Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:38

Ички истеъмол учун мўлжалланган ғоя


Таҳлилчилар президент Каримовнинг 6+3 мулоқот гуруҳини тузиш ташаббусини кенг тарғиб қилишга бел боғлаган ўзбек депутатларининг саъй-ҳаракати халқаро миқёсда самара беришига ишонмаяптилар.
Таҳлилчилар президент Каримовнинг 6+3 мулоқот гуруҳини тузиш ташаббусини кенг тарғиб қилишга бел боғлаган ўзбек депутатларининг саъй-ҳаракати халқаро миқёсда самара беришига ишонмаяптилар.

25 июн куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида мамлакат президенти Ислом Каримовнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Екатеринбург саммитидаги нутқи муҳокама қилинди.

ЎзА агентлиги хабарида айтилишича, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан ўтказилган муҳокамаларда депутатлар Каримовнинг Афғонистонда барқарорлик ўрнатишга оид 6+3 мулоқот гуруҳини тузиш ташаббуси юқори баҳолаб, уни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш ишларида фаол қатнашишга келишиб олган.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 6+3 гуруҳини тузиш ташаббусини биринчи марта ўтган йил апрел ойида НАТОнинг Бухарест саммитида илгари сурган эди.

Каримов таклиф қилган ва Олий Мажлис олқишлаб, аҳоли орасида кенг тарғиб қилмоқчи бўлаётган 6+3 формуласи 1997 йилда тузилган 6+2 гуруҳига НАТОни қўшиш орқали уни қайтадан жонлантиришни кўзда тутади.

90-йиллар охирларида кўпчиликнинг эътиборини тортган ва кейинчалик ҳамманинг эсидан чиққан тузилмага Афғонистонга қўшни бўлмиш олти давлат – Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон, Покистон ва Хитой ҳамда Қўшма Штатлар ва Россия кирган.

Каримовнинг ташаббуси баён қилинганидан бир йил ўтган бўлса-да, унга на Қўшма Штатлар ва НАТО, на Россия жиддий эътибор қаратмоқда.

Қолаверса, Ўзбекистон раҳбари хаёлидаги тузилманинг фараз қилинаётган бошқа аъзолари ҳам Олий Мажлис депутатлари олқишлаётган ташаббусга лоқайд қолмоқда.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов 6+2 гуруҳининг ўзи бемаъни ва бемақсад ғоядан туғилгани каби унинг номини ўзгартириб, қайтадан жонлантириш ҳам истиқболсиз ташаббус эканини айтади.

- 6+2 ғоясининг тарихига эътибор берадиган бўлсак¸ ўша пайтда дунëда ҳозирги даражадагидек кучли геосиëсий тўқнашувлар ëки кучли геосиëсий кураш бўлаëтгани йўқ эди.

У пайтда Россия президенти бўлган Елцин ва Эрон президенти бўлган Ҳотамийнинг Ғарб билан муносабатлари умуман олганда анчагина яхши эди.

6+2 ўша пайтнинг ўзидаëқ ишламаган эди. Геосиëсий курашлар ва Афғонистонга ëндошувдаги фундаментал зиддиятлар 6+2 лойиҳасини чиппакка чиқарган эди.

Ўтган йил бу лойиҳанинг 6+3 қилиниши¸ у ерга НАТОнинг қўшилиши ва олдинги ғоянинг тикланишини идеализм дейишимиз мумкин. Чунки бунда АҚШ бўладими¸ НАТО бўладими - Эроннинг иштирок этишига катта шубҳаси бор.

Эрон Афғонистон муаммоларини ҳал қилишда иштирок эта олиши мумкин¸ лекин, биринчидан, бугунги кунда Ғарб билан Эрон ўртасида ишонч йўқ. Иккинчидан¸ Россиянинг Афғонистонга муносабати.

Биринчидан¸ Россия Афғонистонда барқарорлик бўлишини ва бу борада Ғарб Афғонистонга ўз сарф-харажатини йўллашини хоҳлайди¸ аммо Россия Ғарбнинг Афғонистонда узоқ муддат қолишини хоҳламайди. Россияда мана шундай зиддиятли хоҳиш-ирода бор, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи.

Бундан ташқари, таҳлилчиларга кўра, Каримов ва Ўзбекистон сиёсатчилари Афғонистонда барқарорлик ўрнатишнинг ягона самарали йўли сифатида тақдим этаётган 6+3 ташаббусида Афғонистон ҳукумати учун ўрин берилмагани ҳам унинг ҳали туғилмай туриб ўлган ғоя эканига бир мисолдир.

Россиядаги “Время новостей” газетасининг халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубнов ана шундай фикрдаги таҳлилчилардан биридир.

- Бу ҳали туғулмай туриб, ўлган ғоядир, чунки шу пайтгача Ўзбекистон раҳбарияти тузилажак гуруҳнинг моҳияти нимадан иборат бўлишига оид саволлар, яъни янги гуруҳ эскисидан нима билан фарқ қилади, қандай янгилиги бор, деган саволларга жавоб бергани йўқ.
Аввалги 6+2 гуруҳи фаолият олиб борган пайтларда унга Афғонистон ҳукуматининг киритилмаганини тушунса бўларди, чунки ўшандаги Толибон режимини ҳеч ким тан олмаганди.

Лекин Бонн конференциясидан кейин Кобулда халқаро ҳамжамият тан олган ҳокимият ўрнатилганидан кейин ҳам Ўзбекистоннинг Карзай ҳукуматини Афғонистонда барқарорлик ўрнатишни мақсад қилган гуруҳга киритмаётгани ғалати ҳолдир.

Бу ҳақда Россия расмийлари билан ҳам бир неча марта суҳбатлашганман, улар ҳам Каримовнинг таклифини тушунмасликларини айтиб, елка қисишган.

Албатта, Ислом Каримовнинг ўзини ҳақ¸ бошқаларни ноҳақ, деб ҳисоблашга асослари бордир. Балки шундай ҳамдир, лекин ҳозирча у киши буни исботлай олгани йўқ, дейди “Время новостей” газетасининг халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубнов.

Балки Олий Мажлис депутатлари 6+3 гуруҳини тузиш ташаббуси ҳақида ўзбекистонликлар орасида кенг тушунтириш ишларини олиб борса, кўп нарса ойдинлашар ва президент Каримовнинг ҳақлиги исботланиб, у бир йилдан бери халқаро ҳамжамиятга сотишга ҳаракат қилиб келаётган ғоянинг нархи ҳам ошиб қолар?

Таҳлилчи Раббимов президент Каримовнинг аксарият ташаббуслари каби Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш бўйича 6+3 мулоқот гуруҳини тузиш ташаббуси ҳам ўзбекистонликлар истеъмоли учун ўйлаб топилган ғоя эканига шубҳа қилмайди.

- Бу ғоя Ўзбекистоннинг ички сиëсати учун мўлжалланган ғоя бўлиши керак. Яъни информацион соҳада вакуум бўладиган бўлса¸ Каримовнинг имижига ижобий таъсир қилишга ҳаракат қилинадиган бўлса ëки умуман олганда, сиëсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари нимадир билан шуғулланиши керак-ку.

Улар жамиятнинг актуал муаммоларини кўтара олмагандан кейин ҳокимият томонидан ижозат берилган муаммоларни кўтариши керак. Шу муаммолар ичида улар 6+3 ëки КХШТдаги Каримовнинг нутқларини муҳокама қилаяпти. Умуман олганда, бу Ўзбекистонда шаклланган традиция.

Ҳар доим Каримов бирор жойда чиқиш қилар экан¸ бу нутқ йиллар давомида шу соҳада янги нутқ пайдо бўлмагунича такрорланаверади.

Каримовнинг экстремизм ва терроризм борасида 2002 йилда Истанбулдаги саммитда ëки 2004 йилдаги бошқа саммитлардаги нутқи ҳалигача “мана, Каримов тўғри айтган эди” деб такрорланади.

Шу нуқтаи назардан бу Ўзбекистоннинг ички эҳтиëжларига мўлжалланган лойиҳа. Бу халқаро ҳамжамиятнинг бу борадаги фикрини ўзгартирмайди.

Халқаро ҳамжамият 6+3 лойиҳасига ўз муносабатини қайта кўриб чиқмайди¸ чунки геосиëсий зиддиятлар ҳаддан ташқари кучли¸ дейди ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг хабарида айтилишича, 25 июн кунги муҳокамаларда Олий мажлис депутатлари Ўзбекистон республикасининг келгуси даврда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиш вазифаларини самарали амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга қаратилган тегишли қарор ҳам қабул қилганлар.
XS
SM
MD
LG