Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:03

Имомали Раҳмон Туркманбоши кўнглига қўл солди


Тожикистон президентининг Туркманистонга сафари доирасида икки давлатнинг ўзаро ҳамкорлиги борасида тўртта шартнома имзоланди.
Тожикистон президентининг Туркманистонга сафари доирасида икки давлатнинг ўзаро ҳамкорлиги борасида тўртта шартнома имзоланди.

9 октябр куни Молдава пойтахтида бошланган МДҲ саммитида қатнашишдан кўра Қурбонқули Бердимуҳаммедов билан учрашувни афзал билган тожик президенти Имомали Раҳмоннинг икки кунлик иш сафари давомида ҳамкорлик борасида тўртта шартнома имзоланди.

Улар иқтисодий, савдо ва илмий - техник ҳамкорликларга оид тожик-туркман давлатлараро комиссиясини тузиш борасидаги шартнома, икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари ҳамкорликларига доир протокол ҳамда бадан тарбия ва спорт соҳасида икки давлат ҳамкорлигига доир шартномадир.

Аммо Имомали Раҳмоннинг Туркманистонга сафари арафасида тожик расмийлари мамлакатга импорт қилинаётган туркман электр энергияси ҳажмининг оширилиши масаласида ҳам шартнома имзолаши кутилаётганини билдирган эдилар.

Тожикистонлик энергетиклар “Туркманлар билан юқори доираларда бу борада битим имзоланса жорий йил қиш мавсимида республикада электр муаммоси бутунлай ҳал бўлади”, деган умидда эдилар.

Айнан шундай умидда оддий аҳоли ҳам Имомали Раҳмоннинг Туркманистон президенти билан учрашувларини телевизор орқали қизиқиш билан кузатиб борди.

Бироқ кўпчилик кутганидек бўлмади. Тожикистон ва Туркманистон музокараларида электр энергиясига оид янги шартнома имзоланмади. Нега?

Бу саволимизни Тожикистон президент матбуот хизмати ходимлари очиқ қолдирдилар.

Тожикистон савдо ва иқтисодий тараққиёт собиқ вазири Давлат Усмонга кўра бунинг икки сабаб бор.

- Биринчидан - дейди собиқ вазир,- Туркманистон ўз электр энергиясини Тожикистонга узатиб бериш учун Ўзбекистон билан бир битимга келмай туриб, экспорт ҳажмини ошириш борасидаги шартномани имзолай олмайди.

Чунки ўтган йил Ўзбекистон электр тармоқларининг ишга яроқсизлигини рўкач қилганидан сўнг туркманлар Тожикистонга ажратилган электр энергиясини тўлалигича транзит қила олмай қолган эди.

Иккинчидан эса, Имомали Раҳмонни Туркманистонга еткалаган нарса бугун электр масаласидан ҳам муҳимроқ бўлиб турган Марказий Осиёдаги сув заҳираларидан фойдаланиш масаласидир.

Ўтган ҳафтада Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов: “Тожикистондан олинаётган сув эвазига Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон товон тўлаши керак”¸ деган ғояни илгари сурган эди. Имомали Раҳмон яна бир бор туркманистонлик ҳамкасбининг аниқ фикрини билиш мақсадида бу сафарини Кишинев саммитидан аҳамиятлироқ деб билди, - дейди Давлат Усмон.

Собиқ вазирга кўра, агар келгусида минтақа сувидан фойдаланиш атрофида Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасида бирор жиддий келишмовчилик юзага келгудек бўлса, у ҳолда Имомали Раҳмон ҳукумати учун Туркманистон томонининг позицияси жуда муҳим аҳамият касб этади.

Тожикистондаги мустақил таҳлилчилар икки давлат раҳбарлари музокараларида айни шу масала атрофида фикр алмашингани ва ҳатто бир битимга келишилган бўлиши ҳам мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Мустақил таҳлилчи Исмоил Рахматов минтақадаги сув заҳираларидан фойдаланиш муаммоси фақат икки давлат иштирокида кўрилиши ва ҳал этилиши асло мумкин эмаслигини айтади.

Унга кўра, бу масала Марказий Осиёнинг барча давлатлари раҳбарлари иштирокида кўрилиши зарур.

- Шуни ҳам айтиш лозимки, Бердимуҳаммедовнинг бу баёноти - унинг шахсий фикридир. Биргина таклиф ёки даъват билан минтақадаги сув жанжали ҳал бўлмайди.

Бунинг учун президентлар бир ерга йиғилиб, бу масалани ҳар томонлама таҳлил қилиб, муросага келишлари шарт. Албатта, Ўзбекистон ўзгача мустақил сиёсат олиб бормоқда. Аммо шунга қарамай бу масалани Ўзбекистонсиз кўриб чиқиш хато бўлар эди, - дея таъкидлайди Исмоил Рахматов.

Марказий Осиё давлатларини икки иттифоққа бўлган минтақа сув тақсимоти муаммоси бугунги кунда халқаро ҳамжамият диққат марказида қолаётир .

Европанинг айрим давлатлари бу муаммо ечимида воситачилик қилишга ҳозирликларини билдира бошлашди.

Жумладан, сешанба куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашган Швейцария Ташқи ишлар вазири Мишелин Калми Рей ўз мамлакати Марказий Осиёдаги бу қалтис муаммони ҳал этишга кўмаклашишига ваъда берди.

Бироқ мустақил таҳлилчи Исмоил Рахматов минтақадаги сув муаммосини ҳал этишда хорижий давлатлар ёки алоҳида ташкилотлар аралашуви самара бермаслигини айтади:

- Биз биламиз, дунёдаги йирик давлатлар ўртасида, жумладан, Ироқ ва Туркия, Лотин Америкаси, Швейцарияда ҳам айни масала атрофида тортишувлар мавжуд бўлган. Аммо улар БМТ ёки бегона давлатлар аралашувисиз ўз муаммоларини ўзаро ҳал қилиб олишди.

Ўйлайманки, Марказий Осиё давлатлари ҳам бу масалада воситачини ишга солиши шарт эмас. Аксинча бундай хулоса қилиш ишни яна ҳам чигаллаштиради. Улар фақат ўз геосиёсий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда бундай жанжалларга аралашишини ҳам эътибордан соқит қилмайлик, - дейди таҳлилчи Исмоил Рахматов.
XS
SM
MD
LG