Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2021, Тошкент вақти: 11:37

Ўзбекистон хабарлари

Туркман маҳсулотларига таъқиқ жорий қилинди

Ўзбекистон Туркманистондан гўшт, сут ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб киришни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги Хоразм вилояти ҳокимлигидаги расмийларга таяниб хабар тарқатди.

Расмийлар бунга қўшни давлатларда юзага келган "хавфли эпидемик вазият"ни сабаб қилиб кўрсатишмокда. Жумладан, "геморрогик безгак вируси тарқалиш хавфи" важидан вилоят фавқулодда эпидемияга қарши комиссиянинг қарори билан ушбу чеклаш киритилган.

Айни пайтда маҳаллий матбуотда хавфли инфекцияга қарши кураш бўйича зарур профилактика ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Кун янгиликлари

ССВ: Коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 193 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 28 ноябрь ҳолатига кўра, 193 минг 65 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, кеча мамлакат бўйлаб 234 киши коронавирусга чалинган.

Якшанба куни Жиззах, Навоий ва Сурхондарё вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда 216 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 189 минг 664 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 2 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 399 нафарга етганини қўшимча қилган.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига 2022 йилда Ўзбекистон раислик қилади

ИҲТнинг Ашхободда ўтган 15-саммити иштирокчилари

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига 2022 йилда раислик қилиш вазифаси Ўзбекистонга топширилди. Бунга оид қарор ИҲТнинг 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида ўтган 15-саммитида қабул қилинган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда иштирок этган Шавкат Мирзиёев қатнашчиларни кейинги йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган галдаги саммитга таклиф қилган.

Мезбон президент Г. Бердимуҳамедов раислигида ўтган Ашхободдаги саммитда Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёевдан ташқари Озарбайжон президенти И.Алиев, Покистон президенти О. Алвий, Тожикистон президенти Э. Раҳмон, Туркия президенти Р. Т. Эрдўғон, Эрон президенти И. Раисий, Қирғизистон президенти С. Жапаров ҳамда Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин ва ИҲТ бош котиби Х. Нозирий ҳам иштирок этишган.

Саммитда Ш. Мирзиёев ИҲТ доирасида янгиланган ва кенг қамровли Савдо битимини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, минтақадаги мавжуд транспорт йўлакларидан унумли фойдаланиш ва янгиларини яратиш, “яшил тараққиёт”га эришиш учун амалий саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш, сайёҳлик алмашувларини қайта тиклаш каби таклифларни олға сурган ҳамда Афғонистон масаласига тўхталган.

Қашқадарёда пора билан қўлга тушган спорт мактаби раҳбари 5 йилга қамалди

Қашқадарёнинг Китоб туманида 1,5 миллион сўм пора олаётган пайтда ушланган спорт мактаби раҳбари устидан ҳукм ўқилди.

Маҳаллий матбуот хабарига кўра, Китобдаги 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори М.Х. қилмиши туфайли 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Мулозим шу йилнинг август ойида бир кишидан спорт мураббийи лавозимига ишга киритиб қўйиш учун пора олаётган вақтида қўлга олинган.

Китоб туман суди судланувчини Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми (пора олиш) билан айбдор деб топган. Суд ҳукми билан собиқ директор 2 йилгача масъул лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган.

Мирзиёев: Афғон халқи яқин қўшнилар ёрдамисиз қийин синовлардан ўта олмайди

Туркманистоннинг Ашҳобод шаҳрида ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик саммитида сўз олган Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Толибон ҳукмронлиги остидаги Афғонистондаги вазиятга эътибор қаратди.

“Ушбу мамлакат кун сайин оғир гуманитар инқирозга кириб бормоқда. Халқаро ҳамжамият, жумладан, яқин қўшнилар ёрдамисиз афғон халқи якка ҳолда бу қийин синовлардан ўта олмайди", - деди Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари Толибон Афғонистони билан минтақавий аҳамиятга эга бўлган йирик савдо, транспорт ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш ишларини изчил давом эттириш зарурлигини ҳам таъкидлади.

