Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:42

Обама халқаро ҳамкорлик кенгайиши тарафдори


22 май куни West Point ҳарбий академияси битирувчилари олдида қилган чиқиш қилган президент Обама АҚШ халқаро майдонда якка ўзи ҳаракат қила олмаслигини айтиб, халқаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш чақириғи билан чиқди.

АҚШ президенти Барак Обаманинг ҳарбий академия кадетлари олдида қилган чиқиши чоғида янграган баёноти келаси ҳафта эълон қилиниши кутилаётган миллий хавфсизлик стратегиясининг бир қисми ўлароқ баҳоланмоқда.

АҚШнинг ҳар бир президенти миллий хавфсизлик стратегиясини очиқлаши лозим ва кўпгина кузатувчилар Обама нутқи миллий хавфсизлик борасидаги АҚШнинг аввалги президенти Жорж Буш белгилаган сиёсатидан ортга чекиниш бўлганини айтмоқдалар.

Жорж Буш ўз миллий хавфсизлик стратегиясини 2002 йилда очиқлаган ва унда АҚШ миллий манфаатлари биринчи ўринга қўйилган эди.

Жорж Буш доктринасидан ортга чекинганлигига ишора қилган Обама дунё етакчиларини ҳамжиҳатликка чақирди.

- Ушбу асрнинг юки биргина аскарларимиз елкасига тушмаслиги лозим. Бу юк, шунингдек, биргина АҚШ зиммасига юклатилмаслиги даркор. Бизнинг душманларимиз АҚШ ўз кучини ортиқча ишлатиб, заифлашиб қолишини истамоқдалар, деди Барак Обама.

Оқ уй раҳбари ўз чиқишида Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари амалга ошираётган ишларни олқишлаб, “жорий йил кузда бир у ердаги ҳарбий миссиямизни ниҳоясига етказаётганимиздан мамнунман”, дея қўшимча қилди.

Обама ҳарбий академияда қилган чиқишида Афғонистондаги миссияга ҳам тўхталиб ўтди. АҚШ президенти Афғонистондаги можаро “шаҳар ва фуқароларимиз экстремистлар ҳужумига учрагани туфайли бошланган” дея таъкидлаб, зўравонликлар шу кунгача давом этаётганлиги туфайли ҳарбий амалиётлар ҳануз олиб борилаётганини қўшимча қилди.

АҚШ президенти, шунингдек, халқаро ҳамжамият билан бирга ишлаш мушкул иш экани, бироқ Афғонистонда муваффақиятга эришишнинг ягона йўлларидан бири давлатлар ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорлик эканини билдирди.

- Биздаги халқаро тизим нуқсонларини аниқ кўриб турибмиз. Лекин Америка халқаро ҳамкорликдан чиқиш орқали муваффақиятга эришмаган. Биз бу ҳамкорликни озодлик ва адолат сари йўналтиришдан муваффақиятга эришганмиз. Шунинг учун давлатлар ўз мажбуриятларини бажарганда равнақ топади, ушбу мажбуриятларни эътиборсиз қолдирганда эса улар муваффақиятсизликка учрайдилар, деди Оқ уй раҳбари.

Обама ҳарбий академия битирувчилари олдида қилган чиқишида АҚШ жамияти тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаётган, жумладан, қўшинлар сафида хизмат қилаётган америкалик мусулмонларни ҳам тилга олиб ўтди.

- Экстремистлар Америка ва Ислом ўртасида уруш бўлишини истамоқдалар, бироқ мусулмонлар, жумладан, АҚШ миллий армияси сафида хизмат қилаётган мусулмонлар воқелигимизнинг бир қисмидир, деди Барак Обама.

Миллий хавфсизликка оид АҚШ президенти стратегиясининг келаси ҳафта ошкор қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG