Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:32

Кўприк шаҳарда кўприк солинди


Маданият ва динлар ўртасидаги мулоқотни рағбатлантириш ниятида Барак Обама Истанбулда уч дин вакиллари билан учрашди.
Маданият ва динлар ўртасидаги мулоқотни рағбатлантириш ниятида Барак Обама Истанбулда уч дин вакиллари билан учрашди.

Илк Европа сафарини Истанбулда тугатиб¸ Вашингтонга қайтиши кутилган АҚШ президенти Барак Обаманинг Туркия учрашувлари¸ сиëсий таҳлилчиларга кўра¸ муваффақиятли ўтган.

Бир ҳафта давомида Европа ва жаҳон раҳбарлари билан бири-биридан мураккаб муаммолар юзасидан Лондон¸ Страсбург¸ Баден-Баден ва Прагада ўтказган тўхтовсиз учрашувларидан сўнг Оқ уй раҳбарининг Туркия сафари¸ бир оз дам олишдек кўринди.


Туркия Бош вазири ва Истанбулнинг икки таниқли имоми Обама учун Султон Маҳмуд масжидида махсус сайр уюштирдилар.
Аë-София ва Султон Аҳмад масжидларини зиëрат қилиш¸ мусулмон¸ яҳудий ва насроний уламолари билан мулоқот¸ турк талабалари билан очиқ ва самимий суҳбат қуриш – Обаманинг Истанбул сафари кун тартиби ана шундай кечди.

Ғарб ва Шарқ маданиятлари кесишган кўприк ҳисобланмиш Истанбулда қилган чиқишларида президент Обама Туркиянинг ана шу ноëб ўрни ва ролига алоҳида аҳамият қаратди.

АҚШ мусулмон дунëси билан янги муносабатлар саҳифасини очиш истагида эканини таъкидлаган Обама¸ душанба куни Туркия парламентида қилган чиқишида бу муносабатларнинг фақат террорчиликка қарши кураш билан чекланмаслигини таъкидлади.

- Американинг мусулмон жамоаси¸ мусулмон дунëси билан алоқалари фақат бизнинг террорчиликка нисбатан мухолифлигимизга асосланмаслиги лозимлигини очиқ айтишни истардим. Биз ўзаро манфаатлар ва ўзаро ҳурматга асосланган кенг муносабат қуришни истаймиз. Биз бир-биримизга яхшилаб қулоқ соламиз¸ ўзаро англашилмовчиликларга кўприк солиш ва бизни бирлаштирувчи асосларни излаймиз¸ деди президент Обама ўз чиқишида.

Айтилишича¸ АҚШ президентининг Туркия парламентида қилган чиқиши мамлакат сиëсатчилари¸ шунингдек оддий туркияликлар томонидан ҳам илиқ қарши олинган.

Обаманинг ўз оиласида ҳам мусулмонлар борлигини тилга олиб¸ АҚШ нинг Исломга қарши урушмаëтганини қайта-қайта такрорлаши¸ айниқса аксариятини мусулмонлар ташкил қилувчи туркияликлар кўнглини илитган баëнотлардан бўлган.

Обаманинг умумиятла бир ҳафталик Европа сафарининг муваффақиятли бўлганини таъкидлаëтган таҳлилчилар¸ унинг хусусан Туркияда хатарли оқибатларга элтувчи баëнотларга чап бера олганини мақтамоқдалар.

Бу хатарлар эса¸ Усмонли турк империяси замонида арманиларнинг ўлдирилишини геноцид деб баҳолаш¸ қолаверса Туркияни исломий давлат сифатида тасвирлаш эҳтимоли эди.

Журналистларнинг геноцидга оид саволига жавоб берар экан Обама бу сўзни ишлатишдан атайин сақланди¸ айни пайтда Туркиянинг аксарияти мусулмонлар яшовчи дунëвий¸ демократик давлат эканини урғулай олди.

Туркия ëшлари АҚШ президенти билан мулоқот давомида¸ ëшларига нисбатан анча етук сиëсий саволларни ўртага ташладилар.
Сешанба куни туркиялик талабалар билан суҳбатлашган АҚШ президенти¸ уларни қотиб қолган қолиплардан чиқиб¸ дунëни¸ бошқа дин ва миллат вакилларини бирлаштирувчи умумий қадриятларга ишонишга даъват қилди.

- Гарчанд¸ бошқа тилда гапириб¸ бошқа динга имон келтирсангиз ҳам¸ сиз ҳам ўз оилангизга ғамхўрлик қиласиз¸ сиз ҳам келажакда жамиятга фойда келтирадиган касб эгаси бўлишни орзу қиласиз¸ оила қуриб¸ болалик бўлиш¸ болаларингизнинг соғлом ва маърифатли бўлишига умид қиласиз.

Дунëнинг тўрт томонида яшаëтган инсонлар учун муҳим бўлган айни шу орзу ва умидлар улар ўртасидаги тавофутдан кўра каттароқ ва муҳимроқдир¸ деди турк талабалари билан суҳбат давомида Барак Обама.

Ғарб ва Шарқ ўртасидаги кўприк шаҳарда Барак Обама¸ АҚШ президенти сифатида ўз чекига тушган маъсулиятни ҳам кўприкка қиëслади.

- Ўйлашимча кўпчилик¸ мен каби хорижда яшаб кўрган¸ оиласида мусулмон бор одамнинг АҚШ президентлигига келиши ва дунëнинг бошқа бўлаклари билан кўприк қуриши мумкинлигидан рағбатланган кўринади¸ деди сешанба куни Обама Истанбулдаги учрашувда.

Истанбулдан тўғри Вашингтонга қайтиши айтилган Оқ уй раҳбари¸ кутилмаган тарзда сафари йўналишини Бағдодга бурди.
XS
SM
MD
LG