"Афғон халқига зарур ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва умумий ёндашувларни ишлаб чиқишимиз керак", - деди Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти Толибон қудратга келиши ортидан уни қўллаб чиққан.

Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тинчлиги учун, "ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни билдирганди.

Афғонистон Ўзбекистоннинг жанубий қўшниси, унга чегарадош Марказий Осиёнинг уч давлатидан бири бўлади.

Мирзиёев Ашҳободдаги саммит теграсида Покистон ва Тожикистон раҳбарлари билан ҳам икки томонлама музокара ўтказган.

Афғонистон айни вақтда гуманитар инқироз ёқасида турибди. Жорий йил охиригача ушбу давлатда 1 миллион бола очликдан ўлиши таҳмин қилинмоқда.

Алишер Усмонов Халқаро қиличбозлик федерацияси раҳбарлигига қайта сайланди

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Халқаро қиличбозлик федерацияси раҳбарлигига учинчи марта қайта сайланган.

У ташкилотга 2008 йилдан раҳбарлик қила бошлаган, 2012 ва 2016 йилларда қайта сайланган эди.

Федерация раҳбарлигига сайлов 27 ноябрь куни Швейцариянинг Лозанна шаҳрида бўлиб ўтган.

Конгресс бир йил аввал ўтказилиши керак эди, бироқ коронавирус пандемияси сабаб кейинга қолдирилганди.

Сайлов якунларига кўра Ўзбекистон вакиллари ҳам ташкилотнинг бир қатор бўлимлари таркибий қисмига кирди.

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Бош котиби Гулнора Саидова тарғибот қўмитаси, Токио-2020 Олимпиадасида реферилик қилган Аида Ҳасанова эса ҳакамлар қўмитаси таркибига киритилди.

Конгрессда шунингдек, 2023 йилда қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш учун номзод сифатида Тошкент ҳам намойиш этилди.

Бироқ, жаҳон чемпионатини Миланда ўтказишга қарор қилинган.

Олий Мажлис депутати Марказий Банкни "қора бозор"га йўл очиб бераётганликда айблади

Танқидий чиқишлари билан танилган Ўзбекистон Олий Мажлисининг депутати Расул Кушербоев Марказий банкни дам олиш кунлари валюта айинбошлаш шохобчалари ишламаслиги туфайли одамларни валютани "қора бозорда" алмаштиришга мажбур қилаётганликда айблади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси бўлган Кушербоев 27 ноябр куни Facebook`даги саҳифасида жонли эфирга чиқиб, ўзи яшайдиган Янгийўл шаҳрида бир соат давомида валюта айирбошлаш шохобчасини қидиргани, бироқ, уларнинг барчаси ёпиқ эканлигини айтди.

Кейин депутат гувоҳлар иштирокида 50 долларни "қора бозор"да алмаштирди.

"Ҳар қандай вазиятда ҳам фуқаролар ҳуқуқбузарлик қилмасликлари учун уларни шуни қилишга мажбур қилувчи барча сабаблар бартараф этилиши шарт", — дея таъкидлади депутат.

"Одамларнинг шанба кунлари кўпроқ бўш вақти бўлади ва нарса харид қилишга чиқиши мумкин. Туристларни ҳам вақти бўлса шу кунлари айланади. Лекин бизнинг банкларимизнинг валютани айирбошлаш шохобчалари шанба, якшанба кунлари ишламас экан. Марказий банкимизнинг шу муаммони ҳал қилиб бермай шу пайтгача юрганига қойил қолсангиз бўлади", — дея қўшимча қилади Куширбоев.

Ҳозирча Ўзбекистон Марказий банк расмийларидан депутатнинг танқидларига муносабат билдирилгани йўқ.

Аввалроқ Марказий банк 2021 йил 11 ноябридан хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилаган, унга мувофиқ, доллар курси 10 минг 715 сўм 30 тийин қилиб кўрсатилган эди.

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк уни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олган эмас.

Мирзиёев Ашхободда туркманистонлик ҳамкасби Бердимуҳамедов билан музокара ўтказди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ашхободда туркманистонлик ҳамкасби Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокара ўтказди

Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Ашхобод шаҳрига борди.

Бу жаноб Мирзиёевнинг октябрь ойида президентликка қайта сайланганидан буёнги учинчи хорижий сафари.

Бундан олдин у Туркия ва Россияга сафар қилган.

Ўзбекистоннинг расмий ЎзА агентлиги хабарига кўра, Мирзиёев Туркманистон раҳбари билан икки томонлама яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилган.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Покистон президенти Ориф Алвий билан учрашув ўтказган.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, суҳбат давомида Ўзбекистон—Покистон кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Покистон президентидан сўнг Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан ҳам музокара ўтказган.

"Давлат раҳбарлари Ўзбекистон—Тожикистон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиққан. Кенг кўламли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳим экани қайд этилган.

Шунингдек, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм ва бошқа устувор соҳаларда истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Етакчилар Марказий Осиё минтақасидаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан ҳам фикр алмашган", дейилади расмий ЎзА агентлигининг хабарида.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) минтақавий кўп томонлама тузилма бўлиб, минтақа мамлакатлари ўртасидаги яқин савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида 1985 йилда ташкил этилган.

Бугунги кунда ташкилотга Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон аъзо. Ўзбекистон ИҲТга 1992 йилда қўшилган.

Тадбир кун тартибидан савдо, инвестициялар, "яшил" иқтисодиёт ва инновациялар, рақамли технологиялар, транспорт, логистика, туризм ва бошқа устувор йўналишларда кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Самарқандда 13 ёшли қизнинг ҳомиладор бўлиб қолиши бўйича жиноят иши қўзғатилди

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси умумтаълим мактабларидан бирида ўқийдиган 13 ёшли ўқувчи қизнинг ҳомиладор бўлиб қолиши юзасидан жиноят иши очилганини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда Самарқандда 13 ёшли мактаб ўқувчиси 25 ҳафталик ҳомиладор экани айтилган хабарлар тарқалган эди.

Самарқанд ИИБсига кўра, мазкур холат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноятда гумонланиб бир эркак ҳибсга олинган. Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари маълум эмас.

Озодлик ўтмишда ҳам Ўзбекистонда вояга етмаган қизларнинг ҳомиладор бўлганига оид айрим ҳолатлар ҳақида хабар берган.

Беш йил аввал Хоразмнинг Шовот туман Бўйрачи қишлоғида яшовчи 13 яшар қиз ўз туғишган акасидан фарзанд кўрган эди.

2015 йилда Хоразм вилояти Гурлан туманининг Гулистон қишлоғида истиқомат қиладиган 12 яшар қиз ҳам ўз акасидан фарзанд кўргани ҳақида Озодлик хабар берган.

Тошкент ИИББ Юнусободдаги масжидда жума намози пайтидаги жанжал бўйича маълумот берди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Юнусободдаги масжидда жума намозида рус йигитининг ислом динини қабул қилган пайтда жанжал кўтарган шахс "даволанишга жойлаштирилган"ини маълум қилди.

Бир кун аввал ижтимоий тармоқларда Юнусобод туманидаги масжидда жанжал кўтаришга уринган эркак видеоси тарқалган эди.

Унда йигит сўзга чиққан вақтда бошқа бир эркак бақир-чақир қилиб норозилик билдиргани акс этган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси билдирувида айтилишича, 26 ноябрь куни ўтказилган жума намози давомида имом-хатиб бир йигит ислом динини қабул қилиб, мусулмон бўлмоқчи эканини маълум қилган.

Сўнг йигитга сўз берилган ва у жамоага рус тилида мурожаат қилган. Кўпчилик унинг сўзларини тўғри тушунган, аммо бир эркак ҳолатга норозилик билдиришни бошлаган. Масжид жамоаси уни кўчага олиб чиққан.

"Аниқланишича, ушбу шахс 41 ёшли А. бўлиб, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасасида ҳисобда туради. Кейинчалик у тиббиёт муассасасига даволаниш учун жойлаштирилди", дейилади Тошкент ИИББ баёнотида.

Аммо, йигит қандай касллик бўйича ҳисобда туриши ва айнан қандай тиббиёт муассасасига жойлангани ҳақда баёнотда айтилмаган.

Гувоҳлар жанжалкаш руҳий касаллар шифохонасига олиб кетилганини айтишмоқда.

Илғор технологиялар маркази: Ўзбекистонда COVID-19'нинг тўртта штамми мавжуд 

Ўзбекистонда COVID-19’нинг тўртта штамми аниқланган. Тошкентдаги Илғор технологиялар маркази бу ҳақда маълум қилди.

Марказ директори ўринбосари Алишер Абдуллаевга кўра коронавирус штаммларини аниқлаш ишлари ўтган йили олиб борилган, 2021 йилда эса ишлар давом эттирилган.

Абдуллаевнинг фикрича, Ўзбекистонда COVID-19'нинг тўртта штамми мавжуд.

Уларнинг биттаси "асл" Уҳан штаммига яқин, у коронавирусга чалинганларнинг тахминан 1 фоизида аниқланган. "20А" штамми эса 7 ҳолатда кузатилмоқда.

Шунингдек яна бир тури "Альфа" ёки Британия штамми деб аталади, у эса тахминан ўн фоизда қайд этилган. Шу билан бирга беморларнинг 82 фоиздан ортиғи "Дельта" штамми (Ҳинд версияси) билан зарарланган.

Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Жанубий Африка Республикасида аниқланган коронавируснинг янги штаммини Омикрон дея номлади.

Тошкентдаги Илғор технологиялар марказига кўра, Омикрон Ўзбекистонда ҳозирча қайд этилмаган.

Оққўрғонда уч ой аввал оила қурган эр-хотин ис газидан заҳарланиб ўлди

Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 26 ёшли фуқаро ва унинг 24 ёшли турмуш ўртоғи ис газидан заҳарланиб, вафот этгани ҳақда хабар қилди.

Суд-тиббий экспертизанинг дастлабки маълумотига кўра, уларнинг ўлимига заҳарланиш, ўткир юрак қон томир нафас етишмовчилиги, мия ва ўпкалар шиши сабаб бўлган.

Вазият юзасидан туман прокуратураси терговга қадар текширув ўтказмоқда.

Прокуратуранинг маълум қилишича, ҳодиса жойи кўздан кечирилганда уйнинг яшаш хонадонига 25 ноябрь куни кечки вақтда қўлбола усулда ясалган табиий иситувчи печни олиб келиб қўйгани маълум бўлган. Бироқ, иситиш печини ўрнатмаган ҳамда дудбўрон қўймаган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасида фуқароларнинг ўлимига номаълум этиологияли заҳарланиш, ўткир юрак қон томир нафас етишмовчилиги, мия ва ўпкалар шиши сабаб бўлгани кўрсатилган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан олдин Фарғонадаги боғчадан эркак кишининг жасади топилгани, у ис газидан заҳарлангани хабар қилинган.

Нукусда ижарада яшовчи 18 ёшли талаба йигит ис газидан заҳарланиб, вафот этган, Самарқандда контейнердан ўлик ҳолда топилган икки ишчи ҳам ис газидан заҳарланиб, вафот этгани маълум қилинганди.

ОТБ Тошкент вилоятида сув таъминотини яхшилаш учун 160 млн доллардан зиёд қарз ажратди

Иллюстратив сурат

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Тошкент вилоятида оқава сувларни интеграциялашган тарзда бошқариш тизимини ишлаб чиқишда кўмаклашиш учун Ўзбекистонга 161 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз ажратди. Банк матбуот хизмати маълумотига кўра, қарз маблағи вилоятда сув таъминоти ва канализация хизматини яхшилашга ёрдам бериши керак.

Хабарномада қайд этилишича, Тошкент вилоятида канализация тизимларига аҳолининг 20 фоиздан камроғи уланган. Вилоятдаги шаҳарларда канализация тизими 1991 йилдан бери кенгайтирилган эмас.

