Линклар

Шошилинч хабар
13 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:51

Барадей Теҳрон билан ҳамкорликдан умидвор


Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Муҳаммад ал-Барадей фикрича, Теҳрон ва халқаро ҳамжамият ўртасида ҳамкорлик ва шаффофликка ўтиш фурсати келган.
Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Муҳаммад ал-Барадей фикрича, Теҳрон ва халқаро ҳамжамият ўртасида ҳамкорлик ва шаффофликка ўтиш фурсати келган.

3-4 октябр кунлари Теҳронда Эрон расмийлари билан музокаралар олиб борган Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Муҳаммад ал-Барадей халқаро кузатувчилар 25 октябр куни Эрондаги янги ядровий иншоотда текширув ишлари олиб боришини маълум қилди.

Муҳаммад ал-Барадей сўзларини Эрон атом энергияси агентлиги раҳбари Али-Акбар Солиҳий ҳам расман тасдиқлади.

- Янги иншоотнинг тинчлик мақсадларида барпо қилинаётганини тасдиқлаш биз учун муҳимдир, дея қўшимча қилди Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари.

Бундан ташқари, Муҳаммад ал-Барадей ўз агентлиги, Эрон ва халқаро ҳамжамият Теҳрон ядровий дастури атрофидаги вазиятни ҳал этишда тўғри йўналишда кетаётганини таъкидлади.

- Биз Эрондан шаффофлик кутмоқдамиз. Муҳим масалаларни муҳокама қилишда халқаро ҳамжамиятдан ташаббусни ўз қўлига олишини кутмоқдамиз. Муҳим давр бўсағасида турибмиз. Зиддиятдан ҳамкорлик ва шаффофликка ўтиш фурсати келди, деб ҳисоблайман, деди АЭХА раҳбари.

Муҳаммад ал-Барадей, шунингдек, АҚШ, Россия, Франция ва Эрон расмийлари 19 октябр куни Венада Теҳрон ядровий дастури юзасидан сўзлашувлар олиб боришини маълум қилди.

Эрон ҳукумати сентябр ойида Қум шаҳри яқинида уранни тўйинтирувчи иккинчи ядровий корхона барпо қилинаётганини халқаро ҳамжамиятга ошкор қилди.

1 октябр куни Женевада жаҳоннинг қудратли олти давлати вакиллари билан учрашган Эрон делегацияси халқаро кузатувчиларнинг барпо қилинаётган иншоотга киритилишига рухсат беришга розилик берди.

Эрон ҳукумати ядровий энергия дастурини ривожлантиришга ҳаққи борлигини таъкидлаб келади. Бироқ иккинчи иншоотнинг ошкор қилиниши Эрон ядровий дастури юзасидан ташвиш билдириб келаётган Ғарб давлатлари хавотирини янада кучайтирди.

"The New York Times" нашрининг билдиришича, Атом энергияси халқаро агентлиги расмийлари олиб борган текширув натижасида Эрон ядровий қурол ишлаб чиқариш учун етарлича маълумотни қўлга киритган, деган хулосага келган.

Айни пайтда АҚШ молия вазири Тимоти Гайтнер барча давлатларни Эрон молия институтларига қарши санкциялар жорий этишга чақирди.

Истанбулда чиқиш қилган АҚШ молия вазири, ўз таъбири билан айтганда, пул ювиш ва терроризмни молиялаштириш каби Эрон банклари ҳаракатларига қарши чора кўрилиши лозим, деган фикрни билдирди.

АҚШ расмий Теҳронни ядровий қуролга эгалик қилишга уринаётганликда ҳамда “Ҳизбуллоҳ” ва Фаластиндаги бир нечта гуруҳларни қўллаб-қувватлашда айблаб келади.
XS
SM
MD
LG