Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:27

Эркин микрофон - Ҳокиму ҳакамдан чора борми?


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

9 июн куни сим қоққан ўзбекистонликлар мамлакатдаги ҳокимлар бедодлиги¸ ҳуқуқ ва адлия тизими¸ айниқса ҳакамларнинг порахўрлиги ҳақида арз қилишди.



Камбағалнинг ўғрилардан қолган молига ҳам ўғри тушди


Чоршанба куни Андижон вилояти¸ Марҳамат туманидан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз ўзини туман Кўзи ожизлар жамияти вакили, дея таништирди. Унинг айтишича, 420 га яқин аъзоси бор бу жамиятга тегишли бино тортиб олинмоқда.

- Биз Андижон вилояти¸ Марҳамат туманидан телефон қилаяпмиз. Мен кўз бўйича биринчи гуруҳ ногирониман. Телефон қилишдан мақсадимиз шундай бир ноҳақлик бўлаяптики¸ бизда Марҳамат туман Кўзи ожизлар жамияти бор. Бу жамиятда 420 та кўзи ожиз аъзоларимиз бор. Биз уларга моддий¸ маънавий¸ ҳар томонлама ëрдам берамиз. Телефон қилишдан мақсад шуки¸ битта биномиз бор. Стратегик жойда жойлашган бино. У Марҳамат туманининг марказида жойлашган. Шу бинони Мирзаакрамов Абдуғаффор ака “мен сотиб олдим” деб қалбаки ҳужжатлар қилиб шу ерни ҳам сотиб олиб бизга бугун “Чиқиб кетинглар” деб пожарний олиб келибди¸ Тез ëрдам олиб келибди¸ участка нозири¸ маҳалла комитети¸ ҳаммасини чақириб келиб “Чиқиб кетинглар” деб бизга қаттиқ тазйиқ ўтказди.

“Биз чиқиб кетмаймиз. Сенинг ҳаққинг йўқ. Бу ерни сотиб олмагансан. Сотиб олганлигинг тўғрисидаги ҳужжатларингни кўрсат” деб шовқин қилиб талаб қилдик. У ҳужжатларини кўрсатмади¸ биз чиқиб кетмадик. Иложи бўлса¸ бизга ëрдам берсанглар. Биз Сайëра Рашидовага¸ республика телевидениесига¸ республика прокуратурасига¸ президентга ëздик. Жавоб хатлари келди. Яна шу ҳокимиятга келибди. Ҳоким ўринбосари билан Мирзаакрамов Абдуғаффор ака қалбаки документлар қилиб жавоб хати ëзишиб “Бўлди¸ биз тегишли чораларни кўрдик. Ҳаммаси яхши” деган хатни Сайëра Рашидовга жўнатиб юборишибди. Бу хат бизга келгани йўқ. Ўзи бизга келиши келиши керак эди.

Абдуғаффорнинг орқасида туман ҳокимининг қурилиш бўйича муовини турибди. Мирзаакрамов Абдуғаффор акнинг қўли билан шу бинони қўлга киритмоқчи. Ўзи шунинг орқасида турибди. Қалбаки документлар қилган. Биз прокуратурага айтдик. Тегишли чора кўришмаяпти. Юзаки ўрганишяпти. Фойдаси бўлмаяпти. Документлар қилиб мен сотиб олдим¸ деб иккита одам талашаяпти. Сотиб олса¸ битта одам сотиб олиши керак. Бири қидирувда бўлган ҳоким номидан қарор чиқариб олган¸ Абдуғаффор ака Андижон вилояти кадастр бўлимидан тасдиқлатиб олган. Меники-меники қилиб талашаяпти. Судда қатнашдик. Хўжалик суди бизни гапиртирмади¸ дейди Андижон вилояти¸ Марҳамат туманидан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз.


Ҳокимлар бедодлигидан дод...

Жиззах вилоятидан қўнғироқ қилган навбатдаги суҳбатдошимиз тилга олган муаммо ҳам¸ яна ҳақсизлик¸ адолатсизлик билан боғлиқ. Кўп йиллардан бери фермерлик билан шуғулланган бу одам Ғаллаорол туман ҳокими ўз ерини тортиб қўйгани оқибатида катта зарар кўрганини айтади.

- Мен Жиззах вилояти¸ Ғаллаорол тумани¸ Қирчоқсув ширкат хўжалигида Салим фермер хўжалиги бор. Фермер хўжаликни 1993 йилдан бери чорвачилик бўйича юритиб келяпман. Лекин 2006 йилга келиб булар менинг еримни ноқонуний тортиб олди. Уч йилдан бери ариза бермаган¸ бормаган идорам қолмади. Ҳокимнинг олдига кириб 10 марталаб хат бераманки¸ хатимга ëлғон жавоб беради. Президентни ҳам алдаяпти¸ Вазирлар Маҳкамасини ҳам алдайди. Еримни тортиб олиб туриб¸ сотиб юборди. Ер сотиш авжига чиқиб кетди Ғаллаорол туманида.

Озодлик: Ким тортиб олди ерингизни?

