Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:53

АҚШ Эронга янги санкция қўлламоқчи


Эронга нисбатан янги санкциялар жорий қилиш учун Клинтон хоним россия ва хитойлик ҳамкасблари қўлловини қозониши лозим.
Эронга нисбатан янги санкциялар жорий қилиш учун Клинтон хоним россия ва хитойлик ҳамкасблари қўлловини қозониши лозим.

АҚШ расмийлари Эрон ядровий дастури борасидаги музокаралар қатнашчиси бўлган беш давлат вакиллари билан ҳафта охирида учрашиб¸ Теҳрон ҳукуматининг БМТ Хавфсизлик кенгаши билан давом этаëтган зиддиятини муҳокама қилишга келишиб олди.

АҚШ расмийлари ҳафта сўнггида БМТ нинг Ню Йоркдаги бош қароргоҳида Британия¸ Франция¸ Россия¸ Хитой ва Германия намояндалари билан учрашиб¸ Эрон ядровий дастури борасида давом этаëтган тортишувга нисбатан ягона ëндашув ишлаб чиқишга уринадилар.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга кўра¸ Обама маъмурияти Эронни ўз ядровий дастуридан воз кечтиришнинг энг мақбул йўли мамлакат ҳукмрон элитаси манфаатларини нишонга олувчи санкциялар жорий қилиш¸ деган тўхтамга келган.

Олти давлат дипломатларининг Ню Йорк учрашувида айнан шу эҳтимолнинг атрофлича муҳокама этилиши кутилмоқда. Зотан Вашингтон ва унинг иттифоқчиларини Эроннинг уранни тўйинтириш дастурини босқичма-босқич ядровий қурол ишлаб чиқаришга имкон берувчи даражага олиб чиқиш имкони ташвишга солмоқда.

Шу пайтга қадар БМТ Хавфсизлик кенгаши айни шу хавотир асосида Эронга нисбатан уч марта санкция жорий қилган ва эндиликда АҚШ маъмурияти Франция ва Британия билан биргаликда Хавфсизлик кенгашининг уранни тўйинтириш жараëнларини тўхтатиш талабини рад этиб келаëтган Теҳронга нисбатан тўртинчи босқич санкциялар жорий этишни режаламоқда.

Аммо БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари¸ яъники кенгашнинг исталган қарорига вето қўйиш ҳаққига эга Россия ва Хитой¸ бундай режа самарасига шубҳа билдириб келмоқда.

Хусусан¸ Хавфсизлик кенгашига раислик қилиш навбатини олаëтган Пекин¸ Эронга нисбатан янги санкцияларга қарши чиқажагини билдирмоқда.

Ана шундай вазиятда¸ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия расмийларининг бўлажак учрашувида¸ Теҳронга нисбатан айнан қандай санкцияларнинг мазкур олти давлат учун мақбул бўлиши масаласи муҳокама этилади.

Душанба куни Тинч океан давлатлари бўйлаб 9 кунлик сафар бошлаган Клинтон хоним¸ Эрон халқи номидан қарор қабул қилувчи кичик гуруҳ манфаатларини нишонга оладиган санкциялар қўллаш¸ ҳозирги вазиятда энг тўғри йўл бўлажагини билдирди.

Ню Йорк учрашуви арафасида Вашингтон Давлат котибининг сиëсий масалалар бўйича ўринбосари Уилямс Бернсни Россия ва Европа иттифоқи етакчилари билан маслаҳатлашиш мақсадида Москва ва Мадридга йўллашга қарор қилди.

Давлат департаменти матбуот котиби Кроулига кўра¸ Бернс чоршанба ва пайшанба кунлари Москвада¸ жума куни эса¸ Мадридда сўзлашувлар ўтказади.

- Биз бу масалада Европа иттифоқи билан гапимиз бир жойдан чиқишини кутаяпмиз. Аммо айни пайтда¸ Эрон масаласида қатор давлатлар билан бораëтган сўзлашувларда биз арқонни узун ташлаганмиз. Бу жуда муҳим масала ва вақт жуда долзарб¸ деди департамент расмийси.

Ҳозирча АҚШ Давлат котиби¸ айнан қандай санкциялар муҳокамага қўйилгани ҳақда очиқ гапирмаган бўлса-да¸ унинг мамлакат сиëсий ва иқтисодий ҳаëтини назорат қилувчи тор гуруҳ деганда¸ Эрон Инқилоб посбонлари корпусини назарда тутаëтгани айтилмоқда. Зотан¸ Эрон ҳарбийларидан бўлак бўлган айнан шу қудратли ташкилот 1979 йили муллаларни ҳокимиятга келтирган ва кейинги 30 йил давомида уларни ҳимоя қилиб келаëтган гуруҳ ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG