Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:45

"Қирғизистонда армиянинг қўли борлиги тахмин қилинмоқда"


Ўш мэри вазият барқарорлашди¸ деб иддао қилиб турган 17 июн куни шаҳардаги ўзбеклар зўравонликлар қайталашидан чўчиб ўз кўчаларига баррикадалар қурмоқда.
Ўш мэри вазият барқарорлашди¸ деб иддао қилиб турган 17 июн куни шаҳардаги ўзбеклар зўравонликлар қайталашидан чўчиб ўз кўчаларига баррикадалар қурмоқда.

АҚШ нинг нуфузли The New York Times газетасида босилган мақола шундай номланади. Бевосита Ўшдан¸ юзлаб ўшликлар ҳикоясини тинглаб¸ ўз кўзи билан кўрган даҳшатларни сарҳисоб қилган Ғарб мухбири шаҳардаги ўзбеклар қирғинида қирғиз ҳарбийларининг қўли борлигини айтмоқда.

(Мақоланинг қисқартирилган таржимаси)

"Икки тарафига қирғиз армияси формасини кийганлар осилиб олган БТР шовқин солиб ўзбек маҳалласига киришни бошлаган маҳал¸ бу ердаги ўзбеклар¸ хайрият¸ тинчлик ўрнатувчилар ниҳоят етиб келишди¸ деб енгил нафас олишди.

Аммо бу формалилар оëғи ерга тегар-тегмас¸ ўзбекларга қарши ҳайқириқлар билан улар уйлари олдида турганларни автоматдан ота бошлади¸ деб ҳикоя қилади Шайид-тепа маҳалласининг ўнлаб фуқаролари чоршанба кунги суҳбатларда. Бу одамлар ўз ҳаëтларида кечирганлари энг катта даҳшат – ўз ватани армияси бўлиб кўринганлар ҳужуми остида қолган онларини ҳикоя қилиб бердилар. Уларнинг айтишича¸ ҳарбий формадаги ҳужумчилар одамларни ўлдириб¸ яна қанчасини ярадор қилиб¸ уйларга ўт қўйиб кетган.

Ҳарбийлар бизни ҳимоя қилишга келди¸ деб ишонган эдик. Аммо улар бунинг ўрнига бизни ўлдиришга келди¸ дейди 48 яшар Аваз Абдуқодиров.

Абдуқодиров ва бошқа ўзбеклар шанба кунги кечирилган бир даҳшат хотираси уларни бир умр таъқиб этажагини айтадилар – улар ортда ëнаëтган уйларини қолдириб¸ жон сақлаш учун қочаëтган бир пайтда¸ ҳарбий форма кийганлар қаҳқаҳа отиб¸ кўчаларда рақсга тушган.

Қирғизистон жанубида ўтган пайшанба тунида бошланган миллий низо оқибатида ҳафта охирининг ўзидаëқ юзлаб одам ўлдирилди ва бугун кўпчиликни бу зўравонликлар стихияли тарзда бошландими¸ деган савол ўйлантирмоқда.

Шайид-тепагилар¸ қолаверса бошқа кўплаб гувоҳлар ҳикояси бу зўравонликнинг уюштирилгани ва уларда қирғиз ҳукумати ва ҳарбийларининг жиноий элементлари ҳам иштирок этгани ҳақидаги тахминларга қудратли далил бўлади. Қирғиз армиясининг ҳатто кичик бир қисмининг бу зўравонликларда қатнашгани ҳам Қирғизистон муваққат ҳукумати мамлакатда назорат ўрната олмаëтгани аломатидир.

Шайид-тепа воқеа якка бир ҳодисага ўхшамаëтир. Чоршанба куни Ўзбекистон чегараси яқинида ўшлик ўзбек қочқинлари учун бошпанага айланган масжидда тўпланганлар ҳам ўз маҳаллаларида қирғиз армияси формасини кийганларнинг БТРларда келиб айни шундай ҳужум уюштирганини айтиб беришди.

Масжиддаги қочқинларга тиббий ëрдам кўрсатаëтган 37 яшар врач Холиса Абдураззоқова ўз маҳалласидагилар зўравонликлар бошланганидан сўнг катта кўча бошига харсанг тошлар қўйиб ҳимояланиб турган бир пайтда¸ қирғиз армияси танклари етиб келгани ва ўз ортидан келган БТРлардагига йўл очиб берганини айтади. Кейингилар эса¸ яна ўзбекларни отиб¸ улр уйларига ўт қўйиб чиқиб кетган.