- Туман ҳокими Эшонқулов деган одам. “Планни бажармади” деб судга бериб¸ суднинг қарорини чиқартириб тортиб олиб аллакимларга сотиб юборди. Шу оралиқда 18 та қорамолим¸ олтита йилқим ем етишмаганлиги сабабли ўлди. Жуда катта иқтисодий зарар кўрдим. Ҳокимга бир неча марта мурожаат қилдим. Ҳокимга ëздим. Олдига кирдим. “Районнинг эгаси менман. Қаерга борсанг боравер” деб турибди. Хатни бераман¸ унинг ҳаммаси туман ҳокимига келади. Бирортасига тўғри жавоб бермайди. Ëлғон жавоб беради. Мен давлатга ҳам ғалла топширганман¸ ҳам чорвачилик маҳсулотини тўлиқ бажариб келганман¸ дейди Жиззах вилоятидан қўнғироқ қилган собиқ фермер.


Судлар порахўр...

Сурхондарё вилояти¸ Шеробод туманидан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз ҳам хусусий тадбирокорлик билан шуғулланган. Туман расмийларининг ноқонуний ҳаракатлари боис оиламиз 85 миллион сўм зарар кўрди, дея арз қилди Эргаш ака Имомов.

- Биз Сурхондарë вилояти¸ Шеробод тумани Сариққамиш қишлоқ фуқаролар йиғинидан сизларни безовта қилаяпмиз. Озодлик радиоэшиттиришига бизнинг бир дардимиз бор эди. 2002 йилдан бошлаб ўзимнинг тасарруфимдаги болаликдан ногирон ўғлим Баҳром хусусий корхонасидан фойдаланиш учун беш корпусдан иборат бўлган бинони Владимир Қодиров деган колхоздан сотиб олдик. Бир гуруҳ тажовузкор Азлаëр Чориев бошчилигидаги гуруҳ бизнинг сотиб олган биномизни қасддан бузиб¸ талон-тарож қилиб юбордилар. Бу билан бизга 42¸5 миллион сўм¸ ана шу биномизнинг қиймати¸ ўзимизнинг яъни Имомов Эргашнинг бор мол-мулкини сотиб жамлаб корхона ҳисобига ўтказилган 42¸5 миллион сўм пул¸ 2000 йил қиймати билан айтяпман¸ мана шу нарсага жами бўлиб 85 миллион сўмга куяяпмиз.

Шеробод туманлараро фуқаролик судига мурожаат қилдик. Кўр-кўрона булардан ўзларининг ҳақларини яъни порасини олиб¸ таниш-билишчилик¸ ошна-оғайнигарчилик¸ лўнда айтганда порахўрлик асосида ëпди. Кейин Сурхондарë вилояти фуқаролик суди раиси Хўжамурод Тоғаевга кассация шикояти асосида мурожаат қилдик. Яна ўзларининг ҳақларини олиб таниш-билишчилик асосида буни ҳам ëпди. Мана назорат тартибидаги ариза асосида Олий судга мурожаат қилдик. Лекин дом-дараксиз пул билан ҳаммасини ëпаяпти. Пул¸ пора ëки таниш-билишчилик Ўзбекистонда ҳукм сураяпти. Шундан биз норозимиз¸ дейди Сурхондарё вилояти¸ Шеробод туманидан қўнғироқ қилган суҳбатдош.


Сурхонда бир литр бензин 3000 сўмга чиқди

Сурхондарёдан қўнғироқ қилган яна бир суҳбатдошимиз вилоят туманларида ёқилғи нархи ноқонуний тарзда оширилаётгани ва бундан вилоят расмийлари фойда кўраётганидан гап очди.

- Сурхондарë вилоятида ëқилғи мойлаш материаллари асосан фуқаролар фойдаланадиган бензин 1500 сўмга чиқиб кетди. Президент атрофида айланиб юрадиган мутасаддилар шуни қонуний жойига қўя олмаса¸ нима қилади у ерда овора бўлиб ҳамма халқни алдаб ишлаб юриб?

Озодлик: Нимани нима қилаяпти? Нимага эътирозингиз бор?

- Мана учинчи ой кетаяпти 1050 сўм бўлган бензин 1500 сўмдан сотилаяпти. Фақат тунда. Кечаси соат 12.00 дан кейин пора бериш йўллари билан олиб келиниб соат 01.00 дан 03.00 гача сотилади.

Озодлик: Қаерда бўлаяпти бу гап?

- Ҳамма ерда. Фақат Сурхондарë вилояти¸ Термиз шаҳрида 1100 дан сотилади. Қолган туманларда 1500 сўмдан. Бу порахўрлик¸ шундай иллат¸ шундай ифлослик билан шундай ишлар бўлаяпти. Қўлда бензин 3000 сўм¸ колонкадан оламан десангиз йўқ. Соат кечки 12.00 дан кейин туман бўйича бир ëки икки жойда чиқади. Шундан хабар топиб қолсангиз¸ 1500 сўмдан пожалуйста¸ дейди сурхондарëлик навбатдаги суҳбатдош.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG