Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:29

Тожикистондаги ягона хусусий университет ёпилмоқда


Тожикистон Маориф вазирлиги мамлакатдаги ягона хусусий университетни вақтинча ёпиш ҳақида буйруқ чиқарди. Аммо университет таъсисчиси осон таслим бўлишни хаёлига ҳам келтирмаяпти.

Тожикистон Маориф вазирлиги расмийлари “техник сабаблар”ни рўкач қилиб мамлакатдаги ягона хусусий университетни ёпиш ҳақида буйруқ берди.

Техник инновациялар ва коммуникация институти ходимлари орасида тожик мухолифатининг кўплаб таниқли сиёсатчилари ва ҳукуматни танқид қиладиган профессорлар ҳам бор.

Бу олийгоҳ асли тожикистонлик бўлган АҚШ фуқароси Садриддин Акромов томонидан ташкил этилган бўлиб, АҚШ ва Ғарб давлатлари грантлари асосида фаолият юритиб келаётган эди. Оддий одамлар уни “Америка университети” деб аташади.

Университет Маориф вазирлиги буйруғига бўйсунмай, ўз фаолиятини давом эттиришга қарор қилди.

Саҳна ортида эса Садриддин Акромов маҳкамада Маориф вазирлиги билан тортишмоқда.

- Биз бугун эрталаб саккизда университет эшикларини талабалар ва профессорлар учун очдик. Биз вазирлик қарори юзасидан судга мурожаат қилганмиз. Суд вазирлик қарорини ёқлаб қарор чиқармагунча қонуний жиҳатдан биз фаолиятимизни давом эттиришга ҳақлимиз, деди Садриддин Акромов.

Маориф вазирлиги ҳеч қандай тушунтириш бермай, университет ҳужжатларни текшириши кераклигини ва бунинг учун университет камида уч ойга ўз фаолиятини тўхтатиши кераклигини талаб қилмоқда.

Вазирлик вакили бўлган юрист Сайвали Қодиров университетни кўрсатма берилмагунча янги талабалар қабул қилмаслик ҳақида аввал берилган буйруққа риоя қилмаганликда айблади.

- Маориф вазирлиги буйруғини бажармагани учун университет ёпилган эди. Университет уч ойга ўз фаолиятини тўхтатиши ва бу муддатда камчиликлар бартараф қилиниши керак эди. Камчиликлар тузатилганидан кейин университет фаолиятини давом эттириши керак эди, дейди Сайвали Қодиров Озодликка берган интервьюсида.

Қодиров Маориф вазирлиги университет фаолиятини тўхтатиш ҳақида буйруқ бериш орқали қонунни бузмаганини айтди.

Аммо университет ходимлари вазирлик буйруғини савол остига қўймоқда.

Қонунчилик бўйича профессор Шокиржон Ҳакимов фикрича, Тожикистон ҳукумати бу университетга ҳукуматнинг аксар танқидчилари йиғилганидан хавотирга тушган.

Ҳакимов фикрича, талабаларни “эркинлик ва бошқа демократик қадриятлар”га ўқитаётгани учун ҳукумат бу университетни ўзи учун “таҳдид” деб ҳисобламоқда.

Техник инновациялар ва коммуникация институти талабалари эса коррупциядан ҳоли бўлгани ва бошқа олийгоҳларга қараганда яхшироқ билим бергани учун шу университетда билим олаётганларини таъкидламоқда.

Тўртинчи курс талабаси Жуманазар Озодликка берган интервьюсида бошқа университет талабалари пора бериб имтиҳон топшираётган бўлса, у ўз кучи билан ўқиётганини айтди.

- Университетимизда коррупция йўқ. Биринчи навбатда, шунинг учун мен бу олийгоҳни танлаганман. Бизнинг профессорлар бошқа олийгоҳларникидан фарқ қилади. Бу университет ва профессорлари илм беришни олий мақсад қилиб белгилаган, дейди 4-курс талабаси Жуманазар.

Техник инновациялар ва коммуникация институти фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги суд қарори бир неча кундан кейин эълон қилиниши кутилмоқда. Садриддин Акромов Маориф вазирлиги ва мамлакатдаги ягона хусусий олийгоҳ ўртасидаги кураш узоқ вақт давом этади, деган фикрда.
XS
SM
MD
LG