Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2023, Тошкент вақти: 17:40

Президент китоб ëзиш билан банд...


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўз асарларида тожик халқининг буюк маданияти ва буюк келажаги ҳақида ёзади¸ аммо бундай буюкликдан кўнгилли равишда хабардор бўлишга ишқибозлар¸ негадир жуда кам топилади.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўз асарларида тожик халқининг буюк маданияти ва буюк келажаги ҳақида ёзади¸ аммо бундай буюкликдан кўнгилли равишда хабардор бўлишга ишқибозлар¸ негадир жуда кам топилади.

Имомали Раҳмоннинг яна бир китоби сотувга чиққанини эшитган оддий тожикистонликлар¸ президентга китоб ëзишга кетадиган вақтини¸ мамлакат иқтисодий-ижтимоий муаммоларини ҳал этишга сарфлашни маслаҳат бердилар.

Имомали Раҳмоннинг “Тожикистон мустақиллиги ва миллатнинг тикланиши” китоби ўзбек президенти Ислом Каримовнинг “Жаҳон молиявий - иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” номли китоби тожик тилида тожикистонликларга тақдим этилиши ортидан ёруғ кўрди.

““Тожикистон мустақиллиги ва миллатнинг тикланиши” китобини кимлар ўқияпти, ўқигандан кейин қандай хулоса чиқаряпти, давлат раҳбари китоблари тожик жамиятидаги муаммоларнинг ҳал этилишида қанчалик аҳамиятга эга?” деган саволларга жавоб излаб Душанбе кўчаларида кичик бир сўров ўтказдик.

- Президентнинг ҳамма китобларини ўқиб бораяпман.

Президентимизнинг китобларида халқимизнинг яхши ҳаёт кечиришига қаратилган ҳикматли гаплар жуда кўп.

Масалан, миллий урф -одатларимизни тартибга солишга оид бобида, ортиқча ҳаражатларга йўл қўймаслик, Ислом динида мавжуд бўлмаган турли диний маросимларга барҳам бериш каби ҳикматлар айтилган.

Агар биз давлат раҳбари кўрсатганидек яшашни ўргансак, давлатимиз иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан ривожланиб кетишига шубҳа йўқ, дейди Душанбе шаҳаридаги 9-ўрта таълим мактаб ўқитувчиси Сайфиддин Қосимов.

Ўзини Абдулла деб таништирган бошқа бир суҳбатдошимиз давлат раҳбари китобларини ўқишга зарурат йўқлигини айтади.
- Ким хоҳласа ўқийверади. Бизда зарурат йўқ. Ҳаётимиз президент китобларидай эмас.

Президент тўғри гапиряпти, аммо амалда бошқа ишлар бўлаяпти. Шундан ҳаёт яхши бўладими? Ҳаёт кундан-кунга қийинлашиб кетаяпти.

Мана¸ деҳқончилигимиз учун ҳамма нарса қиммат. Масалан, электр таъминоти масаласи, президент чироқ ўчирилмайди, деб ваъда берди. Эртаси куни эса электр таъминоти бутунлай тўхтайди. Роса қийналдик қишда , дейди Абдулла ака.

Санобархон ҳам бу фикрларга қўшилади:

- Ҳамма ёқда ёлғончилик бўлиб кетган. Китобда бошқа нарсани ёзади, “қонун бор, ҳақиқат бор”, дейди. Аслида ҳақиқат йўқ. Ҳамма ёқ порахўрлик бўлиб кетган. Шунинг учун ихлосим йўқ, бундай китобларга, дейди Санобархон.

Тожикистон президенти китобларини тожик тилидан рус тилига таржима қилиш гуруҳи бошлиғи Сайфулло Сафаровга кўра, 2000 нусхада чоп этилган “Тожикистон мустақиллиги ва миллатнинг тикланиши” китобининг нархи 40 сомоний ( тахминан 10,5 доллар-таҳририят) экан.

Ҳафизахон исмли бошқа бир суҳбатдошимиз ҳозирги шароитда бу нархда китоб олиб ўқийдиганлар камдан -кам учрашини, чунки ҳозирда кўпчилик бола-чақа боқиш, рўзғорни таъминлашдан оширолмай қолганини айтади:

- Болаларимизнинг мактаб дарсликларини ололмаймиз. Учта ўғлим ўқийди, ҳар бир дарслик китоби 10 сомоний, қайси бирини олайлик.

40 сомонийга президентнинг китобини олиш ўрнига ун, ёғ оламан, болаларимни боқаман.

Бунча қиммат экан бу китоб, сал арзонроқ қилсин, бошқа қизиққанлар олиб ўқисин, дейди Ҳафизахон.

Таҳлилчи Раҳматулло Валиев Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга китоб ёзиш собиқ шўролар давридан юққан касал эканини таъкидлайди.

- Президент Раҳмон китоб ёзиш ўрнига мамлакатда мавжуд ва йиллар давомида ўз ечимини кутиб ётган ижтимоий - иқтисодий ва сиёсий муаммоларни ҳал этишга жиддийроқ киришгани маъқулроқ.

Менимча, президентлар нафақага чиққанидан сўнг ўз иш фаолиятлари ҳақида хотиралар ёзса қизиқроқ чиқади, ўқувчилари ҳам кўпроқ бўлади, дейди таҳлилчи.

Имомали Раҳмон мамлакат мустақиллигининг 18 йили мобайнида ўнлаб илмий китоблар ёзган.

Бу китоблар рус, ўзбек, инглиз тилларига таржима қилинган.
XS
SM
MD
LG