Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:51

Қочқин юртига қайтарилиши мумкин


Абдурасул Мамараҳимов тақдирини ҳал қилиш ҳозирча қозоқ прокуратураси қўлида қолмоқда.
Абдурасул Мамараҳимов тақдирини ҳал қилиш ҳозирча қозоқ прокуратураси қўлида қолмоқда.

БМТ қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси Россиядан Қозоғистонга юборилган қирғиз қочқинининг юртига экстрадиция қилинмаслиги юзасидан Қозоғистон Бош прокуратураси билан музокара олиб бормоқда.

10 октябрдан 11 октябрга ўтар кечаси Россия Бош прокуратураси қирғиз қочқини Абдурасул Мамараҳимовни Қозоғистонга экстрадиция қилди.

Озодликка маълум бўлишича, 48 ёшли Абдурасул Мамараҳимов Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Новқат воқеаларида иштирок этганлик, хусусан, уюшган гуруҳ томонидан амалга оширилган миллий, ирқий ва диний адоват қўзғаганликда айбланиб, ўтган йили халқаро қидирувга берилганди.

Ҳозир Қозоғистоннинг Тараз шаҳридаги тергов ҳибсхонасида сақланаётгани айтилаётган қирғиз қочқини борасида маълум олиш мақсадида Тараздаги мазкур изолятор ходимлари билан боғландик.

- Абдурасул Мамараҳимов¸ чиндан ҳам¸ бизнинг изоляторда сақланмоқда. Уни бу ерга ўтган куни келтиришди. Қирғизистон соқчилари Қозоғистонга келишдан бир кун аввал бизни бу ҳақда огоҳлантиргандилар. Аммо ҳозирча улардан дарак бўлмади. Бош прокуратура ҳам бизга қирғиз қочқинини юртига қайтармаслик ҳақида топшириқ бергани йўқ. Шу боис, агар Қирғизистондан уни олиб кетишга келсалар, биз қочқинни уларга топширишга мажбур бўламиз, деди Тараз тергов ҳибсхонасининг махсус бўлимининг ўзини Динара деб таништирган ходимаси.

Аниқланишича, Россия Бош прокуратурасининг қирғиз қочқинини юртига бадарға қилиш қароридан сўнг Мамараҳимов ўзига қочқин мақоми берилишини сўраб, БМТ қочқинлар идорасининг Москва ваколатхонаси ва Федерал миграция хизматига мурожаат қилган.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилотининг хабар қилишича, Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ҳуқуқ ҳимоячиларининг қирғиз қочқинини хоҳишига қарши юртига қайтармаслик ҳақидаги мурожаатларини инобатга олмаган.

- Бу Россиянинг нафақат миллий қонунчилиги, балки ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни ҳам бажармаётганини англатади, деди “Мемориал” вакили Виталий Пономарев.

Шунингдек, Пономарев қирғизистонлик қочқин Омск шаҳридаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган пайтда Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари унга нисбатан жисмоний босим ўтказганларини ҳам маълум қилди.

- У телефон орқали намоз ўқимоқчи бўлгани ва соқолини олиб ташлашдан бош тортгани учун ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан дўппосланганини, сўнг яланғоч ҳолда совуқ ҳавода кўчада сақланганини айтиб берди. Улар Абдурасулни зўрлашларини айтиб қўрқитишган ва ўзига қарши ҳужжатларга қўл қўйдириб олишган, дея маълум қилди Виталий Пономарёв.

Айни пайтда¸ Новқат воқеаларидан сўнг бошланган суд маҳкамалари ва одамларни ноқонуний айбловлар асосида қамаётган қирғиз расмийлари ҳатти-ҳаракатини кузатиб бораётган қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳибсда сақланаётган Мамараҳимов ушбу воқеаларга алоқадорликда айбланиб, бегуноҳ қамалган кишиларнинг навбатдагиси бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқдалар.

- Новқат воқеаси 2008 йилнинг 1 октябрида, яъни Абдурасул Мамараҳимов Қирғизистонни тарк этганига бир неча ой ўтгач содир бўлди. У Россияга тирикчилик учун 2008 йилнинг февралида кетган. Бундан келиб чиқадики, Новқат воқеалари чоғида у Қирғизистонда бўлмаган. Мамараҳимов давлат чегарасини қачон кесиб ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам бор, дейди қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Абдурасул Мамараҳимовни диний қарашлари сабабли таъқиб қилмоқдалар.

- Бу одам Ҳизбут-Таҳрир аъзолари рўйхатига киритилганди, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Азиза Абдурасуловага кўра, Новқат воқеаларида иштирок этганликда айбланаётганлар рўйхати Қирғизистон махфий хизматлари ва Ички ишлар вазирлиги томонидан тузилган. Бу ишда, ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, қирғиз расмийлари Ўзбекистон ҳукуматининг диндорларни таъқиб қилиш сиёсатидан андоза олмоқда.

Айни пайтда қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам қирғиз қочқинининг тақдири юзасидан хавотир билдирмоқдалар. Қозоғистонлик ҳуқуқ фаоли Денис Живаго Мамараҳимов иши бўйича ҳуқуқ ҳимоячилари фаол ҳаракат қилаётганини айтади.

- Мен бу иш билан танишман, аммо ҳозирча изоҳ беролмайман. Чунки бу иш юзасидан ҳозир Бош прокуратура билан музокара олиб борилмоқда. Бу борада муайян қарор қабул қилинди, аммо уни сизга фақат душанба куни очиқлашим мумкин. Ҳозир Абдурасул Мамараҳимов тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Аммо БМТ нинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси қочқинни Қирғизистонга топширмаслик ҳақида Бош прокуратурага нота юборди, деди Денис Живаго.

2008 йилнинг 1 октябр куни Қирғизистон жанубидаги Новқат тумани марказига йиғилган диндорлар Рамазон ҳайитини шаҳар бош майдонида тантанали тарзда ўтказилишини талаб қилиб, намойишга чиққан эдилар. Бу намойиш тартибсизликка айланиб кетган ва туман ҳокимияти биноси тошбўрон қилинган эди. "Новқат воқеалари" деб ном олган бу ишда айбланмиш 32 киши узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилди.
XS
SM
MD
LG