Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2023, Тошкент вақти: 02:21

"Ханжар" курашга солинди


"Ханжар" амалиëтининг Въетнамдан кейин Америка ҳарбийлари бошлаган энг йирик хорижий амалиëт экани айтилмоқда.
"Ханжар" амалиëтининг Въетнамдан кейин Америка ҳарбийлари бошлаган энг йирик хорижий амалиëт экани айтилмоқда.

2 июл куни Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари толиблар таянч макони ҳисобланган Ҳелманд вилоятида жангариларга қарши “Ханжар” деб номланган кенг кўламли ҳужум бошлади.

Афғонистон жанубида жойлашган Ҳелманд вилоятида пайшанбадан бошланган ҳужумнинг Въетнам урушидан кейин АҚШ денгиз пиёда кучлари амалга оширган энг йирик ҳарбий амалиёт экани айтилмоқда.

“Ханжар” деб номланган ҳарбий амалиётларга АҚШнинг 4000 дан зиёд аскари, шунингдек Афғонистон армияси ва полициясининг юзлаб ходими жалб этилган.

Амалиётлардан кўзланган мақсад британиялик 8000 ҳарбий жойлаштирилганига қарамай, беқарор вазият ҳукм сураëтган Ҳелманд вилоятида хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни яхшилашдан иборат.

Ҳолландиядаги Қироллик ҳарбий академияси профессори Жулиан Линдлей-Френч юзлаб зирҳли ва бошқа ҳарбий машиналар иштирокида амалиёт ўтказилаётган Ҳелманд вилоятидаги вазиятни яқиндан кузатиб бормоқда.

Унинг Озодлик радиосига айтишича, кўп сонли ҳарбий куч қўлланилмагани боис Ҳелманддаги аввалги ҳужумлар кутилган натижани бермаган.

- Қўшимча АҚШ кучлари жойлаштириш орқали ҳозир бу минтақада барқарор вазиятни тиклаб, қайта қуриш ишларини амалга ошира оладиган ишончли куч ва ҳақиқий имконият пайдо бўлди, деди профессор Линдлей-Френч.

АҚШ Афғонистонга 21 минг аскардан иборат қўшимча куч жўнатиш режасининг бир қисмини амалга оширганидан кейин Ҳелманд вилоятида биринчи марта кенг кўламли амалиёт ўтказилмоқда.

АҚШ армияси қўмондонлари асосий эътиборни толиблар бош қароргоҳи ҳисобланган Наво ва Гармшерга қаратмоқда.

Ҳелманд вилояти ҳокими Гулоб Мангал бу амалиётлар кутилган натижани беради¸ деган фикрда.

- Ҳарбий амалиётлар тугаб¸ вилоят толиблар ва бошқа қуролли душманлардан тозаланганидан сўнг бу ерга афғон миллий армияси ва полицияси қисмлари жойлаштирилади. Ўз фаолиятини давом эттиришлари учун уларни Халқаро тинчликпарвар кучлар қўллаб-қувватлайди. Иккинчи муҳим нарса шуки, биз бу минтақалар учун кенг кўламли қайта қуриш режасини ишлаб чиққанмиз, дейди Ҳелманд вилояти ҳокими.

Ҳолландиядаги Қироллик ҳарбий академияси профессори Жулиан Линдлей-Френч Ҳелманддаги ҳужумлар Покистон армиясининг паштунлар яшайдиган Афғонистон билан чегарадош вилоятларида толиблар жангариларига қарши ўтказаётган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари билан боғлиқ эканини айтди.

- Ҳужумдан кўзланган асосий мақсад Афғонистон-Покистон чегарасининг икки томонида толибларга босимни давом эттиришдан иборат. Афтидан¸ Покистон ҳарбийлари Сват водийсидан ташқарида Вазиристон вилоятида ҳам амалиётлар олиб бормоқда. Мақсад толибларнинг коммуникация линияларини узиш, жангарилар жануб орқали Афғонистон ҳудудига тезда ўтишини тўхтатишдан иборат.

Бу Афғонистондаги сайловолди ва сайловдан кейинги муҳим даврнинг бошланишидир. Шу боис ҳарбий амалиётларга кенгроқ сиёсий-стратегик ва минтақавий-стратегик нуқтаи-назардан қараш лозим, дейди ҳолландиялик ҳарбий мутахассис Жулиан Линдлей-Френч.

Айни пайтда 2 июл куни Покистон ҳарбийлари Ҳелманд вилоятидаги ҳужумлардан қочиб¸ жангарилар Покистонга ўтишининг олдини олиш мақсадида Афғонистон билан чегарага қўшимча куч жойлаштирилганини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG