Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:37

Карзай ва Абдуллоҳ муросага келадими?


Афғонистон президенти Ҳамид Карзай мамлакатда яна бир бор президентлик сайлови ўтказилишига йўл қўймаслигини айтмоқда.
Афғонистон президенти Ҳамид Карзай мамлакатда яна бир бор президентлик сайлови ўтказилишига йўл қўймаслигини айтмоқда.

Якшанба куни БМТ ҳомийлигидаги комиссиянинг Афғонистон президентлигига сайлов пайтида рўй берган қонунбузарликларга оид ўз хулосаларини эълон қилиши кутилмоқда.

Эълон қилинажак хулосалар дастлабки натижаларга кўра, 54 фоиз овоз олган Ҳамид Карзайни сайловнинг иккинчи босқичида қатнашишга рози бўлишига мажбур этиши мумкин.

БМТ ҳомийлигидаги Сайловларга оид шикоятлар бўйича комиссия 20 август кунги президент сайловида Ҳамид Карзай тўплаган овозлар миқдорини 50 фоизлик маррадан пастроққа тушириши мумкин.

Карзай ўзининг асосий рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳ билан яна юзма-юз келмаслиги учун 50 фоиздан кўпроқ овоз олиши керак эди.

Афғонистондаги сиёсий бўҳрон янада чуқурлашишининг олдини олиш ва мамлакатда барқарорликни ўрнатиш бўйича халқаро уринишларга путур етмаслиги учун жорий ҳафта охирида Франция ташқи ишлар вазири Бернар Кушнер ва АҚШ сенатори Жон Керри афғон сиёсатчиларини муросага чақириш мақсадида Кобулга борди.

Якшанба куни Карзай ва Абдуллоҳ билан алоҳида учрашувларни ўтказиб бўлгач, Кушнер икки рақиб сайловга оид мунозарани ҳал этиш учун “биргаликда ишлаши лозим”, дея баён қилди.

- Уларнинг иккаласи ҳам бирга ишлаш муҳимлиги ҳақида гапиришди. Бу жараён ҳукумат ичида бўладими ё бир гуруҳ ичидами, билмадим, лекин бундай сайловлардан кейин биргаликда ишлаш Афғонистон манфаатлари учун ўта зарурлиги аниқ, - деди Франция ташқи ишлар вазири.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун, Британия Бош вазири Гордон Браун ва АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонлар кейинги кунлар ичида икки асосий номзод билан телефонда суҳбатлашиб, сайловдан кейин юзага чиққан бўҳронга оид хавотирларини билдиришди.

Афғонистон қонунларига кўра, Сайловга оид шикоятлар бўйича комиссия ўз хулосаларини Мустақил сайлов комиссиясига тақдим қилади. Кейин бу хулосалар асосида сайловда кимга қанча овоз берилганига оид маълумотлар тўғриланиб, якуний натижалар эълон қилинади.

Мунозараларга сабаб бўлган дастлабки натижаларга кўра, Карзай 54 фоиз овоз олган, унинг рақиби Абдуллоҳ эса 28 фоиз овоз тўплай олгани айтилмоқда.

Агар шикоятлар комиссияси соҳталаштиришлар дастлабки натижаларга сезиларли таъсир қилмаганини эълон қилса, Карзай ғолиб деб эълон қилинади.

Лекин Карзай олган овозлар миқдори 50 фоиздан кам бўлгани эълон қилинса, у билан Абдуллоҳ ўртасида сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилиши лозим бўлади.

Карзай иккинчи босқичда қатнашиш нияти йўқлигини таъкидлаб, иккинчи сайловни кечиктириши ёки унга йўл қўймаслигини айтиб келмоқда.

Дипломатлар ва расмийлар ҳокимиятни тақсимлаш сценарийсини ҳам эҳтимолдан қочиргани йўқ ва Абдуллоҳ бунга оид музокараларга тайёрлигига ишора қилган.

Агар Мустақил сайлов комиссияси сайловнинг иккинчи босқичини ўтказишга қарор қилса, у икки ҳафта ичида ўтказилиши керак бўлади.

Агар бу муддат ичида овоз бериш ўтказилмаса сиёсий бўҳрон яна бир неча ойга чўзилиши мумкин, чунки қиш ойларида мамлакатнинг аксар минтақаларида йўллар ва довонларнинг ёпилиши сиёсий жараёнларни ҳам деярли фалаж қилиб қўяди.
XS
SM
MD
LG