Линклар

Шошилинч хабар
07 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:51

16. Мочалка


Қоровулбегига: «Олой бозорига бораман», дедим-у, ўзим Эски шаҳарга йўл олдим.

Миллий академик театр рўпарасига етганимизда «ГАЗ-31»ни таққа тўхтатиб, йўл четида мижоз кутиб турган битта «Тико»га ўтириб: «Ҳайданг, сўраганингизни бераман!» дедим.

- Қаёққа ҳайдай, отахон?

- Хайкун, Қўйлиқ! дедим.

-Бажонидил, биродар. Гужо рафтем? деб сўради ҳайдовчи ички кўзгудан манга тикилиб.

-Пока Қўйлиқ меравем, потом посмотрим.

-Мебахшет, ту аслан аз гужо?

- Ман аслан аз шаҳри Шероз.

-А-а, ту эроний мардакмэ?

- Ман эроний мардак нест, ман туркаш.

- Понятно...

Адъютантимга кўз қисиб қўйдим. У ҳайдовчининг елкасига қўлини қўйиб:

- Бурилиш таъқиқланган чорраҳадан чапга бурилиб, «Дружба народов»дан ўнгга юриб Катта Ҳалқа йўлга чиқиб олсанг, биродари азиз, ўн доллар бераман!» деди.

- Локин манда долларга қайтим йўқ.

- Қайтим керак эмас, фақат орқамиздан келаётган «дум»дан узилиб кетсак бас.

Ҳайдовчи кўзгудан маъноли разм солиб:

- Нима бало, ман этилган жойда тиланчилик қилаётган эдиларингми? Изларингдан мелиса тушганми? деб сўради.

-Шунақароқ, дедим мужмал қилиб.

- Ундай бўлса, турк биродарим, яна ўн доллар қўшасиз! А то, ман правамдан айрилиб қолишни истамайман.

Адъютантим гапни кўпайтирмасдан қўйнидан йигирма доллар чиқариб узатди:

- Етадими?

- Ҳозирча етади, кейин яна кўрамиз.

Чорраҳада светофорнинг қизил чироқлари ёниб турган бўлса-да, «Тико» ғизиллаб ўтиб кетаверарди. Катта Ҳалқа йўлига чиқаётганимизда томига мигалка ўрнатилиб, ёнига «Милиция» деб ёзиб қўйилган «Нексия» олдида ГАИ ходимлари қаддини ғоз тутиб бизга чест бериб турганини кўрган ҳайдовчи ажабланиб орқасига ўгирилиб қараб қўйди.

- Чамаси, бирорта шишкани кутаётган бўлишса керак, дедим пинак бузмасдан.

-Ҳм-м... деди ҳайдовчи.

Қўйлиққа яқинлашиб машинани тўхтатдик ва апил-тапил тушиб оломон орасига ўзимизни урдик. «Деҳқон бозори»га Бектемир томондан кириб бордик. Кўтара савдо қилинадиган расталарни оралаб ўтдик. Не тонгким, ҳар қадамда таниш башаралар кўзга ташланиб турарди: ҳаммасининг қулоғига наушник тақилган, қўлларида антеннаси чиқариб қўйилган алоқа воситаси бор эди.

— Вой, сувка-ей, олдиндан эҳтиёт чорасини кўриб қўйган, шекилли, — дедим.

— Шунақага ўхшайди. Қоровулбеги агентларини экиб ташлабди-ку! — деб пичинг қилди адъютантим.

Энди конспирациядан ҳеч қандай фойда йўқ эди, ўзимизни эмин-эркин тутиб бозор айлана бошладик. Табличкага ёзиб қўйилган нарх-наволарни кўздан кечирдик. Ўтган йили Халқаро валюта фондидан вакиллар келиб бозор айланишганда ҳам сотувчиларга махсус табличкалар улашиб чиқилган эди. Гуручфурушлар ёнидан ўтаётиб, битта йигитга рўпара бўлдим.

— Жўра, кўтарасига қанчадан берасиз? — деб сўрадим.

— Қанча оласиз ўзи?

Оғзи очиқ қопдан бир ҳовуч гуруч олиб шопириб кўрдим.

— «Авангард»га «Аланга» аралашган экан. Арзонроқ қилиб берасизми?

— Дойи, қанча оласиз ўзи? — деди сотувчи бир оз асабийлашиб. — Бир тоннами, ўн тоннами?

— Юз тонна оламан.

— А-а! — деб оғзини каппа очди йигит. — Қўйсангиз-а, юз тонна биринч оладиган одам гадойнусха бўлиб юрмийди. У тескари қараб сигарет тутатди.

Нари кетдик.

Полиз экинларининг уруғлари намунага қўйиб қўйилган растани томоша қилишга киришдик. Қовун-тарвуз уруғлари орасида бир тўп тукли уруғни кўриб тўхтадим. Тавба, тарвуз уруғининг туки борлигини биринчи марта кўришим эди.

— Бу жунли тарвузнинг уруғими? Шакли қанақа бўлади? Узунчоқ тарвузнинг уруғи шунақа бўладими?

— Узунчоқ тарвузнинг жуни бўлмайди.

— Бу уруғнинг жуни бор-ку! — деб уч-тўрт дона уруғни кафтимга олиб кўзимга яқинлаштирдим. — Ё экилганидан кейин жуни тўкилиб кетадими?

Сотувчи мийиғида кулди.

— Жунини қириб, кейин экасиз, отахон! — деди ҳиринглаб.

Адъютантим кафтини оғзига босиб хахолаб юборди.

— Қилмаган ишим — тарвуз уруғининг жунини устарада қириб ўтириш қолган эди, раҳмат! — дедим кесатиб.

— Бу мочалканинг уруғи, отахон, — деб уруғфуруш тирсакларини растага тираб чакмон кўкрагига тикилиб қолди. — Қанақа орденингиз бор? — деб сўради.

— Қайдан билдингиз?

— Тешилган ўрни кўриниб турибди-ку! Манимча, Улуғ ватан урушида қатнашган отангиз орден олиб қайтган, бобой вафот этгандан сўнг сиз у кишининг чакмонини сандиқдан олиб кийиб чиққансиз, орденини уйда қолдиргансиз. Топдимми? — Тиржайиб башарамга тикилди.

— Ҳовва, — дедим. — Майлими, уч-тўрттасини синаб кўраман, — деб мочалка уруғини чакмоннинг ички чўнтагига солдим.

— Олинг, мандан сизга совға.

Уруғни боғимда ўсган бир туп тоғолча остига экиб қўйдим. Ҳозир дарахтга чирмашиб чиққан мочалка баланд шохларда ғуж-ғуж ҳосил қилган. Тўрттаси худди отнинг асбобига ўхшаб осилиб турибди.
XS
SM
MD
LG