Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:07

Врачларнинг хорижга чиқиши чекланди


Ўзбекистонда аҳоли саломатлигига оид ахборот ҳам давлат сири категориясига қўшилган кўринади.
Ўзбекистонда аҳоли саломатлигига оид ахборот ҳам давлат сири категориясига қўшилган кўринади.

Ўзбекистондаги тиббий муассасалар раҳбарлари бундан кейин иш юзасидан ёхуд шахсий мақсадларда хорижга чиқадиган бўлса, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири розилигини олишлари¸ қайтгач эса сафар ҳақида ҳисобот беришлари шарт бўлади.

Ўзбекистонлик шифокорларнинг ҳаракат эркинлигини чекловчи фармойиш вазирликнинг расмий интернет сайтида эълон қилинмаган бўлса-да, Ўзбекистондаги Экспертлар ишчи гуруҳи мазкур ҳужжат асосида мамлакат вилоятларидан биридаги соғлиқни сақлаш бошқармаси эълон қилган фармойишни қўлга киритиб, уни эълон қилди.

178 –сонли фармойиш талабларига кўра, халқаро конференцияда қатнашиш учун хорижга кетаётган ходим вазир номига ариза бериши, нима мақсадда кетаётганини тасдиқловчи ҳужжат ва анжуманда маъруза қиладиган бўлса, унинг нусхасини топшириши керак.

Хорижга хизмат сафарига чиқиб келгач эса, уч кун муддатда вазирликнинг ташқи иқтисодий фаолияти координацияси департаменти бошлиғи Абдунўмон Сиддиқовга ҳисобот топшириши шарт. Акс ҳолда бу ходимга нисбатан қатъий чоралар кўрилади ва қайта хорижга хизмат сафарига чиқарилмайди.

Энг қизиғи, тиббий ходимлар ўз таътиллари давомида хорижга дам олгани борадиган бўлсалар ҳам, бу ҳақда департамент бошлиғи Сиддиқовни хабардор қилиб қўйишлари талаб қилинади фармойишда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мутасаддиси Озодлик радиоси билан суҳбатда фармойиш ҳақиқатан қабул қилингани ва унинг мақсадлари ҳақида гапириб берди.

Вазирликнинг 178-фармойиши
Озодлик: 15 февралда чиққан 178 - қарор ҳақида сўраш учун телефон қилаëтган эдим. Тиббий муассаса раҳбарларининг хорижга чиқиши¸ халқаро конференцияларда иштирок этиши учун ....

- Фармойиш.

Озодлик: Шунақа фармойиш чиққан-а?

- Ҳа.

Озодлик: Нима мақсадда чиқди энди бу?

- Ака¸ бучи бу¸ мақсад чет элга чиқишни тартибга солиш учун чиқарилган.

Озодлик: У турпоездка бўйича таътил пайтида чиқса ҳам ҳисобот бериши керакми?

- Ўзи ўша одам ким? Чиқадиган одам ким?

Озодлик: Айтайлик¸ вилоят шифохонасининг бош врачи таътил пайтида Карлови Варига дам олгани бормоқчи бўлса.

- Ўша ерда айтиб кетилган. Ўша одам нимасини айтиши керак. Вазирликни хабардор қилиши керак.

Озодлик: Таътил пайтида ҳам бу ҳақда хабардор қилиши керакми?

- Ҳа¸ ҳа. Ўша фармойишда айтиб қўйилган.

Озодлик: Иш пайтида тартибга солишни тушунса бўлади. Лекин таътил пайтида ҳам шахсий сафари ҳақида хабардор қилиши шартми?

- Ака¸ мана шучи¸ шахсий нима пайтида чиқиб анча-мунча нотўғри ишлар бўлган.

Озодлик: Масалан қанақа ишлар бўлган?

