Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:58

Тожикистонда озиқ-овқат нархи ошаяпти


Душанбе бозорларида озиқ-овқат нархларининг тобора ошиб бораётгани сотувчиларни ҳам, харидорларини ҳам хурсанд қилаётгани йўқ.
Душанбе бозорларида озиқ-овқат нархларининг тобора ошиб бораётгани сотувчиларни ҳам, харидорларини ҳам хурсанд қилаётгани йўқ.

Сўнгги кунларда Тожикистонда АҚШ долларининг сомонийга нисбатан қиймати ошиши баробарида мамлакат бозорларида озиқ-овқат нархи ҳам кундан-кунга ўсиб бораяпти.

Охирги тўрт кун ичида Тожикистонда долларнинг миллий валютага нисбатан қиймати ҳар куни ошиб бораётгани кузатилмоқда.

Шу кеча-кундузда бир АҚШ долларини тожикистонликлар аввалги 3 сомоний 95 дирам ўрнига 4 сомоний 20 дирамдан сотиб олмоқдалар.

Валюта нархининг ошиши бозорлардаги нарх-навонинг кўтарилишига туртки бўлди. Бундан тожикистонликлар озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошганидан ташвишга тушиб қолдилар.

- Мана, ун,ёғ, шакар, макарон... ахир булар кундалик истеъмол қилинадиган маҳсулотлар-ку. Ҳамма нарса бир сомоний, ҳатто ундан ҳам қиммат бўлибди. Пенсиялар оз бўлса, бу нархга ололмасак. Менга жуда қийин, 60 сомоний (тақрибан 14 доллар – таҳр.) оламан. У нима бўлади, дейди ўзини Ҳадича ая деб таништирган суҳбатдошимиз.

- Менинг учта болам бор. 100 доллар ойлик оламан. Ҳеч нимага етмайди. Бир қоп ун оласиз, ёғ оласиз - тамом. Эрим ишламайди. Бу нархлар қимматлаганига уйқуларим бузилган. “Болаларимни қандай боқаман”, деб тунлари ўйлайман. Ойлигимиз кўтарилмай, нархлар ошиб бораяпти. Ўйлаб ўйимга етолмай қолдим, дейди норози оҳангда Саломатхон исмли бошқа суҳбатдошимиз.

Анча йиллардан буён Россиядан озиқ-овқат маҳсулотлари импорти билан шуғилланиб келаётган Аҳмаджон исмли суҳбатдошимиз ўз хусусий дўконларида савдо аввалгидан 50 фоизга камайганини маълум қилди.

- Бундан уч-тўрт кун илгари кунига тахминан 20 та харидорга хизмат кўрсатган бўлсак, ҳозир харидорларимиз сони 10 кишига камайди. Не азоблар билан ташқаридан олиб келган маҳсулотларимизга харидор йўқлиги учун уларнинг истеъмол муддати ўтиб бораяпти. Бунинг учун сарфлаган ҳаражатларимизни қоплашимга кўзим етмайди, дейди Аҳмаджон.

Қайд этиш жоизки, Тожикистондаги озиқ-овқат маҳсулотларнинг 90 фоизи Эрон, Покистон, Ҳиндистон, Канада ва Россия каби давлатлардан импорт қилинади.

- Ҳатто картошкани ҳам Покистондан импорт қиламиз. Буларнинг ҳаммаси долларга келади. Унинг устига, Россиядан ҳам пул келмай қолди. Ана шунинг учун ҳам нарх ошиб кетди. Худо кўрсатмасин, бу кетишда яна бир жанжал чиқиши тайин, дейди душанбелик Холмурод ака.

Юқоридаги суҳбатдошларимиздан бири Ҳадича ая эса бу вақтинчалик ҳолат эканини, нархлар яна аввалгидек арзонлашишига ишонишини айтади:

- Мен ҳаётда оптимистман. Бу ўтиб кетадиган ҳолат, нархлар арзон бўлади, ҳаётимиз яна аввалгидек бўлмаса ҳам сал яхшироқ бўлади, дейди Хадича ая.

Аммо Холмурод ака бозорлардаги нарх арзонлатиш учун халқнинг ўзи ҳаракат қилиши кераклигини таъкидлайди.

- Ҳозир ҳеч кимдан умид йўқ. Давлатдан ҳам. Давлатнинг нимаси бор? Бир-икки йилга етадиган заҳираси йўқ хатто. Энди умид ўзимиздан, қиладиган меҳнатимиздан. Ҳамма ишнинг замирида меҳнат ётибди. Агар биз ҳар бир қарич ердан унумли фойдалансак, танбалликни бир ёққа йиғиштириб қўйсак, ҳаётимиз яхши бўлади. Одамлар кўпи тайёр ейишга ўрганиб қолгани учун тирикчилик шундай қийнлашиб кетаяпти.

Аввал эсингизда бўлса, ҳатто тоғ ёнбағирларини кетмон билан чопиб, деҳқончилик қилиб, бозорга олиб чиқардик. Ҳаммаёқда арзончилик эди. Ҳозирчи - томарқасига сув олиб чиқиш учун ариқ қазгиси келмай қолди одамларнинг. Ҳамма Россиядан келаётган пулларга тикилиб, тайёрига баковул бўлиб, ишламай қўйди, дейди Холмурод ака.

Душанбеилк Анзират ая ақлини танибдики, деҳқончилик қилиб, етиштирган маҳсулотларини Душанбе бозорига олиб чиқишини айтади. Аммо деҳқон аёлга кўра, шу кунда савдодан барака қочган.

- Э, ҳозир ҳеч кимда пул йўқ. Бозорни ҳам жин урди. Кимдан ҳол сўрасангиз, пул йўқлигидан нолийди. Савдо йўқ. Сотувчи кўп олувчи йўқ. Энди қандай тирикчилик қиламиз, дейди Анзират ая.

Душанбе бозорларида нарх-навонинг ошиши уч кундан буён кузатилмоқда. Тожикистон ҳукумати бу борада ҳозирча ҳеч қандай расмий изоҳ бергани йўқ.
XS
SM
MD
LG