Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:55

Феруза Жуманиëзова учун эфир эшиклари ëпилди


"Таниш қўшиқлар" саҳифасининг бугунги сонини таниқли ашулачи Феруза Жуманиëзова ижро қилган “Бегим” қўшиғига бағишладик.

"Бегим" қўшиғининг тарихи билан қизиқиб Феруза Жуманиëзованинг уйига қўнғироқ қилганимизда¸ гўшакни кўтарган Ферузанинг онаси Зуҳра опа маъюс бир янгиликни айтиб қолди.

Зуҳра опа: Мана икки йилдан бери ўтирибмиз. Ҳаммаси Худодан. Ҳеч кимдан кўрмаймиз буни. Биров ундай қилди¸ биров бундай қилди¸ деб айтмаймиз. Ўтир деганда ўтирамиз¸ тур деганда турамиз.

Озодлик: Нима бўлди? Концерт фаолиятини тўхтатиб қўйишдими?

Зуҳра опа: Билмайман. Просто ҳеч нарсани билмаймиз. Ўтирибмиз. Лицензиямиз бор қўлимизда.

Озодлик: Эфирга чиқишга рухсат йўқми?

Зуҳра опа: Йўқ.

Озодлик: Рақобатми¸ нима бу ўзи?

- Билмайман. Сўрамадим ҳам¸ қизиқмадим ҳам. “Нима учун бунақа қилиб қўйибсизлар?” деб ҳам сўрамадим. Ўзлари билади. Феруза унақа санъаткор эмас. Феруза фақат меҳнат қилади¸ дейди Зуҳра опа.

Зуҳра опанинг айтишича¸ Феруза Жуманиëзова мана икки йилдирки норасмий тақиқ остида ўтирибди. Феруза ўз устози ва онаси Зуҳра опа билан етаклашиб телевидениега борганида¸ “Сизларни эфирга беришга тақиқ бор” деган гапни эшитади.

Зуҳра опа: Мана ўтирибмиз. Яна меҳнат қилиб турибмиз¸ яна ишлаб турибмиз. Клиплар¸ ашулалар тўхтасин дейишди¸ тўхтадик. Кел дейишса¸ борамиз.

Озодлик: Сизга ким тўхта деб айтди?

- Билмайман¸ шу тўхтатиб қўйишибдику. Телевидениега борсак ҳам “Қўйилиши мумкин эмас” дейишади. “Бўпти” деймиз¸ дейди Зуҳра опа.

“Феруза Жуманиëзовани ким тақиқлади¸ нега тақиқлади?” каби саволларга аниқ-тиниқ жавоб ола олмадик.

- Биз билмаймиз лекин. Бу саволларни Маданият вазирлигига¸ Ўзбекнавога беринг. Бизлар ҳеч нарсани билмаймиз. Бизлар фақат ижодимизни қилиб ўтирибмиз¸ дейди Зуҳра опа.

Мен қўшиқ бўлгани келдим дунëга

“Мен Феруза Жуманиëзова ҳақида илк бора Мозори Шариф томонларда яшайдиган ўзбеклардан эшитган эдим. 2003 йилда Берлиндаги анжуманга ташриф буюрган ўзбекларнинг аксарияти Феруза Жуманиëзованинг мухлислари эди. Феруза Жуманиëзова Хоразмда туғилиб шуҳрати Эрону Туронга ëйилган соҳибжамол ашулачи” дейди Нурилла деган мовий кўзлик шибирғонлик олим.

- Қўшиқчини одамларга танитишда медианинг роли¸ аҳамияти жуда катта бўлади. Мана шу нарсада “Ойна ТВ” жуда катта рол ўйнаган. Санъаткорни нима машҳур қилади? Уни ўз ҳудудидан нима олиб чиқади? Буни медиа олиб чиқади. Ойна ТВ Ферузанинг қўшиқларини¸ клипларини кўпроқ қўйган. Одамлар уни эшитган¸ дейди шиғирбонлик олим Нурилла.

Феруза Жуманиëзова гармон чалиб Хоразм халпа қўшиқларини айтадиган Зуҳра халпанинг қизи.

