Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:41

Эрон ўз уранини Туркияга юборадиган бўлди


Янги келишув Эроннинг янги БМТ санкцияларига чап беришига имкон беради.
Янги келишув Эроннинг янги БМТ санкцияларига чап беришига имкон беради.

Эрон ҳукумати Бразилия ва Туркия воситачилигида ўтказилган музокаралардан сўнг ўз ихтиёридаги кам тўйинтирилган уранни қайта ишлаш учун хорижга юборишга розилик берди.

Бразилия ва Туркия етакчиларининг Теҳронда олиб борган музокараларидан сўнг Эрон ҳукумати ўз уранини қайта ёнилғига айлантириш учун хорижга юборишга рози бўлди.

Шартнома имзолангандан сўнг гапирган Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод¸ БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси ва Германияни ядровий дастур борасида янгидан музокаралар бошлашга чақирди.

Жаҳоннинг қудратли давлатлари ўз ядровий дастуридан воз кечишни истамаётган Теҳронга нисбатан тўртинчи давра жазо чораларини қўллаш масаласини муҳокама қилиб келмоқда.

17 май куни Теҳронда имзоланган шартномага мувофиқ¸ Эрон ихтиёрида бўлган кам тўйинтирилган уран қайта ишлаш учун Туркияга юборилади. Туркия эса¸ тиббиёт соҳасидаги тадқиқотлар учун мўлжалланган 120 кг ядровий ёнилғини Эронга етказиб беради.

Қудратли давлатларнинг ҳам ушбу келишувни маъқуллаганидан сўнг бир ой ўтиб уранни айрибошлаш жараёнига старт берилади ва ядровий ёнилғи бир йил ичида Эронга етказиб берилади.

- Эрон Ислом жумҳурияти 1200 кг кам тўйинтирилган уранни Туркияга юборишга рози бўлди. Кам тўйинтирилган уран Туркия ҳудудида сақланар экан¸ у Эрон мулки ҳисобланади. Теҳрон¸ шунингдек Атом энергияси халқаро агентлиги ураннинг Туркияда сақланиш жараёнини назорат қилиш учун у ерга ўз кузатувчилари юборишлари мумкин, деди Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Мутаққий Теҳронда бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида.

Мутаққий сўзларига кўра, расмий Анқара бир ҳафта давомида мазкур шартнома хусусида БМТ қошидаги Атом энергияси халқаро агентлигига ўз ҳисоботини етказади.

- Вена гуруҳи - АҚШ, Россия, Франция ва Атом энергияси халқаро агентлиги ижобий жавоб бергандан сўнг, келишувга оид қўшимча маълумот ёзма равишда очиқланади, деди Эрон Ташқи ишлар вазири.

Теҳрондаги шартнома Бразилия президенти Луис Инасио Лула да Силва, Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг имзоланди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлмаган Туркия ва Бразилия БМТ томонидан ўз ядровий дастуридан воз кечишни истамаётган Теҳронга нисбатан санкциялар қўлланилишига қарши чиқиб келаётган эди.

Ғарб давлатлари расмий Теҳронни ўз дастури ёрдамида ядровий қуролга эгалик қилишга уринаётганликда айблаб келмоқда. Эрон, ўз навбатида бу иддаоларни инкор қилиб ядровий дастур фақат тинчлик мақсадлари учун йўналтирилганини билдирган.

Айни пайтда Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли шартнома имзлангач, Теҳронга нисбатан қўшимча жазо чораларини қўллашга ҳожат қолмаганини айтади.

-Биз учун, фикримча, янги санкциялар ёки жазо чораларига ҳожат йўқ. Музокаралар бошлаш фурсати келди, ҳужжатда қайд этилгандек Эрон Атом энегияси халқаро агентлигига хат йўллайди. Венадаги агентликнинг тез ва ижобий тарзда жавоб қайтаришига умид қилиб қоламиз,-деди Аҳмад Довутўғли.

Бироқ Теҳронда имзоланган шартноманинг қудратли давлатларга маъқул тушиш ёки тушмаслиги ҳозир номаълумлигича қолмоқда.

Эрон вакиллари шартнома имзолангандан сўнг расмий Теҳрон ўз уранини 20 фоизга бойитиш ишларини давом эттиражагини билдирдилар. Айнан шу масала Ғарб давлатларининг жиддий хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Атом энергияси халқаро агентлиги ва расмий Вашингтон ҳозирча Теҳронда имзоланган шартнома борасида сукут сақламоқдалар. Франция ва Германия расмийлари эса келишувга оид қўшимча маълумотни қўлга киритиш истагида эканликларини билдирдилар.

Европа иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон, ўз навбатида, шартнома имзоланишини “тўғри йўналишда ташланган қадам”, дея атаб, айни пайтда янги келишувнинг Эрон ядровий дастури борасида билдирилаётган барча хавотирларга жавоб бермаслигини алоҳида таъқидлади.
XS
SM
MD
LG