Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:57

"Олис йўллар чорлар мени¸ чорлар замон"


Манат чавандоз 37 йиллик профессионал фаолияти давомида қозонгани совринларни кўз-кўз қилишдан фахрланади.
Манат чавандоз 37 йиллик профессионал фаолияти давомида қозонгани совринларни кўз-кўз қилишдан фахрланади.

Кумуш Раззоқова ижросидаги бу қўшиқ қирғизистонлик чавандоз Манат Эшимбетов учун айтилгандек. Асли қозоқ бўлган цирк устаси Манат Эшимбетов бундан 17 йил аввал мамлакатдан чиқиб кетганича ҳали қайтмади.

Бу 17 йил ичида Манат Эшимбетов дунëнинг турли мамлакатларида от қувиб томошaлар кўрсатди¸ совринлар олди.

“Қирғизистон йигитлари” деб аталган бу цирк гуруҳи бозингар ва ҳуққабозлар орасида Оскарга тенглаштирилган мукофотга ҳам сазовор бўлди. От устида ëтиб туриб томоша кўрсатаëтган бу йигитлар оëғи Прагага ҳам етди. Олти отни миниб чопаëтган Марказий Осиëдан келган қийиқкўз чавандозлар қийқириғи сокин Прага осмонида акс-садо берди.

Олти от думалоқ саҳна бўйлаб ëлларини ҳилпиратиб чопмоқда. Отларга гоҳ сакраб миниб¸ гоҳида бедов бўйнини қучоқлаб томоша кўрсатаëтган чавандознинг исми Манат.

- Илк марта цирк остонасини ҳатлаб иш бошлаганимга ҳам 37 йил бўлибди. Шу 37 йилнинг сўнгги 17 йили тинимсиз сафарларда кечди. Фестиваллар фестивалларга уланиб кетаверди. Мен шу фестиваллардан ҳеч қурса бириси Қирғизистонда бўлса деб орзу қилар эдим¸ дейди Манат Эшимбетов.

Манат Эшимбетовга кўра¸ совет иттифоқи деб аталган давлатнинг оëғи осмондан келганидан кейин Қирғизистонда цирк путурдан кетди. Қирғиз циркидаги таниқли ҳуққабоз¸ бозингар¸ афсунгар ва чавандозлар дунëнинг ҳар тарафига тарқаб кетди.

“Қирғизистонда менинг чавандозлик гуруҳим ҳақида билишмаса ҳам керак¸ аммо мен цирк соҳасидаги энг мўътабар олтита совринни олганман. Мен кўрсатган томошаларни Хитой¸ Италия ва Франциядаги томошабинлар олқишлашди”¸ дейди Манат чавандоз Озодлик билан суҳбатда.

Қипиқ тўкилган арена узра арғумоқлар чопмоқда. Бу сафар отлар жилови қирғиз чавандоз аëли Дилбарнинг қўлида.

Дилбарнинг моҳирлик билан отларни ўз измига бўйсундирганини кўрган чех томошабинлари “бу амазон аëл эканку” деб ҳайратланишди.

Илк бор от узангисига оëқ қўйган пайтимда¸ анча қийналганман¸ дейди Дилнар Озодлик билан суҳбатда.

- Аввалига қийин бўлди. Бора-бора ўрганиб қолдим. Суворовнинг “машқда қийин бўлса¸ жангда осон бўлади” деган гапи борку. Бу гап бизга ҳам тааллуқли. Аммо шундай бўлса ҳам ҳар гал томоша олдидан ҳаяжонланаман¸ дейди Дилбархон.

Дилбархон от устида учиб бормоқда. Қўлида қамчи қарсиллайди. Баҳор чоғи пишқирган селда арғумоқлар қўшиғи бордир деган таниш мисралар келади қулоғимизга.

“Собиқ Совет Иттифоқидан жуда кўп цирк усталари Европада юришибди. Кўпинча ўртакашлар уларни камситиб озгина ҳақ эвазига томоша кўрсаттиришади. Бу ëмон”¸ дер экан Манат Эшимбетов¸ Ўзбекистонда цирк санъати ва инфратузилмалари сақланиб қолганини хурмат билан тилга олди.

Манат Эшимбетовнинг гапларини ўзбек ъцирки мутасаддиси Зуҳра Олтмишева ҳам тасдиқлади.

- Мана¸ масалан¸ миллий цирк деганимизга дорбозлар ҳам киради. Илгаридан мана дорбозчи Тошкенбоевлар сулоласи бор.

Ҳозир бизларнинг циркда ëшлардан ташкил қилинган “икки қаватли дорбозлар” деган гуруҳ бор. Бу гуруҳга республикада хизмат кўрсатган Нисо Алиева раҳбарлик қилади. Мана шу гуруҳ Германияга бориб ўзимизнинг миллий циркимизнинг уйғонган анъаналарини намойиш қилиб¸ иккинчи ўринга сазовор бўлиб келишди¸ дейди Зуҳра Олтмишева.

Зуҳра Олтмишева¸ айни пайтда¸ ўзбек цирки ҳам муаммолар билан юзма-юз турганини айтади.

- Мана эстрада цирк коллежини битирадида¸ келиб шу билан циркда ишлаб юраверади. Бошқа жойда ишлай олмайди.

Мана шулар моддий томондан қийналишади. Биз давлат бюджетидамиз ва ойлигимиз камроқ. Шу туфайли тарқалиб ҳам кетиши мумкин¸ дейди Зуҳра Олтмишева.

Шунга қарамасдан Тошкентдаги цирк чиптаси нисбатан энг арзон¸ дейди суҳбатдош.

- Мен шунча жойни кўрганман¸ энг арзон билет Ўзбекистонда¸ дейди Зуҳра Олтмишева.

Аммо энг арзон чиптага қарамасдан ўзбекистонликлар циркка боришни исташмаяпти. Шу маънода улар Бишкекдагилардан фарқ қилишмади.

Аммо европаликлар жон-жон деб Марказий Осиëдан келган циркчилар санъатини томоша қилмоқда. Манат Эшимбетовни Прагадан кейин Вена ва Берлин кутмоқда.
XS
SM
MD
LG