Линклар

Шошилинч хабар
06 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:38

Европа Марказий Осиëни демократлаштирмоқчи


Польшанинг Криница шаҳрида ўтган 19-йиллик Иқтисодий форум қатнашчилари энергия бозорида Марказий Осиё аҳамияти ошиб бораётганини тан олган ҳолда минтақа давлатларида демократик ислоҳотлар ўтказилиши лозимлигини таъкидладилар.

Криница шаҳрида ўтаётган Иқтисодий форум қатнашчилари Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё муносабатлари борасида икки хулосага келдилар.

Биринчи хулоса, улкан нефт ва газ заҳирасига эга бўлган Марказий Осиё аҳамияти энергия таъминотчиларини турфалаштириш йўлларини излаëтган Европа Иттифоқи учун муҳим бўлиб бораëтганига оид.

Иккинчиси эса¸ Европа Иттифоқи минтақа энергиясига муҳтож бўлишидан қатъий назар Марказий Осиёда демократик қадриятларни тарғиб қилишдан воз кечмаслиги лозим¸ деган мазмундадир.

Криница Иқтисодий форумида сўзга чиққан Америка ва европалик нотиқлар Европа Иттифоқи ва Россия ўртасидаги мураккаб муносабатлар энергия таъминотчиси сифатида Марказий Осиё давлатлари аҳамиятини ошираётганини таъкидладилар.

Бироқ Россия вакиллари Марказий Осиё нефт ва газининг яқин фурсатда Европага экспорт қилинишига шубҳа билдирди.

Энергия хавфсизлиги бўйича Россия миллий жамғармаси раҳбари Константин Симонов Марказий Осиё энергия ресурслари учун Россия ҳамда Европа Иттифоқи ўртасида рақобат бўлмаслигини, Москва ва Брюссел бу минтақада ўз манфаатларини аллақачон бўлашиб олганини айтди.

- Энг қизиғи шундаки, Марказий Осиёда қазиб олинаётган миқдордаги газ аллақачон Европа Иттифоқи ва Украинага етказиб бериляпти. ... Европа, Марказий Осиёни назорат қилиш Европанинг энергия ресурслари муаммосини ҳал қилади¸деб ўйлайди. Аммо ушбу энергия ресурслари аллақачон Европа бозорига олиб келингани унутиб қўйиляпти. Асосий гап¸ Европа истеъмолчиларига энергия ресурсларини етказиш учун янги йўл изланаётганида, деди Россия вакили.

Симоновга кўра, Россия Ўзбекистон ва Туркманистондаги қатор энергетика лойиҳаларидан воз кечган. Аммо Симонов Европа Марказий Осиёдаги Россия ўрнини ўз-ўзидан эгаллай олмаслигини айтди. Унинг фикрича, Марказий Осиё энергетика бозорида асосий ўйинчи Хитой бўлиб қолади.

Анжуманда сўзга чиққан бир неча қатнашчи Европа Иттифоқи ўз энергетика манфаатини кўзлаб демократик қадриятлардан воз кечмаслиги кераклигини таъкидлади. Улар фикрича, Европа энергия хавфсизлиги ва ўз қадриятлари ўртасида мувозанат ўрнатиши лозим.

Аммо Тожикистондаги Исломий уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий Европа нефт ва газ ресурсларига эга бўлиш учун сиёсат юритаётгани ва бу жараëнда инсон ҳуқуқлари ва демократия масалалари иккинчи ўринга туширилганини айтади.

- Биз ҳаммамиз Европа Иттифоқи икки йил олдин Марказий Осиё бўйича янги стратегия қабул қилганини биламиз. Бу стратегия тўрт масаладан, яъни,энергия хавфсизлиги, экстремизм ва терроризмга қарши кураш, иқтисод ва савдо ҳамда инсон ҳуқуқлари ва демократиялаштиришдан иборат. Мен бу стратегияни ишлаб чиқиш жараёнида Европа Иттифоқи ва минтақанинг бошқа давлатлари вакиллари билан бирга муҳокамаларда иштирок этганман. Ўшанда биз МО бўйича янги стратегия билан боғлиқ айрим хавотирларимизни айтганмиз. Ўшанда бизга мазкур стратегиянинг асосий мақсади энергия хавфсизлиги масаласи бўлиб туюлган, - деди Тожикистондаги Исломий уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий.

Бунинг исботи ўлароқ¸ Криница Иқтисодий форумида ўтказилиши режаланган Марказий Осиёда авторитаризм ва диний экстремизмга қарши кураш мавзуидаги семинар бекор қилинди.

Исми ошкор этилмаслигини сўраган Форум ташкилотчиларидан бири Озодликка, авторитаризм мавзуидаги семинар Ўзбекистон делегацияси норози бўлгани учун бекор қилинганини билдирди.
XS
SM
MD
LG