. Бойлик орттириб¸ халқни эзиш¸ уни талаш¸ дейди Ўзбекистон ИИВ собиқ мулозими.

"Ғарб мамлакатларида полицияга тайинланган маошнинг юксаклиги порахўрликка барҳам берувчи омил сифатида кўрилади. Балки ўзбек милиция ходимлари ойлик маоши кам бўлгани учун ҳам чойчақа олишга маҳкумдир?" дея сўраймиз суҳбатдошимиздан.

- Милициянинг ойлиги сиз билан бизнинг ойлигимиздан жуда кўп. Биринчидан, милициядан даромад солиғи ушланмайди. Еб-ичиши ҳаммаси ўшанинг ичида бўлади. Кийим-кечаги текин бўлса. Ҳамма нарса милицияга қаратилган-ку. Шунга қарамасдан, милиция халқни талашни ҳеч қўймаяпти¸ дейди Ўзбекистон ИИВ собиқ мулозими.

Суҳбатдошимизга кўра¸ ИИВ тизимидаги катта талончилар панада қолиб, кичик товламачиларга катта эътибор қаратилаëтгани муаммонинг сабабига эмас¸ балки оқибатига қарши курашилаëтганидан дарак.

Ўзбекистон ИИВ интернет сайтида шу кунларда¸ “Сиз Ўзбекистон милиция ходимларига ишонасизми?” деган сўров қўйилган.

Сўровда қатнашганларнинг 45 фоизи "ишонмайман" деб¸ 20 фоизи "унчалик ишонмайман" деб¸ 3 фоизи эса "билмадим"¸ деб жавоб берганлар.


P.S. Муҳтарам муштарий, сизнинг ўзбек милиционерлари ҳақидаги фикрингиз қандай?
XS
SM
MD
LG