Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:02

Қайроққум қўшнилар учун хавф манбаими?


Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги Қайроққум ГЭСида олтита агрегат тўла ишлай бошлади, бу эса сув омборида суғориш мавсуми учун сув йиғиш имконини йўққа чиқаради.

Жорий йил 14 январ куни Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашув чоғида Қайроққум ГЭСини таъмирлаш ва Сурҳоб дарёсида кичик ГЭС қурилиши лойиҳаларига 60 миллион АҚШ доллари ажратилишни билдирган эди.

Республика президенти маъмуриятидан олинган маълумотларга кўра, Тожикистон ва Европа Иттифоқи бу борада шартнома имзолаган. Шу боис республика “Барқи тожик” раҳбарияти Қайроққум ГЭСидаги олтита агрегатни тўлиқ ишга тушириш ҳақида кўрсатма берган. Бу Қайроққум сув омборидаги сув заҳираси тўпланмайди, деган гап.

- ГЭСдаги олтита агрегат тўла таъмирдан чиқарилган. 20 январгача эса тўрттаси ишга туширилган эди. Эндиликда олтита агрегат тўлиқ ишламоқда ва электр энергияси масаласида муаммо йўқ. Айни пайтда ёз мавсумидаги суғориш ишлари учун сув тўплашнинг иложи бўлмайди, деди Қайроққум шаҳри раиси Ражаббой Каримов.

Аснода тожик расмийлари “Тожикистон ва Қирғизистонда жойлашган ҳамда қурилиши мўлжалланган гидроиншоотлар қўшни давлатлар учун катта хавф туғдиради” қабилидаги иддаоларида асос йўқлигини, бу Қайроққум ГЭСига ҳам дахлдорлигини таъкидламоқдалар.

- Республика Энергетика вазирлиги ва “Барқи тожик” давлат корхонаси томонидан кўп бўлмаса-да, маблағ ажратилди. Бу маблаққа қисман таъмирлаш ишлари ўтказилди. Шу боис қўшниларимиз ҳеч ҳам хавотир бўлишмасин. Зеро, гидроиншоотдаги вазият яхши ва бирор-бир ҳодиса рўй бериш эҳтимоли йўқ, деди Қайроққум мэри.

Бироқ таҳлилчи ва мутахассислар ўтган қиш мавсумида Қайроққум ГЭСида рўй берган авария яна такрорланиши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йил январ ойида Қайроққум ГЭСининг пастки қисмини (турбиналар машина залини) сув босган. Оқибатда генераторлар ишдан чиқиб, вилоят аҳолиси бир ҳафта давомида бутунлай чироқсиз қолганди.

- Тўғри, ҳар йили (ГЭСда таъмирлаш ишлари учун – таҳр. изоҳи) маблағ ажритилмоқда. Лекин ГЭС агрегатлари белгиланганидан икки баравар кўп муддат ишлатилаяпти. “Эскини ямасанг, эсинг кетади” деганларидек, бу таъмирлаш ишлари билан ГЭС тўлиқ янги бўлмайди-ку. Айтмоқчиманки, ҳар йили маълум миқдорда маблағ сарфлаш амалиётини тугатиб, гидроиншоотдаги ускуналар тўла қайта янгиланиши керак. Агар шундай қилинмаса, худо кўрсатмасин, гидроиншоотда авария содир бўлса, биринчи навбатда, Тожикистон катта зарар кўради. Табиийки, қўшниларга ҳам зарар етказилади, дейди Файзулло Авазов.

Мутахассисларнинг айтишларича, Қайроққум ГЭСи эллик йилдан ортиқ вақт давомида бирор марта ҳам капитал таъмирдан чиқарилмаган.

- Биринчи навбатда, барча турбиналарини алмаштириш керак. Гидроиншоотнинг усти ва ён атрофида жиддий таъмирлаш ишларини амалга ошириш вақти аллақачон етган. Сув омбори қирғоқларига ўрнатилган тўсиқлар таъмирталаб бўлиб қолган. Авваллари қўшни республикалар тўғон ва қирғоқларни таъмирлаш ишларига кўмаклашарди. Бунинг эвазига Тожикистон сув омборидаги заҳираларни тўплар эди. Бироқ сўнгги йилларда хусусан Ўзбекистон томони бу ишларда умуман қатнашмай қўйди.Боз устига, Ўзбекистон томони ягона энерготизимдан чиқди, дейди гидротехник Ҳалим Ҳожиев.

Унинг айтишича, сув омбори қирғоқлари ва тўғон ён атрофи йилдан-йилга нураб бормоқда. Бу эса ҳозирча сув омборидаги сувнинг қирғоқдан чиқиб кетишига сабаб бўлаяпти, холос. Оқибатда сув омбори яқинида жойлашган қишлоқларни сув босмоқда. Агар таъмирлаш ишлари амалга оширилмаса, ҳалокатли фожеа рўй бериш эҳтимоли катта. Шунинг учун, гидротехник Ҳалим Ҳожиев фикрича, қўшни давлатлар қурғоқчилик ҳақида ўйламай, илгаригидек тўғон ва қирғоқларни таъмирлаш ишларига кўмаклашишлари лозим, чунки Тожикистоннинг ўзи таъмирлаш ишларини амалга оширишга қурби етмайди.

Ҳисоб-китобларга кўра, Қайроққум ГЭС таъмирининг ўзига 150 миллион доллар зарур бўлади. Европа Иттифоқи ажратаётган 60 миллион долларнинг бир қисмигина бу ишларга сарфланиши эътиборга олинса, бу маблағнинг урвоқ ҳам бўлмаслигини англаш қийин эмас.
XS
SM
MD
LG