Бу ҳукуматнинг бизга қарши уюштирган даҳшатли ҳужумидир¸ дейди доктор Абдураззоқова.

Гувоҳлар ҳикояларидан ўзбекларнинг Ўш ва унинг атрофидаги қишлоқлардаги ўз уйларига қайтишга қайтаришнинг ниҳоятда қийин бўлишини кўрсатмоқда. Аксар ўзбеклар ҳозирги ҳукуматни ўз душмани сифатида кўрмоқда ва расмийларнинг барқарорлик ўрнатилди¸ деган гапларига заҳарханда кулгу билан муносабат кўрсатмоқдалар.

Муваққат ҳукумат бу зўравонликлар бошланганидан бери апрел ойида ҳокимиятдан ағдарилган Қурмонбек Бакиевни айбламоқда ва уни вазиятни беқарорлаштириш орқали ҳокимиятга қайтишга йўл очаëтганликда айбламоқда.

Беларусда қочқинликда юрган Бакиев бу айбловни инкоқ қилмоқда. Аммо Қирғизистон жанубидан бўлган Бакиевнинг минтақадаги ҳукумат ва ҳарбий маъмурлар билан яқин алоқаларда экани айтилади.

Ўтган кунлардаги зўравонликлар давомида юзлаб ўзбеклар ўлдирилиши баробарида 100 мингдан кўпроқ ўзбек ўз уйини ташлаб¸ Ўзбекистон чегараси томон қочишга мажбур бўлди. Ўзбеклар Қирғизистон аҳолисининг 15 фоизини ташкил этсада¸ Ўш аҳолисининг аксари айнан ўзбеклардир. Қирғизистонда миллий озчилик деб аталса-да¸ ўзбекларнинг умумиятла қирғизлардан кўра яхшироқ яшаши¸ низога етаклаган омиллардан бири бўлиши мумкин¸ деган фикрда айрим сиëсий экспертлар.

Ўта асабий бир ҳолатдаги ўзбек ëшлари ўз маҳаллалари бошига баррикада қуриб¸ эртаю кеч қўриқчилик қилишмоқда. Улар қирғизларнинг ўзларига яқинлашишига деярли йўл қўйишмаëтир¸ ҳиссиëтлар қайнаб турган бир пайтда¸ унча-мунча қирғизнинг бу томонга келишга юраги бетламайди ҳам. Зўравонлик кўлами кичрайгани билан Ўш ҳамон миллий секторга ажралган қамалдаги шаҳарга ўхшайди.

Зўравонликлар учун бакиевчиларни айблашдан тўхтамаëтган муваққат ҳукумат қирғиз армиясининг қирғинда иштирок этганини инкор қилишга уринмоқда.

- Бу гаплар фақат миш-миш. Бу кенг кўламли дезинформация кампаниясининг бир қисмидир¸ дейди Ўш милицияси бошлиғи Ўмурбек Суваналиев.

Унга кўра¸ ўзбекларнинг қирғиз расмийларига ишонмаслиги¸ терговчилар билан гаплашишни истамаслиги боис¸ зўравонликка ким маъсул эканини аниқлаш қийин.

Биз вазиятни янада алангалатмаслик учун ўзбек маҳаллаларга ҳозир бормаймиз ҳам¸ дейди қирғиз расмийси.

Аммо Ўш ўзбеклари етакчиси Жалол Салоҳиддинов ҳарбийларнинг қизрғинга аралашганига оид далиллар ўзбекларнинг Ўшга халқаро тинчлик ўрнатиш кучлари киритиш ва халқаро текширув ўтказиш талабини қувватлашини айтади.

- Бу ерда нималар бўлганини дунë билиши лозим¸ дейди Салоҳиддинов." (Мақола таржимаси тугади)

Бишкекдаги муваққат ҳукумат Қирғизистон жанубидаги қирғиннинг асл ҳақиқатини яширишга уринаëтган бир кезда¸ халқаро оммавий ахборот воситалари бу қирғиннинг асосан ўзбекларга қаратилгани ҳақида бонг урмоқда. Халқаро матбуотда¸ "ўзбекларга қарши геноцид"¸ "ўзбекларга қарши миллий тозалаш" каби иборалар тобора кўпроқ сарлаҳва чиқмоқда¸ кўпроқ такрорланмоқда.

CNN, Guardian, BBC каби халқаро телеканал ва нашрлар Қирғизистон жанубидаги реал вазият акс этган видеолавҳаларни жаҳонга кўрсатмоқда.
XS
SM
MD
LG