Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:55

Тожикистон расмийлари "мужоҳидлари"ни менсимади


Тожик расмийларига кўра, Раштдаги ҳарбий амалиётлардан сўнг мамлакат хавфсизлигига таҳдид тугатилди.
Тожик расмийларига кўра, Раштдаги ҳарбий амалиётлардан сўнг мамлакат хавфсизлигига таҳдид тугатилди.

Расмий Душанбе "Тожикистон мужоҳидлари" гуруҳи мамлакат учун жиддий хавф туғдирмайди, демоқда.


Тожикистон ҳукуматига таҳдид мазмунида баёнот тарқатган “Тожикистон мужоҳидлари” гуруҳи, Ички ишлар вазирлиги расмийлари фикрича, бу мамлакат учун жиддий таҳдид саналмайди.

"Мулла Абдулло ўлдирилди, таҳдид тугатилди"

27 апрел куни Рейтер ахборот агентлиги тожикистонлик исломий жангарилар Имомали Раҳмон давлатига таҳдид солаётгани ҳақида хабар тарқатганди.

Тожикистон мужоҳидлари гуруҳи номидан битилган ўша баёнотда иқтидордаги ҳукумат кучларига қарши ҳужумлар кучайтирилиши билан таҳдид қилинган.

Тожикистонлик мужоҳидлар иқтидордаги ҳукумат кучларига қарши янги ҳужумлар билан таҳдид қилиш баробарида, тожикистонликларни президент Имомали Раҳмон юргизаётган сиёсатга қарши чиқишга даъват ҳам қилган”, дея ёзди Рейтер агентлиги 27 апрел куни.

“Мусулмонларнинг оёққа қалқиб, Имомали Раҳмоннинг кишанларини улоқтириб ташлашларининг вақти етди. Мулла Абдулло Оллоҳнинг душманларига қарши курашиб келган шаҳид. Оллоҳ учун жонини фидо қилишга тайёр ҳали кўплаб биродарлар бор”, дея иқтибос келтиради шу манба.

Мулла Абдулло лақаби билан танилган Абдулло Раҳимов.
Тожикистонлик мужоҳидларнинг баёноти Тожикистон расмийлари томонидан мулла Абдуллонинг ўлдирилгани ва “Шунинг билан мамлакат шарқидаги таҳдид ҳам тугатилди”, дея жар солаётгани вақтига тўғри келди.

Шу ўринда “Бу таҳдидлар қанчалик реал ва ундан нималар кутиш мумкин?” деган савол туғилади.

Ички ишлар вазирлигининг номи ошкор қилинишини истамаган расмийси “Тожикистонда мамлакат барқарорлигини издан чиқара оладиган бирорта ҳам куч йўқлиги” ни таъкидлади.

Унингча, ҳақиқатдан мулла Абдулло Тожикистон учун жиддий таҳдидлар туғдирган.

“Лекин ҳукумат кучлари бундай таҳдидни бартараф қилиш уддасидан чиқа олди”, деди номи сир тутилган расмий.

"Иғво қўзғовчи дават"ми?

Аснода бир гуруҳ таҳлилчилар тожик жамиятига таҳдид солаётган гуруҳлар ҳали ҳам мавжудлигини айтади. Лекин улар, таҳлилчилар фикрича, бирор жиддий бурилиш ясашга қодир эмаслар .

Тожикистон парламенти депутати Саидумари Ҳусайни.
Тожикистон парламенти қуйи палатаси вакили Сайидумари Ҳусайни мужоҳидлар баёнотини “иғво қўзғовчи бир даъват” ўлароқ баҳолар экан, бу даъват аксарият томонидан қувватланмаслигига ишонишини айтади.

Тожик депутати Ҳасайни одамларни чалғитиш мақсадида тарқатилган баёнотнинг ташаббускори Ўзбекистон Исломий Ҳаркати бўлиши мумкин дея мулоҳаза юритади.

- Аҳмадшоҳи Масъуд толиблар билан жанг қилиб юрган кезлар Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг бир гуруҳ аъзолари толиблар томонга ўтиб олиб, тожикистонлик мужоҳидлар номидан Масъудга қарши урушганди. Улар ўзларини Тожикистон мужоҳидлари деб аташарди. Бундан мақсадлари Масъудни тожикларга қарши қайраш бўлган. Мулоҳазамча, сўнгги баёнот ҳам Ўзбекистон ҳукумати тарбиялаган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ҳозирдаги раҳбарларининг иши бўлиши мумкин. Чунки тожик фарзандидан бундай ёмонликни кутиш мумкин эмас, - дея фикр билдиради парламентда Тожикистон Ислом уйғониш партиясидан вакил Ҳусайни жаноблари.

Минтақа бўйича таҳлилчи Қосим Бегмуҳаммадов эса тожик жамиятида ҳукумат жиддий ёндошиши зарур бўлган талайгина муаммолар мавжудлигини айтади.

- Минтақа давлатлари, жумладан, Тожикистонда араб давлатларидагига ўхшаш муаммолар талайгина. Албатта, бу муаммолар фуқароларни давлат тўнтариш қилишгача олиб бормаса ҳам, ҳар ҳолда ҳукумат мавжуд муаммоларни тезроқ ҳал қилиши лозим. Тожик мужоҳидлари номидан тарқатилган баёнотга тўхталадиган бўлсак, бу ерда хориж хавфсизлик хизматларининг қўли борлиги сезилади.

Мен Тожикистондан бевосита манфаатдор бўлган давлатларни назарда тутаяпман. Бу давлатлар шу йўл билан Тожикистон ҳукуматига бир сигнал юбориб, ўзларининг борликларини эслатиб қўймоқчи,- дейди Қосим Бегмуҳаммадов.

Кузатувчиларга кўра, Тожикистонда диндорлар ҳуқуқларининг бузилиши вазиятни беқарорлаштириши мумкин.
1997 йил Тожикистонда тожиклар аро ярашув борасида имзоланган битим бу мамлакатдаги беш йиллик урушга нуқта қўйди. Аммо мухолифатнинг айрим лидерлари, жумладан, мулла Абдулло бу ҳужжатни менсимади ва ўз тарафдорлари билан Афғонистонга чиқиб кетди.

Иқтидордаги ҳукумат 2009 йил ёзи ва 2010 йил кузида Рашт водийсида содир этилган ҳужумларда мулла Абдуллони айблаганди.

Шу йил апрел ойи ўрталарида ҳукумат куч ишлатиш тизимлари томонидан мулла Абдуллонинг ўлдирилиши баробарида мамлакат шарқидаги таҳдид ҳам бартараф қилинганини айтган эди тожик расмийлари.

Аммо бир гурҳ кузатувчилар бу мамлакатдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият ҳамон таранглигича қолаётганини айтади.

Кузатувчилар президент Имомали Раҳмон экстремистик гуруҳларга қарши курашиш баҳонасида масжидларни ёпиб қўяётгани, дин вакиллари ва диний таълим устидан назоратни кучайтираётгани баробарида мамлакат хавфсизлигига янги таҳдидлар учун имкон яратаётганини урғулашмоқда.
XS
SM
MD
LG