- Борган ва ўзига керак бўлмаган нарсалар билан шуғулланган. Ахборот берган ҳар хил оғзидан чиқиб¸ бошқа¸ бошқа. Ўша маънода. Шунинг учун ҳозир айтилган. Кейин ҳар хил ташкилотларнинг ҳисобидан бориб келган бизларга айтмасдан. У ташкилотларнинг бу ерда фаолият олиб бориши мумкин эмас. Мана шу тарафларнинг олдини олиш учун¸ ўша одамларни ҳимоя қилиш учун раҳбарлар...

Озодлик: Кейин кўпчилик тиббий кадрлар чет элга кетиб қолаяпти. Шунинг олдини олиш учун мақсад қилинган бўлса керакда.

- Ҳа¸ ҳа. Шуни тартибга солиш учун қилинган бу, дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиси.

Ўзбекистонда чиқиш визаси ҳали ҳам бекор қилинмагани инобатга олинса, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 178 – фармойиши ўзбек шифокорларининг конституцияга кўра, мамлакатдан чиқиш ва кириш ҳуқуқларидан фойдаланишга қўшимча тўсиқларни яратадиган бўлди.

Афтидан, Ўзбекистон расмийлари кейинги пайтларда мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ҳақида хориж матбуотида пайдо бўлаётган хабарларга жавобан ана шундай чора кўришга қарор қилган.

Хусусан, ўзбек аёлларининг мажбуран бичиб қўйилаётгани, Наманганда 150 нафарга яқин ёш болага ОИТВ вирусининг юқтирилгани, малакали тиббий кадрларнинг хорижга чиқиб кетаётгани ва бошқа кўплаб муаммоларга оид хабарлар сўнгги пайтларда хориж матбуоти ва интернетда тез-тез пайдо бўлмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддисининг айтганлари ҳам бу фикрларни тасдиқлайди.

Ўзбекистонлик тиббиёт фанлари доктори¸ профессор Суҳбат Абдулла гапиради.

- Гап шундаки¸ жуда кўп врачларнинг¸ мутахассисларнинг ўзларининг кетиб қолиш ҳолатлари кузатилаяпти Ўзбекистондан. Мана шу нарса анча-мунча давраларни ҳушëр торттирадиган ҳолатга ундаган бўлиши керак. Врачлар бу куч ишлатувчи органлар¸ разведка ëки шунга ўхшаган нималарнинг ходимлари эмас. Врач бу оддий врач. Ундан ғайриоддий ҳеч нарсани кутиб бўлмайди. Ундан китобий гапларни кута оласиз ëки врачлик дориасига сиғмайдиган бир-икки гаплар бўлган бўлса¸ шунинг тафсилотларини била олиши мумкин. Бошқа ҳеч нарса кутиб бўлмайди. Ҳалигидай гаплар ҳам бўлаяпти сезилган бўлса керак. Бичиб қўйишлар¸ туғишни чеклаш¸ у-бу деган гаплар бўлган бўлса¸ шуни айтади деб шу мақсадда қилинган ҳам бўлиши мумкин¸ дейди Суҳбат Абдулла.

Лекин ойни этак билан ёпиб бўлмайди, деганларидек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўз муаммоларини бундай чоралар билан хаспўшлашга уриниши беъмани ҳаракатдир, деб қўшимча қилади профессор Абдулла.

- Гап шундаки¸ агар ҳарбий нарсаларни ҳисобга олмаганда инсоннинг оғзидан чиқадиган гап ҳозирги техника ривожи даражасида жуда хавфли гаплар эмас ëки янги гаплар эмас. Интернет тармоғи¸ сунъий йўлдошлар нима гап бўлса айтиб¸ кўрсатиб турадиган замонда яшаëтганда врачлардан ғайриоддий гапнинг ўзини кутиш¸ шулардан чиқади¸ деган гапни айтишнинг ўзи кулгили. Уни баҳона қилиб¸ врачларнинг ҳуқуқини чеклашнинг ўзи бундай қараганда ақлга унчалик тўғри келадиган иш эмас¸ дейди профессор Суҳбат Абдулла.
XS
SM
MD
LG