Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:56

АҚШ жосуслари судланди


Италия судининг ҳукми АҚШ расмийлари ҳафсаласини пир қилди.
Италия судининг ҳукми АҚШ расмийлари ҳафсаласини пир қилди.

Италия суди АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ 23 ходимини 2003 йилда Ислом уламосини ўғирлаганликда айбдор деб топди ва уларни беш йилдан саккиз йилгача бўлган қамоқ муддатларига ҳукм қилди.

Суд ҳукми АҚШнинг собиқ президенти Жорж Буш даврида МРБнинг террорчиликда гумон қилинганларни сўроқ қилиш учун учинчи давлатларга топширишга оид дастури юзасидан чиқарилган жиддий қарор деб кўрилмоқда.

Италияда ўтказилган маҳкама 23 америкалик ва икки италян махфий агентларини 2003 йилда Миланда мисрлик Ислом уламосини ўғирлаб кетганликда айбдор, деб топди.

Суд ҳукмига кўра, айбланувчилар Абу Умар номи билан танилган Мустафо Усама Насрни Миланда ўғирлаб Мисрга топшириб юборган. Абу Умарнинг айтишича, Миср қамоғида уни қийноқларга солишган.

Ҳукм қилинган америкаликларнинг биттасидан ташқари барчаси собиқ МРБ агентлари экани айтилди.

Миландаги МРБ агентурасининг собиқ раҳбари Роберт Шелдон Лэдига саккиз йил, қолган 22 америкаликка беш йилдан қамоқ жазоси берилди. Суд ҳукми сиртдан чиқарилди.

Ҳукм қилинганлар моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун Абу Умарга бир ярим миллион, унинг хотинига эса 745 минг АҚШ доллари миқдорида товон пули тўлаши керак эди. Абу Умар ва хотинининг бунга оид аризаси Европа инсон ҳуқуқлари бўйича суди томонидан қондирилмаган эди.

Икки йил аввал бошланган суд Буш давридаги террорчиликда гумон қилинганларни сўроқ қилиш учун учинчи давлатларга топширишга оид “маҳбусларни алмашиш фавқулодда дастури” юзасидан ўтказилган биринчи маҳкама бўлди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, гумон қилинаётганлар уларни қийноққа солиш мумкин бўлган давлатларга топширилганлар.

АҚШ МРБси матбуот вакили Жорж Литтл Италия суди чиқарган ҳукмни изоҳсиз қолдирди.

Айни пайтда, АҚШ Давлат Департаменти матбуот вакили Иан Келли Қўшма Штатлар ҳукмдан “хафсаласи пир” бўлганини баён қилди.

- Италия ва Америка фуқароларини мисрлик уламо Абу Умар билан боғлиқ ишга алоқадорликда, айбдор деб топган ҳукмдан хафсаламиз пир бўлди. Судя ҳозирча бу хусусда ёзма билдирув эълон қилгани йўқ ва мазкур қарор юзасидан ортиқча изоҳ бера олмаймиз. Бундан ташқари, иш давом этаётгани ва ҳукм юзасидан аппеляция аризаси билан мурожаат қилиниши боис ишга боғлиқ бошқа тафсилотларни изоҳлай олмайман,-деди Иан Келли.

Келли бу ишга алоқадор, лекин дипломатик даҳлсизлиги туфайли оқланган уч америкаликка “дипломатик мавқе Давлат департаменти томонидан тақдим қилинганми?” деган саволни жавобсиз қолдирди.

Президент Барак Обама Оқ уйга келганидан кейин Қўшма Штатлар МРБнинг гумон қилинаётганларни сўроқ қилишда қийноқларга яқин усулларни қўллаш амалиётини тўхтатди ва ҳориждаги махфий қамоқхоналарни ёпди, лекин фавқулодда ҳолларда маҳбусларни алмашишга оид амалиётлар тўхтагани йўқ.

Айбдор деб топилган 23 америкаликнинг адвокатлари ҳукм юзасидан аппеляция аризаси билан мурожаат этишларини айтмоқдалар.

Ҳукм сиртдан чиқарилгани боис, Италия адлия тизими нуқтаи назаридан улар қидирувда бўлган шахслар ҳисобланади. Прокурор ҳукмга биноан Италия ҳукуматидан уларни халқаро қидирувга эълон қилишни сўрашини айтмоқда.

Силвио Берлускони ҳукумати ўтмишда бу каби илтимосномаларни рад қилиб келган.

Ҳюман райтс вотч ташкилотининг террорчилик дастурлари директори Жоан Маринер ҳукм “МРБнинг Европада содир этган жиноятлари ҳақида юборилган мужда бўлди”, дея таъкидлади.

2007 йилнинг декабрида Ҳюман райтс уотч билан суҳбатда Абу Умар Мисрда ўзига инсбатан қаттиқ қийноқлар қўлланганини гапириб берган эди.

- Тасаввур қилолмайсиз, мени сўйилган қўйдек осиб қўйишиб, электр токи билан қийнашган. Мени қаттиқ қийноқларга солишаётган пайтда, бошқа камераларда қийноққа солинаётганларнинг бақириқларини ҳам эшитиб турганман, - дея ҳикоя қилган эди ўз кечмишлари ҳақида Абу Умар.

У ҳозирда Мисрда яшайди, лекин судда қатнашиш учун унга мамлакатни тарк этишга рухсат берилмади.

Миландаги маҳкама Қўшма Штатлар билан Италия муносабатларининг газзакли нуқтасига айланди. Италия ҳукумати суд ишларида қатнашиш ва прокурорлар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди.

Суд ҳукми АҚШнинг маҳбусларни алмашиш дастури юзасидан чиқарилган жиддий қарор, деб кўрилмоқда ва келгусида ҳам шунга ўхшаш ишларнинг кўриб чиқлиши учун прецедент бўлиши мумкин.

Ҳюман райтс Вотч вакили Маринер: “АҚШ судларида ҳам МРБнинг маҳбусларни алмашиш дастурига доир ўнлаб ишлар кўриб чиқилиши мумкин эди, лекин афсус буни кўрмаяпмиз. Италия прокурорлари бунга оид фактларни синчковлик билан ўрганиб чиқиб, жиддий сиёсий тўғаноқларни енгиб, АҚШ прокурорлари ўрнак олиши керак бўлган ишни қилдилар”, дея таъкидлади
XS
SM
MD
LG