Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:20

Сўғдлик аёл қўшмачиликда айбланди


Жиноят ишлари бўйича Истарафшан шаҳар суди сўғдлик Мавжуда Нақибовани одам савдоси билан шуғулланганликда айблаб, уч йилга озодликдан маҳрум этди.

Суд қўшни Қирғизистон ва Ўзбекистонда яшовчи қизларни алдов йўли билан Бирлашган Араб Амирлигига фоҳишаликка олиб борганликда айбланган 35 ёшли Мавжуда Нақибовага авф қўллаб, жазо муддатини учдан бирга қисқартирди.

Маҳкама жараёнига раислик қилган судя Исмон Ғиёевнинг Озодлик радиосига билдиришича, Мавжуда Нақибова Тожикистон ЖК 132-, 238-, 239-моддалари, яъни одамларни фаҳш ишларига жалб қилиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш каби моддалар асосида жавобгарликка тортилган.

Маълум бўлишича, Мавжуда Нақибова “иш билан таъминлайман, яхшигина пул оласизлар” деган ёлғон ваъдалар билан қўшни Ўзбекистон ва Қирғизистон республикаларида яшовчи қиз-жувонларни Бирлашган Араб амирлигига олиб боради. У ерда, судя Исмон Ғиёевга кўра, шу жиноят билан шуғулланаётган бошқа шахслар билан тил бириктириб, қиз-жувонларни фоҳишалик қилишга мажбур қилади.

Ҳакамнинг айтишича, фоҳишаликка мажбур қилинган қизлардан бири турли йуллар билан у ердан қочиб келган. Шундан кейин у Мавжуда Нақибованинг бу қилмиши ҳақида ички ишлар бўлимига ариза берган. Шу ариза асосида жиноят иши очилиб, тергов олиб борилган. Судя Ғиёев судланувчи Мавжуда Нақибова маҳкама жараёнида ўз айбига қисман иқрор бўлганини айтади.

Бироқ, Мавжуда Нақибованинг адвокати Аъзам Усмоновнинг сўзларига кўра, суд мажлисида унинг ҳимоясидаги шахс бу айбловларга иқрор бўлмаган.

- Унинг ўзи бу айбловларни рад этади. Мавжуда Нақибованинг айтишича, фоҳиша аёл унга туҳмат қилмоқда. Жабрланувчининг ўзи судда қатнашмади. Унинг қаерда эканлигини ҳам ҳеч ким билмайди. Одамларнинг гапларига қараганда, у ҳозир яна Бирлашган Араб Амирлигига кетиб, аввалги ишлари билан машғул бўлмоқда, дейди адвокат Аъзам Усмонов.

Адвокатнинг сўзларига кўра, унинг ҳимоясидаги шахс одам савдоси билан шуғулланмаган. Аксинча, Мавжуда Нақибова Араб мамлакатларига олиб борган аёллар мусулмончилик қонун-қоидалари мувофиқ равишда эрга чиққан.

Айни пайтда, кузатувчиларга кўра, минтақа давлатларида сўнгги йилларда фаҳш бизнеси тобора авжига чиқаётганини кузатиш мумкин. Таҳлилчиларнинг эътироф этишларича, аёлларнинг фоҳишалик кўчасига кириб кетишининг асосий сабабларидан бири иқтисодий манфаатдорлик, яъни моддий муаммоларини ҳал қилиш истагидир. Айни пайтда таҳлилчилар қиз-жувонларни фоҳишаликка жалб қилиш ишлари минтақадаги давлат мулозимларининг иштирокисиз амалга ошмаётганини ҳам қайд этадилар.

- Чунки бундай фаолиятни битта давлат миқёсида амалга ошириш мушкул. Одамни битта давлатдан иккинчи давлатга ўтказиш учун қанчадан-қанча чегара, божхона, милиция ва бошқа текширув постларидан ўтиш лозим. Демак, куч ишлатар тизимлар вакилларидан иборат мафиянинг ҳам қўли бор бунда, дейди таҳлилчи Мавлуда Шарипова.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, жорий йил давомида вилоят ҳудудида одам савдоси билан шуғулланган 15 шахс ушланган. Айни пайтда улар устида тергов давом этмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги уч йил давомида Бирлашган Араб амирликларида фоҳишаликка жалб қилинган 60 га яқин қиз-жувон қулликдан қутқарилган.
XS
SM
MD
LG