Қуш уясида кўрганини қилади. Қўшиқчи бўламан¸ деди Феруза. Али Ҳамроев суратга олган “Ëр-ëр” филми қаҳрамони Зулфия қўшиқчи бўлиш ўрнига қурилишда ишлашни маъқул кўрган бўлса¸ Зуҳра опанинг қизи қўшиқчи бўлишни астойдил истади.

- Урганчда ўсган қиз. Санъатга қизиқди. Медучилишеда ўқиб юрган вақтида “Мен санъаткор бўламан. Ашула айтаман. Тошкентга Юлдузнинг ëнига олиб боринг” деб туриб олди¸ дейди Зуҳра опа.

Санъатнинг талх нонини еган¸ санъат деган йўлнинг оғирлигини билган Зуҳра опа қизини олдига солиб улуғ санъаткорлардан фотиҳа олди. Ўтган санъаткорлар хотирасига қўй сўйиб дуои хайр қилдирди.

- Ҳамма санъаткорлардан фотиҳа олганман. Устоз санъаткорларни кўрган пайтда фотиҳа олишга борасизку. Коммуна Исмоилованинг¸ Олмахон Ҳайитованинг ëнига борганмиз фотиҳа беринг деб. Юлдуз Усмонованинг ëнига борганмиз фотиҳа беринг деб. Шерали Жўраевдан фотиҳа олганмиз. Ҳамма артистлардан фотиҳа олганман. У ўргатсин¸ ўргатмасин барибир устоз санъаткор. Ўтиб кетган санъаткорларнинг ҳам устига бориб¸ фотиҳа олганман. Отажон Худойшукуров¸ Комилжон Отаниëзовларнинг устига бориб қўй сўйдириб фотиҳа олганман¸ дейди Зуҳра опа.

Айни пайтда Зуҳра опа ўз қизининг устозлардан сабоқ олмай туриб саҳнага сапчиганини айтади.

- Феруза ўзи ўрганиб ўзи чиққанку. Худонинг бергани. Телевизорга қараб ҳам¸ бошқага қараб ҳам айтмайди. Мусиқа шунақами тушиб кетаверади. Масалан Комилжон акаларнинг¸ бошқаларнинг мусиқалари бўлса¸ ўзига қараб бу ëқда тайëрлаб бошқача қилиб чиқариб айтаверади. Санъат туғма бўлади биласиз. Агар у туғма бўлса¸ унга ўргатишнинг ҳеч кераги йўқ¸ дейди Зуҳра опа.

Шундай санъаткорлар бўлади уларнинг саҳнадаги ҳаëти билинар билинмас кечади. Бир кўриниб бир кўринмай ғира-шира бўлиб юришади. “Аммо Феруза Жуманиëзова ўзбек поп мусиқаси осмонида юлдуз бўлиб чарақлади” десам¸ шибирғонлик Нурилла “Йўқ¸ у осмонда чақмоқ¸ йилдирим бўлиб чақнади” деб муболаға қилади.

Бегим белбоғингиз бойлаб қўëйин

Ферузанинг онаси Зуҳра халпа халқ термаларини айтар эди. Гармон мусиқаси ҳам халқники. Зуҳра опа совет даврида Хоразм лапарларини Францияга бориб айтган гўянда.

Аммо замонавий қўшиқ айтиш учун бастакор ва шоир лозим¸ деб билган Зуҳра опа қизини олдига солиб таниқли бастакор Анор аканинг ëнига маслаҳатга борди. Анор ака "Мен нечун севаман Ўзбекистонни" деган қўшиқ муаллифи.

Зуҳра опа: Қўшиқ тўғрисида биринчи бўлиб “Битта қўшиқ қилиб беринг” деб Анор Назаровнинг ëнига борганмиз. У Ферузага “Ватан” деган қўшиқни қилиб берган. Кейин Маҳмуд Тоировни кўрсатган. “Шунақа бир шоир бор Паркентда. Агар шуни топсангизлар¸ Ферузага яхши шеър ëзиб беради. Ким билан ишлашларингизни айтади” деди. Кейин биз ўша “Бегим” деган қўшиқнинг шеърини олиш учун Паркентга Маҳмуд Тоировнинг ëнига борганмиз. Уни излаб-излаб ишхонасидан топганмиз. У бизга “Бегим” қўшиғининг шеърини бериб¸ “Феруза¸ мана шу шеърнинг устида ишланглар” деган. “Акром Ибодуллаев билан ишланглар. Шу ишлаб билади буни” деб айтган.

