Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:58

Ўзбек тилига расмий мақом сўралмоқда


Тожикистондаги Ўзбеклар жамиятининг Хатлон вилоят бўлими раиси Салимжон Шамсиддиновга кўра, Тожикистонда ўзбек тилига расмий мақом берилиши давлат тилини билмайдиган ўзбеклар турмушини анча енгиллаштириши мумкин.
Тожикистондаги Ўзбеклар жамиятининг Хатлон вилоят бўлими раиси Салимжон Шамсиддиновга кўра, Тожикистонда ўзбек тилига расмий мақом берилиши давлат тилини билмайдиган ўзбеклар турмушини анча енгиллаштириши мумкин.

Тожикистон парламентида “Тил тўғрисидаги қонун” лойиҳасимуҳокама этилаëтган айни кунларда мамлакатда аҳоли сони бўйича иккинчи ўринни эгаллаган ўзбеклар ўзбек тилига расмий мақом берилишини талаб қилмоқдалар.

Тожикистонлик ўзбекларнинг бу талаби “Тил тўғрисидаги қонун” лойиҳаси Тожикистон парламентида муҳокама этилаётган бир пайтга тўғри келди.

Тожикистондаги Ўзбеклар жамиятининг Хатлон вилоят бўлими раиси Салимжон Шамсиддинов мазкур ҳужжат қабул қилиниши чоғида кўп сонли тожикистонлик ўзбеклар ҳуқуқи ҳам эътиборга олиниши зарурлигини таъкидлайди.

- 1989 йил охирги марта СССР переписи бўлган эди¸ эсингизда бўлса. Ўшанда ҳамма нарсани ёзган эди, ҳатто уйингиздаги велосипедингизгача, қайси миллатдансиз, элатдансиз. Ана шу статистика бўйича менда расмий маълумот бор, унда тожикистонлик ўзбеклар тахминан 1 189 141 киши, яъни тахминан 1 200 000 этиб кўрсатилган эди. Орадан 20 йил ўтди. Бу 20 йил мобайнида тожиклар икки бараварга ошган, ўзбек ўсмайдими? 800 минг одам йиғилгандир. Шунинг ҳисобидан биз икки миллион ҳисоблаяпмиз. Ўйлаб кўринг, биз тожикистонлик ўзбекларнинг мустақил газетамиз, телевидениемиз ёки ўз тилимиздаги радиомиз йўқ. Бу ёғи хабарларинг бўлса, жанубий туманларда ўзбек синфларини ёпиб ташлашаяпти, дейди Хатлон вилоятидаги Ўзбеклар жамияти раиси.

Салимжон Шамсиддинов фикрича, республика аҳолисининг тожиклардан кейин энг кўп қисмини ташкил қилган ўзбекларнинг она тилига расмий мақом берилиши зарур.

- Жамиятимизнинг талаби шуки, ўзбек тилига ҳам расмий мақом берилиши керак. Ўқишга, ёзишга, печатга, умуман идоравий иш юритишга, дейди Салимжон ака.

Мавзу юзасидан айни пайтда “Тожикистон тил тўғрисидаги қонуни” лойиҳаси муҳокамасида қатнашаётган парламент қуйи палата депутати Музаффар Исломиддиновга мурожаат этдик.

Депутат мамлакат Конституциясининг 6-моддасида республикадаги миллий озчилик вакиллари, жумладан, ўзбек, рус, қирғиз, қозоқ ва бошқа шу каби миллат вакилларига ўз она тилларида таҳсил олиш, ўзаро гаплашиш ва ёзиш ҳуқуқи берилганини қайд этди.

- Лекин ўз мустақиллигини қўлга киритган ҳар бир давлат, жумладан, Тожикистондек кичкина мамлакатда битта расмий - Давлат тили қабул қилинади. Бошқа тилларга эса, аҳолиси сонини эътиборга олиб, миллатлараро муомала тили мақоми берилиши мумкин, яна билмадим, умуман, бу масала парламент вакиллари муҳокамасида кўриб чиқилиши керак, дейди депутат Исломиддинов.

Аммо ҳуқуқшунос Раҳматулло Зоиров тожикистонлик ўзбеклар истаги рўёбга чиқишига шубҳа билан қарайди. Бунга, Раҳматулло Зоиров фикрича, Тожикистондаги Ўзбеклар жамиятининг республикада обрў-эътиборга эга бўлолмагани сабабдир.

- Ҳар бир миллат, унинг сони оз-кўплигидан қатъий назар, бир мақомга эришиши унинг фаолияти, обрўси ва мавқеига боғлиқ. Баъзи мамлакатларда сони жуда оз элатлар тили расмий мақомга эга. Чунки ўша миллат вакиллари жуда фаол. Аммо тожикистонлик ўзбеклар жамияти жуда пассив. Улар шу пайтгача бирорта тадқиқот олиб боргани, давра суҳбатлари ўтказгани ёки тожикистонлик этник ўзбеклар маданияти, тарихи ва умуман шу кабилар ҳақида бирорта таҳлилий мақола ёзгани йўқ. Қуруқ гап билан мақсадга эришиб бўлмайди-ку? Бундай катта ишни бошлашдан аввал парламентни, ҳукуматни асосли далиллар билан ишонтириш лозим, дейди Раҳматулло Зоиров.

Ҳуқуқшунос фикрича, агар Тожикистондаги Ўзбеклар жамияти фаоллари ана шу талабларни бажаришдан эринмасалар, албатта ҳукумат ва парламент вакиллари жамият талабини келгуси йилларда қонунга ўзгартиш киритиш йўли билан инобатга олиши мумкин.

Бироқ кекса журналист ва мустақил таҳлилчи Нўъмонжон Фахриддинов Тожикистон расмийлари Ўзбекистонга қараб “этик ечади”, деган фикрда.

- Биз республиканинг иккинчи аҳолиси бўлганимиз билан барибир Тожикистоннинг рус тилига бўлган йўналиши, интилиши, муносабати ўзбек тилига бўлган муносабатидан юқорироқ. Бахтсизлигимиз шундаки, Ўзбекистон президенти ўша мамлакат қонунида тожик тилига давлат мақоми бергани йўқ. Ана шу жиҳатдан бизнинг тилимиз қисиқ, бир нарса деяолмаймиз. Энди ўзбекча қилиб айтганда, подшоларимизга Худо инсоф берсин, дейди Фахриддинов.

Бошқа бир таҳлилчи Исмоил Раҳматов ҳам тожикистонлик ўзбекларнинг бугунги талаби ҳақли экани айтаркан, бунга Афғонистондаги ҳолат мисол бўлиши мумкинлиги айтади.

- Афғонистонда ўзбеклар (30 миллиондан зиёд бўлган – таҳр. изоҳи) аҳоли умумий сонининг фақат икки миллионини ташкил этади. Аммо давлат мақоми берилган. Республикамизнинг кўплаб туман ва қишлоқларидаги аҳолининг асосий қисмини ўзбеклар ташкил этади. Аммо бу масаланинг ҳал этилиши яна ўша Ўзбекистондаги ўзбеклар аҳволига боғлиқ, дейди таҳлилчи Исмоил Раҳматов.
XS
SM
MD
LG