Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:56

Карзай вазирликка янги номзодларни кўрсатди


Афғонистон парламенти вазирликка номзодларни тасдиқлаш масаласини 14 январ куни овозга қўйиши мумкин.
Афғонистон парламенти вазирликка номзодларни тасдиқлаш масаласини 14 январ куни овозга қўйиши мумкин.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай янги ҳукумат таркибини иккинчи маротаба бугун парламентга тақдим қилди. Ўтган ҳафта Афғонистон парламенти янги ҳукумат таркибига президент Ҳамид Карзай томонидан тақдим қилинган 24 номзоддан 17 нафарини рад қилган эди.

9 январ куни президент Ҳамид Карзай иккинчи бор янги ҳукумат таркибини мамлакат парламентига тақдим қилди.

Маълум бўлишича, янги ҳукумат таркибига собиқ дала қўмондонлари ва Карзайга яқин бўлган шахслар киритилмаган ва янги рўйхат Ғарбни ҳам Карзайнинг мамлакат ичкарисидаги танқидчиларини ҳам қониқтириши мумкин.

2 январ куни Афғонистон парламенти депутатлари янги ҳукумат таркибига президент Ҳамид Карзай томонидан тақдим қилинган 24 номзоддан 17 нафарини рад қилган эди.

Хабарларга кўра, Ҳамид Карзайнинг янги рўйхатига парламент томонидан рад қилинган номзодларнинг биронтаси ҳам киритилмаган.

Иккинчи вице президент Карим Ҳалилийнинг билдиришича, бу галги ҳукумат таркибига 16 янги номзод киритилган ва Ҳамид Карзай ташқи ишлар вазири лавозимига миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Зелмаи Расул номзодини тавсия қилган.

Карзай, шунингдек, 2 январ куни депутатлар томонидан рад қилинган сув ва энергетика вазири Исмоил Хон ўрнига бошқа янги номзодни кўрсатмаган.

Бундан ташқари телекоммуникация вазири лавозими ҳам ҳозирча бўш қолмоқда.

Янги ҳукумат таркибини бугун парламентга тақдим қилган иккинчи вице президент Карим Ҳалилий ушбу икки лавозимга номзодлар яқин кунлар ичида эълон қилинажагини маълум қилди.

-Рухсатларинг билан телекоммуникация вазирлигига номзод бир неча кун ичида, эртага ёки индин кўрсатилади. Сув ва энергетика вазирлигига номзод ҳам яқин кунларда эълон қилинади,-деди Карим Ҳалилий.

Хабарларга кўра, янгидан тузилган рўйхатда уч аёл номзод ҳам бор.

Айни пайтда афғонистонлик сиёсий таҳлилчи Зиё Рафат янги ҳукумат таркибига киритилган номзодлардан аксари нотаниш эканини айтади.

-Биринчи тақдим қилинган ҳукумат таркибига Ҳамид Карзайга яқин бўлган ва президент сайловида уни қўллаб-қувватлаган анъанавий сиёсий партиялар вакилларидан иборат номзодлар киритилган эди. Янги рўйхатдаги номзодлар эса айрим сиёсий партияларга содиқ бўлиши мумкин, бироқ улар анъанавий партия вакиллари эмас,-дейди афғонистонлик таҳлилчи.

Афғонистон парламенти янги ҳукумат таркибини овозга қўйишдан олдин, ҳар бир номзод билан алоҳида савол-жавоб ўтказади.
Парламент спикери Муҳаммад Юнус Қанунийга кўра, депутатлар янги ҳукумат таркибини 14 январ куни овозга қўйиши мумкин.
XS
SM
MD
LG