Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:31

БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Кай Эйде билан интервью


Кай Эйде: "Мақсадимиз минтақадаги можарони тугатиш"
Кай Эйде: "Мақсадимиз минтақадаги можарони тугатиш"

Лондонда ўтказилган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда қатнашган БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Озодлик радиосига интервью берди. Лавозим муддати тугаётган Кай Эйде билан Озодлик радиоси мухбири Абубакр Сиддиқ суҳбатлашди.

Озодлик: Бу конференция Афғонистон бўйича янги ваъдаларнинг эълон қилиши бўлдими ё халқаро ҳамжамиятнинг афғон халқига мамлакатни тез орада тарк этишига оид муждамиди?

Кай Эйде: Йўқ, менимча бу халқаро ҳамжамият Афғонистон бўйича ўз зиммасига олаётган янги мажбуриятларнинг эълон қилиши бўлди, лекин бу мажбуриятлар аввалгиларидан фарқ қилади. Менимча, бу мажбариятлар моҳияти биз, яъни халқаро ҳамжамият Афғонистон расмийлари, ҳукумати ва афғон халқининг ўз келажаги учун масъулиятни ўз қўлига олишини истаймиз, деган муждадан иборат. Буни полиция ва армиянинг салоҳиятига оид янги рақамларнинг тавсия қилинишида кўриш мумкин. Лекин айни пайтда бу жараёнлар фуқаровий институтларни шакллантириш ва иқтисодий ривожланиш соҳаларида ҳам олиб борилишини истаймиз.

Бугун халқаро ҳамжамият томонидан ишлаб чиқилаётган ўн минглаб лойиҳалар маълум муддат ўтиб молиявий ёрдам миқдори камайганидан кейин Афғонистон ҳукумати бу лойиҳалар барқарорлигини таъминлай олмаслиги вазиятига тушиб қолишни истамаймиз. Шунинг учун қисқа муддатли лойиҳаларнинг ўрнига Афғонистон ҳукумати имкониятлари ва самаралилигини ошириш, узоқ-муддатли ривожланиш ва институтларни шакллантиришга қаратилган стратегияни амалга ошира бошлашимиз лозим. Бунинг учун Афғонистоннинг иқтисодий барқарорлигини таъминлай оладиган механизмларни ишлаб чиқиш мақсадида мамлакатнинг ўзида мавжуд бўлган иқтисодий ресурсларни ишга солмоғимиз даркор.

Озодлик: Халқаро ҳамжамиятда Афғонистон масаласидан чарчаганлик ҳисси пайдо бўлаяпти, деб ҳисоблайсизми?

Кай Эйде: Менимча, бир нарсани очиқ тан олишимиз керакки, Ғарбдаги жамоатчилик фикрида, айниқса ўтган йили, Афғонистондаги ҳаракатларни давом эттиришга оид шубҳа ва саволлар пайдо бўлди. Ўйлашимча, бу Афғонистон ҳукумати учун биз олдимизга қўйган мақсадларга уйғун бўлган вазифаларни бажаришга қатъиятлилигини кўрсатиш лозимлигига оид ишоратдир. Ва бугун Афғонистон расмийлари ният қилган режалар халқаро ҳамжамият томонидан мамнуният билан қабул қилинмоқда, деб ўйлайман ва бу ҳолат халқаро жамоатчиликни Афғонистонда узоқ муддатли ҳаракатлар амалга оширилиши лозим, деган ғояга ишонтиришига умид қиламан. Лекин бу мажбуриятлар Афғонистон ҳукуматига кўпроқ масъулият ва имкониятлар берила бошлашидан иборат бўлиши лозим.

Озодлик: Афғонистон кўпинча Толибон етакчилари истеҳкомлари Покистон ҳудудида жойлашгани ҳақида гапиради. Сизнинг фикрингизча, расмий Исломободнинг бу истеҳкомларни йўқ қилиш нияти борми?

Кай Эйде: Авваламбор кейинги бир-бир ярим йил мобайнида Исломобод ва Кобул ўртасидаги муносабатлар ўзгараётгани муҳимлигини қайд этишимиз лозим. Бундан икки йил аввал кузатилган вазиятдан фарқли ўлароқ, икки томон ўртасида сиёсий мулоқот даражаси анча юқоридир. Бу эса жуда катта ижобий ўзгаришдир ва асосий мақсадимиз минтақадаги можарони тугатиш бўладиган бўлса Афғонистон ва Покистон биргаликда иш олиб бориши шарт эканини ҳаммамиз биламиз. Бу мақсадга эришиш учун бутун минтақа давлатлари ҳаракат қилиши лозим ва Афғонистон билан Покистон бу жараённинг асосий ўйинчиларидир.

Озодлик: Лондон конференциясида Эроннинг қатнашмаганини қандай изоҳлайсиз?

Кай Эйде: Эрон бу анжуманда қатнашса яхши бўлар эди. Менимча, Эрон минтақадаги жараёнларда муҳим ўрин тутадиган мамлакатдир ва унинг иштироки жуда муҳим аҳамиятга эга бўларди.
XS
SM
MD
LG