Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:27

Позициялар аниқ - ечим йўқ


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги гидроэнергетик лойиҳаларни Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлари бўлган давлатлар билан келишиб амалга ошириш зарурати борлиги ҳақида яна бир баёнот тарқатди.

Баёнотда айтилишича, БМТнинг қаттиққўл ва холис экспертизаси томонидан Қамбарота ва Роғун ГЭСлари лойиҳалари тадқиқ қилиниши лозим. Ташқи ишлар вазирлиги бундай лойиҳалар фақат тижорат ва сиёсий мақсадларда яратилганини айтади.

Бу Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг иккинчи баёноти. Айнан шундай баёнот ўтган йилнинг октябр ойида янграган эди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси ҳам, сиёсий партиялар ҳам бу масалани бир неча марта муҳокама қилдилар. Президент Ислом Каримов ҳам Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида бу ҳақда анча кескин гапирган эди.

Хуллас, Ўзбекистон томони фикрича, Қирғизистон ҳам, Тожикистон ҳам дарёнинг қуйи оқимида жойлашган давлатлар билан келишмай туриб, бу ГЭСларни қуриши мумкин эмас.

Бу лойиҳалар сиёсий мақсадларни кўзлаяпти. Содда қилиб айтганда, қулоқнинг бошида турган давлат дарёнинг қуйи оқимида турган давлатларга ўз ҳукмини ўтказа бошлайди.

Марказий Осиёда етакчиликни орзу қилган Ўзбекистон президентига бу ёқмаслиги табиий. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Қозоғистон ва Туркманистон билан ўзаро “сув иттифоқи” тузиб, бу ГЭСларнинг қурилмаслиги учун барча чора-тадбирларни ишга солаяпти.

Хўш, ким бу ерда ҳақ, ким ноҳақ? Зеро, Қирғизистон билан Тожикистон ҳам бу ГЭСлар улар иқтисодиётнинг ривожланиши учун сув ва ҳаводек зарурлигини айтади. Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматованинг айтишича, бу масалада ҳамма ўзича ҳақ.

- Биласизми, бу ўринда ҳамма ҳақ! Ўзбекистон ҳам ҳақ. У ўз ерларини доим суғориб келган ўша сувни сақлаб қолмоқчи. Зеро¸ Ўзбекистон иқтисодиётининг 60 фоизини аграр сектор ташкил қилади. Сувдан маҳрум бўлиш эса мамлакат учун ҳалокатдир.

Қирғизистон ҳам ҳақ. У ўзининг суверен давлат эканлигини пешкаш қилиб, ҳеч қайси халқаро ташкилот унинг ҳудудида ГЭС қуриш керакми ёки керак эмасми, деб буюришга ҳаққи йўқ, дейди.

Тожикистон ҳам ўзича ҳақ. Унинг энергия ишлаб чиқарадиган сувдан бошқа манбаси йўқ. У ҳам шунга мажбур бўлаяпти. Зеро¸ қишда энг оғири ҳозир Тожикистонга бўлаяпти, дейди Санобар Шерматова.

Унинг айтишича, илгари собиқ иттифоқ даврида бу давлатларда бу муаммо бўлмаган. Зеро, ҳоким Кремл эди. Тожикистон ва Қирғизистон қишда сув йиғиб, ёзда берарди, ўрнига эса компенсация тариқасида газ, нефт, электр энергияси оларди:

- Энди эса бу формула бузилди. Катта давлат йўқолди. Ўрнига мустақил давлатлар пайдо бўлди. Уларнинг ўртасида аввалгидек иттифоқ йўқ. Ҳаммаси ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилмоқчи.

Ўзбекистон ҳам шундан чўчияпти. Зеро, у Тожикистон билан чегараларни ёпди, виза тартиби жорий қилди, хуллас уни анча қийнаб қўйди.

Агар Тожикистон бу ГЭСни қурса, энди жилов Тожикистоннинг қўлига ўтиб кетиши мумкин. Агар бир ёз мавсумида сувни қисиб қўйса, Ўзбекистон иқтисодиёти фалокатга учраши мумкин.

Ўзбекистон ана шундан хавотирда ва шунинг учун ҳам бу ўринда фақат муаммони маслаҳат билан ҳал қилиш мумкин, дейди Санобар Шерматова.

Таҳлилчи бу муаммодан чиқишнинг фақат икки йўлини кўраётганини айтади:

- Биринчиси, собиқ иттифоқ моделига қайтиш. Яъни дарёнинг қуйи оқимидаги давлатлар ёзда сувни олади, қишда эса Қирғизистон ва Тожикистонни мазут, газ ва электр энергияси билан таъминлайди.

Иккинчи вариант эса сувнинг нархи компенсация қилинади. Яъни сув товарга айланади. Бироқ бунга Ўзбекистон қарши. Бундан тушган пулдан ГЭСлари бор давлатлар сув омборларини таъмир қилади ва бюджетини тўлдиради, дейди Санобар Шерматова.

Унинг айтишича, бу муаммоларнинг ҳаммаси 28 апрелда Олмаотада бўладиган Оролни қутқариш фонди саммитида муҳокама қилинади.

Тожикистон Сув ва мелиорация вазири Саид Ёқубзоднинг айтишича, Тожикистон ҳар қандай халқаро экспертиза ўтказилишига доим тайёр:

- Роғун ва бошқа ГЭСлар лойиҳаси собиқ иттифоқ давридаёқ тайёрланган эди. Ўшанда барча қўшни давлатларда мутахассислар иштирок этган. Халқаро экспертлар текширувидан кейин ҳақиқат ўз ўрнида қарор топади, деб ўйлайман, дейди Саид Ёқубзод.

Қирғизистондаги Сув ва гидроэнергетика муаммолари институти директори, академик Дуйшўн Маматқанов фикрича, Ўзбекистоннинг БМТ экспертизасини талаб қилишга ҳаққи йўқ:

- Қирғизистон бунга йўл қўймайди. Халқаро ташкилотларнинг ҳам бунга ҳаққи йўқ. Чунки бу давлат ичида қуриладиган иншоот, дейди академик Дуйшен Маматқанов.

Москвадаги Карнеги маркази шарҳловчиси Алексей Малашенко фикрича, Марказий Осиёдаги сув муаммосини минтақадаги давлат раҳбарлари фақат ўзлари, бир-бирини тушунган ҳолда ҳал қилиши мумкин.

- Албатта, бу мамлакатларнинг ҳар бири ўзи ҳақида ўйлаётган вазиятда улар қудратли давлатларнинг ҳомийлигини излайди. Лекин шунча йилдан бери уларнинг бирортаси бу борада конкрет ечим ёки ёрдам таклиф қилгани йўқ. Чунки сув масаласи нозик эканини ва Марказий Осиё мамлакатлари уни ўзлари ҳал қилиши лозимлигини улар яхши тушунади, дейди Москвадаги Карнеги маркази шарҳловчиси Алексей Малашенко.
XS
SM
MD
LG