ОТБ дастаклаётган лойиҳа доирасида Оҳангарон, Олмалиқ, Ангрен, Бекобод, Чирчиқ, Янгийўл ва Чинозда марказлашган оқава сув тизимлари янгиланади.

Лойиҳага мувофиқ, тозалаш иншоотлари ва канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 800 минг нафардан зиёд аҳоли уйларига сув ҳисоблагичлари ўрнатиш кўзда тутилган.

ССВ: Коронавирусдан вафот этганлар сони 1 минг 390 нафардан ошди

Ўзбекистонда 25 ноябрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 3 нафари вафот этган, шу тариқа бу хасталикдан қурбон бўлганларнинг умумий сони 1 минг 392 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, пайшанба куни мамлакат бўйлаб 206 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 192 минг 381 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда кеча барча ҳудудларда 186 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 189 минг 46 нафарга етган.

ССВ маълумотига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган апрель ойидан буён шу кунгача 32 миллион 803 минг 308 доза вакцинадан фойдаланилган.

Вазирлик 1-босқичда эмланганлар сони 17 миллион 98 минг 127 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони 10 миллион 360 минг 453 нафарни, 3-босқичда эмланганлар сони эса 5 миллион 344 минг 728 нафарни ташкил этганини билдирган.

МИБ қарздорлик важидан қидирилаётганларнинг мингдан зиёди хорижга чиқиб кетганини билдирди

Мажбурий ижро бюросига тегишли автомобиллар

Мажбурий ижро бюроси жорий йил бошидан бери Ўзбекистонда қарздорлиги туфайли 7 минг 800 дан зиёд жисмоний шахсга нисбатан қидирув эълон қилган, шундан 4 минг 500 нафардан (58 фоиз) кўпроғи топилиб, мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилган.

МИБ матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳозирда 3 минг 264 нафар қарздорни қидириб топиш чоралари кўриляпти, булардан 2 минг 149 нафар Ўзбекистон ҳудудида яшириниб юргани, 1 минг 115 нафари эса турли мақсадларда хорижий мамлакатларга чиқиб кетгани аниқланган.

“Қидирувдаги шахслар топилиши натижасида қарздорлардан жами 30 млрд 700 млн. сўм, шу жумладан 22 млрд 800 млн. сўм алимент пуллари ундирилиб, вояга етмаган фарзандларнинг моддий таъминот олишлари таъминланган”, дейилган бюро хабарномасида.

Мактабгача таълим вазирлиги Фарғона вилоятидаги боғчадан жасад топилганини тасдиқлади

Иллюстратив сурат

Мактабгача таълим вазирлиги 20 ноябрь куни Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидаги “Қўрғонча” маҳалласи Пахтаобод кўчасида жойлашган 27-болалар боғчасида бир эркакнинг жасади топилганига оид хабарларни тасдиқлади.

“Мазкур ҳолат Фарғона вилояти мактабгача таълим бошқармаси раҳбарияти томонидан тўлиқ назоратга олингани, айни кунларда Қўштепа тумани ҳокимининг қарори билан мазкур бахтсиз ҳодиса сабаблари махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганилаётгани, ўрганиш хулосалари тайёр бўлса, бу ҳақда қўшимча маълумот берилишини маълум қиламиз”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Аввалроқ маҳаллий нашрларда боғчадан жасади топилган шахснинг ис газидан вафот этгани тахмин қилинаётгани ёзилган. МТВ махсус ишчи гуруҳ хулосаси тайёр бўлгунига қадар журналист ва блогерлардан вафот этган шахс ҳамда унинг қандай лавозимда фаолият олиб боргани хусусида тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмай туришни сўраган ҳамда марҳумнинг 27-болалар боғчасида мавсумий ўт ёқувчи вазифасида фаолият юритганини қўшимча қилган.

Аввалроқ Озодлик Нукусда 18 ёшли талаба, ундан олдин эса Самарқанд вилоятида агрокимё ширкатининг икки ишчиси ис газидан вафот этгани ҳақида хабар қилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG