Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:15

АҚШ элчиси тожик сиёсатчиларини умидлантирди


Тожикистондаги парламент сайловлари нақадар шаффоф ўтиши, тожик сиёсатчилари фикрича, кўпроқ мамлакат президенти Имомали Раҳмоннинг сиёсий иродасига боғлиқ.
Тожикистондаги парламент сайловлари нақадар шаффоф ўтиши, тожик сиёсатчилари фикрича, кўпроқ мамлакат президенти Имомали Раҳмоннинг сиёсий иродасига боғлиқ.

Америка Қўшма Штатлари Тожикистонда 2010 йил февралида бўлиб ўтиши кутилаётган парламент сайловларининг шаффоф ва демократик ўтишида ёрдам кўрсатмоқчи.

АҚШнинг Тожикистондаги янги элчиси Кеннет Гросс 2 октябр куни президент Имомали Раҳмон билан бир ярим соатдан ортиқроқ қилган мулоқоти чоғида Афғонистондаги бугунги вазият ва минтақа хавфсизлиги масалалари баробарида 2010 йил февралида Тожикистонда бўлиб ўтиши кутилаётган парламент сайловига тайёргарлик юзасидан ҳам фикр алмашган.

Имомали Раҳмон билан яккама-якка суҳбатидан сўнг журналистларга матбуот анжумани берган АҚШ элчиси ўз фаолияти давомида асосан тожик жамиятида тинчлик-барқарорликни таъминлаш ортидан Тожикистоннинг Афғонистон билан 1400 километрдан ортиқ давлат чегараларини мустаҳкамлаш, бу мамлакат иқтисодий лойиҳаларига хорижлик сармоядорларни жалб этишга кўмаклашиш ва тожик жамиятида демократик тамойилларни такомиллаштириш баробарида олдинда турган парламент сайловларнинг шаффоф ўтишига таъсир ўтказишга уринишини билдирди.

- Олдинда турган парламент сайловларининг демократик ва шаффоф ўтиши ва бу мамлакатдаги барча сиёсий партиялар ўз дастурларини жамиятга етказиб бера олишлари учун баравар имкониятларга эга бўлиши учун иложи борича ҳаракат қиламан. Шу билан бир қаторда, Марказий сайлов комиссияси ва маҳаллий комиссиялар масъулларига халқаро меъёрлар талабига жавоб берадиган сайлов ўтказишлари мақсадида машғулотлар уюштирамиз, дея таъкидлади элчи Гросс Кеннет.

Америкалик дипломат Тожикистонда аввал ўтган сайловлар натижалари халқаро институтлар томонидан танқидга учраганига ҳам ишора қилиб ўтди.

Бироқ Тожикистон Халқ демократик партияси масъули Мусо Асозода америкалик элчи фикрларини асоссиз, дея баҳолайди.

- Тожикистонда бўлиб ўтган сайловлар етарли даражада шаффоф ўтган, олдинда турган сайловлар ҳам халқаро меъёрлар талабига жавобан ўтади, деган умиддамиз. Аммо ташқаридан келган элчими, бошқами - сайловларимизга таъсир ўтказишга ҳақсиз, деб биламан. Яна бир марта такрор бўлса ҳам айтаман - сайловларимиз демократик тарзда ўтган ва ўтади, дейди Тожикистон Халқ демократик партияси расмийси.

Бироқ Тожикистон социал-демократик партия раиси ўринбосари Шокиржон Ҳакимов Тожикистон сайловлари фақат ўтган асрнинг 90-йилларигача шаффоф ўтганини таъкидлайди.

Парламент вакилларининг тахминан 90 фоизи Тожикистон Халқ демократик партиясидан эканини қайд этаркан, Социал-демократик партия расмийси бу мустақиллик йилларида сайловларнинг шаффоф ўтмаганининг исботи эканини урғулайди.

- Сўнгги марта 90-йилда сайловимиз демократик ўтган эди. Аммо ундан кейинги ҳамма сайловларда сохтакорлик кузатилди. Демократик тажрибага эга Америка Тожикистондаги сайловлар, жумладан, олдинда турган парламент сайловининг шаффоф ва демократик тарзда ўтишида иқтидордаги расмийларга босим ўтказиш учун маънавий ҳуқуққа эгадир, дейди Шокиржон Ҳакимов.

Бироқ, Шокиржон Ҳакимов фикрича, сўнгги йилларда Тожикистон ҳукуматининг Хитой халқ республикаси билан муносабатлари ривожланиши ортидан Американинг бу мамлакатдаги роли заифлашган. Шуни эътиборга олган ҳолда, Социал-демократик партия вакили 2010 йилги парламент сайловларининг демократик ўтиши америкаликларга ҳам боғлиқ бўлмаса керак, дея мулоҳаза билдиради.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси вакили Ҳикматулло Сайфуллозода ҳам мамлакатда ўтказилган барча сайловлар - хоҳ у парламент сайлови бўлсин, хоҳ президентлик сайлови бўлсин - халқаро институтлар ва алоҳида хорижий мамлакатлар расмийлари сайловларнинг демократик ўтишини жиддийроқ кузатганларини эслай олмаслигини айтади.

- Тан олиш лозимки, хорижликлар фақат номигагина сайловларимизни кузатишган, гарчи уларда сайловларнинг демократик ўтишини таъминлаш учун имкониятлар бўлса-да. Лекин бугун америкалик элчи олдинда турган парламент сайловининг шаффоф ўтишига таъсир қилиш, Марказий сайлов комиссияси аъзоларига халқаро стандартлар бўйича машғулотлар ўтказишни ваъда берар экан, биз буни олқишлаймиз. Аммо, шуни ҳам айтиб қўяйки, Марказий сайлов комиссияси машғулотларда ҳар бир партиядан ҳам вакил қатнашиши зарур, акс ҳолда, бу тадбирлар кутилган натижалар бермайди, дейди Ҳикматулло Сайфуллозода.

Бошқа томондан, Тожикистон Ислом уйғониш партияси вакили тожик жамиятида сайловларнинг демократик, шаффоф ўтишини таъминлаш жуда қийинлигини таъкидлайди.

- Чунки, - дейди Ҳикматулло Сайфуллозода, - Тожикистонда барча сиёсий тадбирлар, хусусан, сайловларнинг қай тарзда ўтказилиши фақат Имомали Раҳмон истак ва иродасига боғлиқдир.
XS
SM
MD
LG