Озодлик: Тушунишимча¸ шоирни Анор Назаров тавсия қилаяпти.

Зуҳра опа: Ҳа.

Озодлик: Бу қўшиқ яратилишида Анор Назаровнинг иштироки борми?

- У бизга фақат “Мана шу паркентлик Маҳмуд яхши шеър ëзади. У Ферузага ëзиб беради. Агар шеъри бўлса¸ олинглар. Бориб шу одам билан гаплашинглар” деган. Шу билан кейин биз Паркентга қараб кетганмиз¸ дейди Зуҳра опа.

Шу тариқа "Бегим" деган қўшиқ дунëга келди.

17 яшар соҳибжамол тарафидан туëқлари тиллодан тулпорга минган йигитга қарата айтилган "Бегим белбоғингиз бойлаб қўëйин" деб янграган сатрлар тезда ўз мухлисларини топди.

Зуҳра опа: Қўшиқнинг машҳур бўлишини билмаганмиз. Хоразмдан келиб биринчи марта айтаëтганда қийналадику. Жуда қийналган. Йиғлаб тушган шу қўшиққа. Хоразмдан келиб дарров водийча айтиш қийинку.

Озодлик: Қўшиқнинг машҳур бўлишининг сир-синоати нима?

Зуҳра опа: Бу қўшиқда миллийлик¸ қизларимизнинг ибоси¸ ҳаëси кўрсатилган. Кийимларда¸ сўзларда¸ ашулада маъно бор.

Озодлик: Аëллар ҳақида миллий қўшиқлар кўп¸ лекин кўпчилиги машҳур бўлиб кетмайди. Таниш бўлиб¸ одамларнинг қулоғида сақланиб қолмайди. Шундай қўшиқлар бўладики¸ улар қулоғимизга кириб қолади¸ одамлар хиргойи қилиб юради.

- "Бегим" қўшиғини кўпчилик хиргойи қилиб юради. Кўпчилик шу қўшиқни айтиб беринг деб сўрайди. Ëлғиз аëллар ҳақида қўшиқлари бор¸ дейди Зуҳра опа.

Амига амига такиеро такиеро

Обид Асомов ҳазиллари Ўзбекистонда машҳурлик барометри сифатида кўрилади. Обид шу пайтгача Юлдуз Усмонова ҳамда Ғуломжон Ëқубовларни пародия қилган. Яқинда у Феруза Жуманиëзованинг испан тилидаги Амига Амига (Дугоналар бормисиз) қўшиғини ҳазил қилиб қолди.

“Қўшиқ ижрочиси Феруза Жуманиëзова билан суҳбатлашишнинг иложи борми?” деб сўрасак¸ Зуҳра опа “Қизимни саҳнадан мосуво қилганлари учун кайфияти йўқ” деб жавоб берди.

Зуҳра опа: Феруза тиши оғриб ëтиб қолди. У ҳозир унақа кайфиятда эмас. Ҳозир сиз “Бир ашула хиргойи қилиб берсин. Мухлисларини табрикласин” деяпсиз. Бунга кайфият керакку. Озгина кайфияти бўлса¸ ашула хиргойи қилиб мухлисларини табриклайди. Ҳозир тиши оғриб ëтибди.

Озодлик: Эртага ҳам оғрийдими тиши?

- Балки эртага оғримас¸ дейди Зуҳра опа.

Санъаткор номидан продюсер ëки матбуот котиблари гапириши бу шоу юлдузлари оламида бор гап. Масалан Бенси деган рассом ҳеч қачон матбуотга гапирмайди¸ уни номидан гапиришади холос.

Эшиттиришимизда Феруза Жуманиëзова бевосита иштирок қилмади¸ аммо у ўз қўшиқлари билан билвосита биз билан ва сиз билан.
XS
SM
MD
LG